Сентябрь ойида муаммоли кредитлар 371 млрд. сўмга камайди

Сентябрь ойида муаммоли кредитлар 371 млрд. сўмга камайди

Марказий банк тижорат банкларининг кредит портфели ҳамда портфелдаги муаммоли кредитлар (NPL) улуши тўғрисида 2022 йил 1 октябрь ҳолатига маълумот тақдим этди.

Маълумотларга кўра, банк тизимининг кредит портфели ҳажми сентябрь ойи давомида 7 трлн. 444 млрд. сўмга кўпайган. Ўсиш асосан 3 та йирик банклар ҳиссасига тўғри келган — кредит портфели Агробанкда 2,03 трлн. сўмга, Ўзмиллийбанкда 1,44 трлн. сўмга ва Ўзсаноатқурилишбанкда 526 млрд. сўмга ошган.

Бошқа банкларда жами кредит портфели ҳажми 1 трлн. 898 млрд. сўмга ошган. Бунга асосан, Капиталбанк (+649 млрд. сўм), Hamkorbank (+249 млрд. сўм), Ипак Йўли банки (+200 млрд. сўм), ANORBANK (+196 млрд. сўм) лар сезиларли таъсир ўтказган.

Банк тизими жами кредит портфелидаги муаммоли кредитлар ҳажми сентябрь ойи давомида 371 млрд. сўмга камайган ва жами портфелнинг 4,72 фоизини ташкил қилмоқда (ойлик пасайиш - 0,17 фоиз). Бунга йирик давлат банкларининг деярли барчасида муаммоли кредитлар қисман сўндирилгани асосий омил бўлган. Ой давомида Агробанк (+120 млрд. сўм), Микрокредитбанк (+14 млрд. сўм), Туронбанк (+5 млрд. сўм) ларнинг муаммоли кредитлари ҳажми ортган.

Яқинда сотилгани маълум бўлган Ўзагроэкспортбанкнинг кредит портфели 8 млрд. сўмга, муаммоли кредитлар ҳажми эса 7,9 млрд. сўмга камайган.

Давлат улуши устувор бўлмаган банклар орасида сентябрь ойида "Ипак Йўли" банк (-51 млрд. сўм), Asia Alliance Bank (-33 млрд. сўм), Капиталбанк (-14 млрд. сўм) лар муаммоли кредитларнинг бир қисмини сўндиришга эришган.

Муаммоли кредитларнинг жами кредит портфелидаги улуши учта банкда 90% дан кўпроқни ташкил қилмоқда. Булар Туркистонбанк (95,01%), Hi-Tech Bank (93,77%) ва Ўзагроэкспортбанк (91,90%). Шунингдек, Равнақ-банкда муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши 72,33 фоизга етган (ойлик ўсиш +13,85%).

×