Туркия изидан Қозоғистон, Арманистон, Вьетнам банклари ҳам МИР карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатди

Туркия изидан Қозоғистон, Арманистон, Вьетнам банклари ҳам МИР карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатди

Туркиядан кейин яна бир қанча давлатлар банклари иккимламчи санкцияларга тушиш хавфи ортидан Россиянинг МИР тўлов тизимига хизмат кўрсатишни тўхтатмоқда.

Қозоғистоннинг энг йирик банки — Халқ банк (Halyk bank) банкоматларида МИР карталари қабул қилиш, терминаллар орқали хизмат кўрсатиш тўхтатилди. Известия нашри хабарига кўра, Қозоғистоннинг бошқа банклари ҳозирча МИР тўлов тизими билан ҳамкорликни давом эттираётганини билдирган.

20 сентябрь ҳолатида МИР тўлов тизимининг расмий сайтида картани қабул қилиш географияси ҳақида хабар берилган бўлим ёпилган. Тўлов тизимининг 2022 йилнинг 20 апрелдаги хабарида Қозоғистонда МИР карталарини ВТБ, Сбербанк, Халқ банки, Центр-Кредит банклар қабул қилиши ҳақида маълумот қолдирилган эди. Ўтган давр мобайнида Россиянинг Сбербанки Қозоғистон бозорини тарк этди. ВТБ Банк эса ғарб санкцияларига тушди.

Россиялик туристлар орасида машҳур йўналишлардан бири Ветнамнинг BIDV банки ҳам МИР карталарини қабул қилишни тўхтатганлигини билдирди.

Арманистон ОАВларида МИР карта эгалари айрим банкларнинг банкоматларидан пул ечиб олишда қийинчиликларга дуч келгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Мамлакат Марказий банки Арманистон банклари санкциялар даврида МИР карталарини сақлаш бўйича қарорларни мустақил равишда қабул қилишини айтди.

19 сентябрь куни Туркиянинг иккита йирик банки МИР тўлов тизими карталарига хизмат кўрсатишни тўхтатганлигини маълум қилган эди.

Россиялик соҳа мутахассислари фикрича, ғарб босими остида алоҳида ўйинчилар жаҳон молия тизимидан узилиб қолмаслик учун шундай чораларни жорий қилишмоқда.

Ҳозирча МИР карталарини қабул қиладиган инфратузилмага эга бошқа мамлакатлар, хусусан Ўзбекистондаги банклар МИР тўлов тизимига хизмат кўрсатишни тўхтатган ёки тўхтатмаганлиги тўғрисида маълумот бермади.

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда Ўзбекистоннинг бешта банки — Халқ банкиМикрокредитбанкҚишлоқ қурилиш банк, Туронбанк ҳамда Алоқабанклар МИР карталарини эмиссия қилади.




×