2021 йил давомида муаммоли кредитлар 11 трлн. сўмга кўпайган

Марказий банк 2021 йил якунларига кўра тижорат банкларининг кредит портфелидаги муаммоли кредитлар миқдори ҳамда уларнинг улуши тўғрисида маълумотларни тақдим этди. Bankers.uz рақамларни йил боши билан солиштириб кўрди.

npl2021

Муаммоли кредитлар динамикаси

Фотожадвал: Исмоил Туропов/Bankers.uz

2021 йил якунларига кўра, тижорат банкларида муаммоли кредитлар миқдори 16 триллион 974 миллиард сўмни ёки жами банк тизими кредит портфелининг 5,2 фоизини ташкил қилди. Муаммоли кредитлар қолдиғи 2021 йил бошига нисбатан 11 триллион 189 миллиард сўмга ўсди. Натижада уларнинг кредит портфелидаги улуши ҳам 2021 йил бошидаги 2,1 фоиздан йил якунига келиб 5,2 фоизга кўтарилди.

Муаммоли кредитларнинг миқдор жиҳатидан энг катта кўпайиши асосан давлат улуши мавжуд банкларда рўй берди. Хусусан, 10 та йирик давлат улуши мавжуд банкларда муаммоли кредитлар йил давомида 9 трлн. 955 млрд. сўмга кўпайиб, йил якунида уларнинг қолдиғи 15 трлн. сўмдан ошиб кетди. Муаммоли кредитлар Халқ банки (+3,3 трлн. сўм), Ўзмиллийбанк (+1,4 трлн.сўм), ЎзСҚБ (+1,3 трлн. сўм), Агробанк (+1,2 трлн. сўм)ларда 1 триллион сўмдан ортиқ миқдорга кўпайди. Муаммоли кредитлар қолдиғи нисбатан камроқ ўсган давлат банки сифатида Туронбанк қайд этилган (+214 млрд. сўм).

Давлат улуши мавжуд бўлмаган банкларда вазият бироз енгилроқ кечди дейиш мумкин. Уларда муаммоли кредитлар жами миқдори йил давомида 1,2 трлн. сўмга кўпайиб, йил якунида 1,9 трлн. сўмни (ёки кредит портфелининг 4,1 фоизини) ташкил қилди. Муаммоли кредитлар қолдиғининг энг кўп ўсиш даражаси Туркистон банкда (+478,8 млрд. сўм) қайд этилди. Шунингдек, Капитал банкда (+193,5 млрд. сўм), Hi-Tech Bank'да (147,8 млрд. сўм), Равнақ банкда (+127,0 млрд. сўмни), Тенге банкда (121,0 млрд. сўмни) муаммоли кредитлар қолдиғининг ўсиши нисбатан кўпроқ бўлди.

Бундан ташқари, Hi-Tech Bank (92,7%), Туркистон банк (69,9%), Равнақ банк (23,2%) ларда жами кредит портфелининг салмоқли қисмини муаммоли кредитлар ташкил қилмоқда.  

Hamkorbank (-147 млрд. сўм), Ориент Финанс банк (-10,7 млрд.сўм), Мадад Инвест банк (-9,7 млрд. сўм), Трастбанк (-400 млн. сўм)ларда муаммоли кредитлар қолдиғи камайгани эътиборга молик. 

Эслатиб ўтамиз, 2021 молиявий йилни 4 та тижорат банки зарар билан якунлаган эди

×