Марказий банк фаолияти тугатилаётган банклар бўйича қўшимча ахборот тақдим этди

Марказий банк фаолияти тугатилаётган банклар бўйича қўшимча ахборот тақдим этди

Фотоскриншот: Марказий банк

Марказий банк Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2022 йил 7 октябрдаги қарорига асосан “Туркистон” хусусий акциядорлик тижорат банки ва “Hi-tech bank” хусусий акциядорлик тижорат банкидан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олинганлигини маълум қилганди. Мазкур ҳолат бўйича бугун Марказий банк матбуот котиби Акмал Назаров қўшимча ахборот берди.

Қайд этилишича, Марказий банк томонидан банк тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлашга қаратилган назорат тадбирлари доирасида шу кунгача “Туркистонбанк” ва “Hi-tech bank” Бошқарув органларига банкнинг молиявий ҳолатини соғломлаштириш бўйича доимий равишда чоралар кўрилиб, банкларга тегишли кўрсатмалар бериб келинган.

Хусусан, “Туркистонбанк” ва “Hi-tech bank” банкларни соғломлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар доирасида ушбу банклар томонидан 2020, 2021 ва 2022 йилларга мўлжалланган банкни соғломлаштириш бўйича бир нечта йўл-хариталари ишлаб чиқилган. Бироқ, “Туркистонбанк” ва “Hi-tech bank” акциядолари томонидан банкни молиявий соғломлаштириш бўйича ишлаб чиқилган йўл-хариталарида кўрсатилган зарурий чора-тадбирлар амалга оширилмаган.

Тегишли кўрсатмаларга қарамасдан “Туркистонбанк” ва “Hi-tech bank”да бир қатор муаммолар сақланиб қолганлиги сабабли ушбу банкларни соғломлаштириш истиқболсиз деб топилиб, уларнинг лицензиясини чақириб олишга асос бўлди.

Бунда, ушбу банклар томонидан “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 54 ва 77-моддаларида белгиланган қоидабузарликлар узоқ вақтдан бери содир этилганлиги, хусусан: 

  • банк активлари бўйича эҳтимолий йўқотишларга қарши етарлича захираларнинг шакллантирилмаганлиги;
  • регулятив капиталининг эллик фоизидан ортиқ миқдорда зарар кўрганлигини 
  • банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги;
  • бухгалтерия ҳисобининг ҳисоботга оид маълумотлар бузилишига олиб келадиган ва банкнинг ҳақиқий молиявий аҳволини акс эттириш имконини бермайдиган қоидабузарликлар билан юритилганлиги;
  • банк фаолиятидаги қўпол қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисидаги Марказий банк кўрсатмаларининг белгиланган муддатда бажарилмаганлиги;

Жиддий қоидабузарлик учун Марказий банк томонидан жарима қўлланилганидан кейин ҳудди шундай қоидабузарликни такроран содир этилганлиги сабабли “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғисида”ги Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ Марказий банк бошқаруви ушбу қарорни қабул қилган.

Шу ўринда, мазкур банкларда сақланаётган аҳоли омонатлари Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди томонидан тўлиқ кафолатланганлигини эслатиб ўтиш билан бирга, ҳурматли фуқароларимиздан ушбу маблағларни қайтарилмай қолишидан хавотир олмасликларини сўраймиз. - дейилган баёнотда.

Марказий банк мазкур вазият муносабати билан, амалдаги қонунчиликка мувофиқ бажарилиши лозим бўлган чора-тадбирларни белгилаган. Хусусан:

  1. Марказий банк томонидан “Туркистонбанк” ва “Hi-tech bank”да тугатиш комиссияси аъзолари (аъзоси) тайинланди.
  2. Омонатчилар ва кредиторлар талабларини аниқлаш мақсадида Туркистонбанк ва Hi-tech bank ни тугатиш комиссияси томонидан уч кун муддатда оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, банкнинг расмий веб-сайтида банк тугатилганлиги, шу жумладан, унинг омонатчилари ва кредиторлари томонидан талабларни қаноатлантириш тўғрисидаги аризаларни бериш тартиби ва муддатлари тўғрисидаги эълон чоп этилади. Икки ҳафта муддатда банкни тугатиш ишлари бошланганлиги тўғрисида барча кредиторлар ва омонатчилар ёзма равишда хабардор қилинади, икки ой муддатда омонатчилар ва кредиторларнинг талаблари (лицензияни чақириб олиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кунга қадар ҳисобланган фоизлар ва неустойкаларни ҳисобга олган ҳолда) рўйхати шакллантирилади.
  3. Банкнинг барча мол-мулкларини ўрнатилган тартибда сотиш ва бошқа манбалар орқали Тугатиш комиссиясининг тугатиш ҳисобварағига тушган маблағлар Марказий банк розилиги билан белгиланган агент банкка ўтказиб берилади.
  4. Аҳолининг мазкур банклардаги омонатлари Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди томонидан тўлиқ кафолатланганлиги муносабати билан омонатчиларнинг барча маблағлари, биринчи навбатда, тўлиқ қоплаб берилади ва бошқа мажбуриятлар ўрнатилган тартибда қайтариб борилади. Бунда, аҳолининг омонатларини қайтаришда уларнинг истагига кўра нақд пул кўринишида ёки бошқа банкдаги ҳисобварағига ўтказиш ёхуд агент банкдаги омонатларига жойлаштириш орқали амалга оширишлари мумкин бўлади.
  5. Тадбиркорлар фаолияти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида “Туркистонбанк” ва “Hi-tech bank”дан олинган тўлов терминаллари бошқа ихтиёрий банклар терминалларига алмаштириш ҳамда ҳисобварақлар очиш бўйича чоралар кўрилади.

Шу муносабат билан, “Туркистонбанк” ва “Hi-tech bank” мижозлари бўлган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларидан кейинги икки ой муддатда банк мажбуриятлари бўйича банк тугатиш комиссиясига мурожаат этиш сўралган.


×