Аввалроқ АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг "МИР" тўлов тизими билан ишлайдиган банкларга огоҳлантириш билан чиққани тўғрисида хабар берган эдик. Хусусан бу каби "босим"га даставвал турк банклари учраганди.
Душанба куни Туркиянинг йирик банкларидан Iş Bank ва DenizBank'лар АҚШ огоҳлантиришларидан кейин Россиянинг "МИР" тўлов тизимига хизмат кўрсатишни тўхтатди.
19 сентябргача "МИР" тўлов-карталарига Туркиянинг бешта йирик банклари хизмат кўрсатарди: Vakıfbank, Ziraat Bank, Iş Bank, DenizBank ва Halkbank.
"МИР"га хизмат кўрсатган беш турк банкидан иккитасининг ушбу амалиётни чеклаши уларнинг Ғарб ва Россия ўртасидаги молиявий қарама-қаршиликдан қочишга ҳаракатларини акс эттиради.
Россиянинг МИР тўлов тизими ушбу ҳолатга муносабат билдирди.
“Хорижий ҳамкорларнинг ўзлари Мир карталарини қабул қилиш инфратузилмасини очишга қарор қилишади, уларни маълум бир мамлакатда қабул қилиш ва хизмат кўрсатиш кредит ташкилотларининг ўз позициясига боғлиқ”, — дейилади МИР матбуот хизмати хабарида. Уларнинг таъкидлашича, "мамлакатда Мир карталарини қабул қилишни таъминлайдиган турк эквайринг банклари ўз қурилмаларида "Россия банкларининг блокировка қилиш санкциялари остидаги карталари бўйича операцияларни рад этишлари" мумкин.
Туркия рус туристларининг дам олиши учун энг оммабоп йўналишлардан бири. Ҳар йили миллионлаб россияликлар ушбу саёҳат йўналишида МИР карталаридан фойдаланишади. Ҳозирда туроператорлар Туркияга саёҳат қилмоқчи бўлган россияликларга ўзларининг МИР карталаридаги маблағларини нақдлаштиришни тавсия қилишмоқда.
Ғарб расмийларига кўра, Туркиядан кейин Европа Иттифоқи ва АҚШ Кавказ, Марказий Осиё ва Форс кўрфази давлатлари билан иш олиб бориш ниятида. АҚШ Давлат департаментининг санкциялар бўйича координатори Жеймс О'Брайан Россия билан ўзаро алоқада бўлган барча давлатларни кузатиб боришга ваъда берган.
Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Mastercard ва VISA каби дунёнинг етакчи тўлов тизимлари рус бозорини тарк этишган эди. Бунинг ортидан Ўзбекистон, Арманистон, Қозоғистон каби МДҲ мамлакатлари россияликлар орасида карта-туризми йўналишида машҳурлашиб борди. Бугунги кунда, Ўзбекистондаги деярли барча банкларнинг UZCARD терминалларида МИР карталарини ишлатиш мумкин, бундан ташқари бешта банк UZCARD-МИР кобейдж карталарини эмиссия қилади, шунингдек МИР карталари орқали ушбу банкларнинг банкоматларидан нақд пул олиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Ўзбекистоннинг кўпгина банклари норезидентлар учун ҳисобварақ очиш шартларини қатъийлаштирганини эълон қилишган эди.
Тасодифий хабарлар
Асакабанк бошқаруви раиси банк ёшлари билан учрашди
Универсалбанк навбатдан ташқари акциядорлар умумий йиғилишини ўтказади
"Ипак Йўли" банки "Комиссиясиз харидлар" акциясини эълон қилди