Туркия МИР карталарига хизмат кўрсатишни тўлиқ тўхтатди

28.09.2022 11:59

1 169

Timer  png5 дақиқада ўқилади
Гап Туркиянинг Halk, TC Ziraat va Turkiye Vakiflar давлат банклари ҳақида бормоқда.

Туркиядаги учта давлат банки МИР карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳақда туркиялик юқори мартабали мулозимга таяниб Bloomberg нашри хабар бермоқда. Гап Туркиянинг Halk, TC Ziraat va Turkiye Vakiflar давлат банклари ҳақида бормоқда.

Bloomberg нашрининг ёзишича, булар Туркияда ҳозиргача МИР карталарига хизмат кўрсатаётган охирги молиявий муассасалардир. Туркия Ғазначилик ва Молия вазирлиги ҳолат бўйича изоҳ беришдан бош тортган.

Ўтган ҳафта Туркиянинг иккита хусусий банки — Iş Bank ва DenizBankлар МИР карталари оператори бўлган Россия миллий тўлов карталари тизими (МТКТ) билан ҳамкорлик тўхтатилганини маълум қилган эди. Банклар АҚШ ва Буюк Британиянинг Россияга қарши санкциялари туфайли иккиламчи санкцияларга тушиб қолиш хавфи ортидан бундай қарорга келган эди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон бошчилигида ўтказилган йиғилишда МИР тўлов тизимига муқобил вариантлар муҳокама қилинган. Маҳаллий Aydinlik газетасининг ёзишича, бундай тизим Туркия ҳукумати томонидан “яқин кунларда” тақдим этилади.

Ҳозирча МИР карталари билан ишлашни тўлиқ тўхтатган давлатлар Туркия ва Ўзбекистон ҳисобланади. МИР карталарининг Ўзбекистон ҳудудида, UZCARD-MIR кобейжинг карталарининг хорижда ишлаши вақтинча тўхтатилганлигини Ўзбекистон Ягона умумреспублика процессинг маркази (UZCARD тўлов оператори) \"техник сабаблар\" билан изоҳлаган.

Бошқа давлатлар, хусусан Арманистон, Вьетнам, Тожикистон ва Қозоғистоннинг айрим банклари МИР карталарига хизмат кўрсатилмаётганини маълум қилган эди. МИР карталаридан фойдаланиш инфратузилмасига эга бошқа давлатлар ҳозирча ушбу тўлов тизими карталари билан ишлаш тўхтатилгани тўғрисида хабар бермаган.


Теглар:

#ziraat#санкция#туркия

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган