Ўзбекистон банклари 2022 йилда қарийб 10 трлн. сўм соф фойда олди

20.01.2023 12:38

6 023

Timer  png5 дақиқада ўқилади
2022 йил якунларига кўра Ўзбекистон банклари 2021 йилга нисбатан 6 трлн. кўп соф фойда олган.

Фото: Исмоил Туропов / Bankers.uz

Оператив маълумотларга кўра 2022 йил якунига кўра, Ўзбекистонда фаолият юритаётган 31 та банкнинг жами соф фойдаси 9 трлн. 993,4 млрд. сўмни ташкил қилган. Учта банк - TBC Bank (-116,1 млрд. сўм), Ўзагроэкспортбанк (-18,5 млрд. сўм) ва Равнақ банк (-8,5 млрд. сўм) йилни молиявий зарар билан якунлаган. (Фаолияти зарар билан якунланган банкларни ҳисобга олмаганда, қолган банкларнинг жами соф фойдаси 10 трлн. 136 млрд. сўмдан ортиқ бўлган.)

Соф фойда кўрсаткичи бўйича етакчи 10 та банкнинг 5 таси (Ўзмиллийбанк, Ипотека банк, Агробанк, Ўзсаноатқурилишбанк ва Қишлоқ қурилиш банк) давлат улуши устувор бўлган банклар, қолган 5 таси эса (Капиталбанк, Hamkorbank, Трастбанк, Ипак Йўли банки ва Ориент Финанс банк) хусусий ва бошқа банклардир.

Соф фойда кўрсаткичи бўйича энг катта кўрсаткич Ўзмиллийбанкда қайд этилган бўлиб, банк соф фойдаси 2021 йилга нисбатан 1 трлн. 426 млрд. сўмга ошган ва 2022 йил якунига кўра 2 трлн. 409,6 млрд. сўмни ташкил қилган. Хусусийлаштирилиши аниқ бўлган Ипотека банк йилни 1 трлн. 156,5 млрд. сўм соф фойда билан якунлаган. 1 трлн.лик \"марра\"дан ўтган учинчи банк - соф фойдасини 2021 йилга нисбатан 3 баробарга оширган Капиталбанк бўлиб, банк йил давомида 1 трлн. 79,9 млрд. сўм соф фойда олган. 2021 йил якуни бўйича қарийб 1 трлн. соф фойда олган Ўзсаноатқурилишбанк 2022 йил 400 млрд. кам соф фойда билан 7-ўринга \"тушган\".

Соф фойдасини сезиларли даражада оширган Универсалбанк (137,5 млрд. сўм), КДБ банк (212,3 млрд. сўм), Азия Альянс банк (202,1 млрд. сўм)ни, шунингдек очилганига кўп бўлмаган бўлса-да, молиявий барқарорликка эришган ANORBANK (40,7 млрд. сўм) ва Uzumbank (41,1 млрд.сўмни) алоҳида қайд этиш мумкин.

2021 йилни зарар билан якунлаган АТ \"Халқ банки\" ўтган йилни соф фойда билан якунлашга эришган (7,9 млрд. сўм).

Ўзагроэкспортбанк ва TBC Bank 2021 йилни ҳам 2022 йилни ҳам зарар билан якунлаган. 2021 йил фойда билан ишлаган Равнақбанк 2022 йилни -8,5 млрд. зарар билан якунлаган.

Изоҳ: Ушбу маълумотлар оператив ҳисобланиб, расмий тасдиқланмаган. Рақамлар у ёки бу банкнинг реал молиявий ҳолатини акс эттирмаслиги мумкин.

Теглар:

#соф_фойда#йиллик

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган