Туркистонбанкнинг айрим мижозлари субординар қарзларни давлат томонидан қайтарилишини талаб қилмоқда

Туркистонбанкнинг айрим мижозлари субординар қарзларни давлат томонидан қайтарилишини талаб қилмоқда

7 октябрь куни Марказий банк "Туркистон" ХАТБ ҳамда "HI-TECh BANK" ХАТБлардан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияларини чақириб олгани тўғрисида хабар берган эдик.

Ўша куни Марказий банк матбуот котиби Акмал Назаров видео баёнот билан чиқиб, тугатилаётган банклардаги омонатчиларнинг барча маблағлари Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди томонидан қоплаб берилишини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда ва айрим сайтларда тугатилаётган Туркистонбанкнинг "айрим омонатчилари ўз пулларини ололмаётгани" тўғрисида хабарлар тарқалди. Podrobno.uz сайтида эълон қилинган материалда омонатчи сифатида тақдим этилаётган шахслар Туркистонбанк билан субординар қарз шартномаси имзолагани маълум бўлган.

3 ноябрь куни Туркистонбанкни тугатиш комиссияси йиғилишида банк билан субординар қарз шартномасини имзолаган мижозларга пуллари Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди томонидан қоплаб берилмаслиги билдирилган.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга кўра, субординар қарз бўйича мажбуриятлар банк тугатилаётганда депозиторлар ва банкнинг бошқа кредиторлари талаблари қондирилганидан сўнг амалга оширилади. Шунингдек, субординар қарз бўйича мажбуриятлар банк депозиторлари ва кредиторлари талабларига тенглаштирилмаган бўлиши керак. Яъни субординар қарз эгалари ўз пулини ҳаммадан кейин, фақат акциядорлардан олдин олади.

Шунингдек, "Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида" ги Қонуннинг 3-моддасида фуқароларнинг банклардаги омонатлари кафолатлаш объекти ҳисобланади, деб ёзилган.

Podrobno.uz сайти материалида Туркистонбанк билан субординар қарз шартномасини имзолаганлар сони 57 кишини ташкил қилиши ва улар банкдан тахминан 59 млрд. сўм миқдорида пулларини ололмаётгани ҳақида айтилган. Яъни қарзнинг ўртача суммаси 1 млрд. сўмдан.

Жорий йилнинг 24 февраль куни Bankers.uz Туркистонбанк томонидан юқори фоизли омонатлар таклиф қилинаётгани тўғрисида хабар берган эди. Хусусан, 22 феврал куни банк HUMO-Mastercard кобейдж карталаридаги қолдиқ маблағларга йиллик 22 % ҳисобидан устама тўлашини, 23 феврал куни банк хорижий валютада йиллик 7 %лик омонат жорий қилганини маълум қилганди. 

Ўшанда Bankers.uz банкнинг бундай ноодатий жозибадор таклифлари банк ликвидлиги тақчиллигини олдини олишга қаратилган чораларнинг бир қисми бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Бироқ банк мутасаддилари банкда жорий ликвидлик борасида жиддий муаммолар йўқлиги, омонатлар бўйича юқоридаги таклифлар эса, банкнинг актив операцияларини янада ошириш учун жорий қилинганини айтган эди.

Кейинчалик Туркистонбанк томонидан миллий валютада йиллик 27 фоиздан, хорижий валютада йиллик 7,5 фоиздан устама тўлаш ваъда қилинган қарз маблағлари жалб қилиш таклиф қилинган.

Иқтисодчи Отабек Бакиров субординар қарзлар бўйича тугатилаётган банкларнинг мажбуриятлари бюджет ҳисобидан қоплаб берилиши борасида ўз хавотирларини билдирган.

"...нега одамлар субординар қарз шартномаси бўйича Туркистонбанкка пул жойлаштирган. Бунинг сабаби иккита бўлиши мумкин: Бириинчиси, юқори фоизлар ва даромад ортидан қувиш (ойига 25 миллион сўмдан кеп турса кимга ёқмайди?). Иккинчи сабаб Туркистонбанк масъулларининг алдови ва ёлғон тушунтиришлари бўлиши мумкин. Бу ерда ёзилишича, Туркистонбанк юристлари алданганларга субординар қарз бу омонат, давлат уни қоплаши керак деб айтмоқда экан. Бу ғирт ёлғон. 
Прокуратура масалани ўрганишда айни шу ҳолатга урғу бериши керак назаримда. Алданганларнинг даъвоси айнан банкка ва унинг мансабдорларига қаратилиши зарур. Қачонгача давлат, яъни солиқ тўловчилар емаган сомсасига пул тўлайди? " дейди О.Бакиров.

Тугатилаётган яна бир банк HI-TECh BANK билан ҳозирда ўхшаш ҳолат юзага келгани ҳақида хабарлар мавжуд эмас.


×