Халқ банки 2021 йилни зарар билан якунлаганининг сабабини очиқлади

Халқ банки 2021 йилни зарар билан якунлаганининг сабабини очиқлади

Аввалроқ АТ "Халқ банки" 2021 йилни 2 186,8 млрд. сўм зарар билан якунлагани тўғрисида хабар берган эдик. Банк Корпоратив ахборот ягона портали орқали ушбу зарар банкда муаммоли кредитлар ортгани ҳисобига вужудга келганини маълум қилди.

Халқ банки акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишида банк фаолиятидаги мазкур зарарни белгиланган тартибда ундириш чораларини кўриш буюрилган. Шунингдек, банк акциядорлари бўлган Молия вазирлиги (22,4%) ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига (77,6%) 2021 молиявий йил зарарларни вужудга келиш сабаблари ҳамда банкни соғломлаштириш ва яхшилаш бўйича амалга оширилган ишлар бўйича маълумотлар тақдим этилиши айтилган.

Маълумот ўрнида. Халқ банкининг муаммоли кредитлари миқдори 2022 йил 1 январь ҳолатида 3 857 млрд. сўм (кредит портфелидаги улуши 19,7%) ни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 1 октябрга келиб 3 355 млрд. сўм (улуши 16,4%) гача пасайган.

Умумий йиғилишда банкнинг бир қатор ҳужжатлари янгиланган ҳамда ўзгартиришлар киритилган. Банкнинг 2022 йил якунлари бўйича аудит текширувини ўтказиш учун “Ernst & Young” МЧЖ аудиторлик ташкилоти танланган ҳамда аудиторлик ташкилотига тўланадиган энг кўп ҳақ миқдори 3,88 млрд. сўм этиб белгиланган.

Шунингдек, 2022 йил 18 мартдаги ПҚ-168 сонли қарорга асосан, банк устав капиталидаги 85,08 млрд. сўмга камайтирилмоқда. Ушбу камайиш банкдаги Молия вазирлиги улуши ҳисобидан амалга оширилади. Банкнинг янгиланган устав капитали 7 трлн. 348,3 млрд. сўм этиб белгиланган.


×