Asia Alliance Bank раисига учта янги ўринбосар тайинланди

27.11.2026 07:01

391

«Asia Alliance Bank» АТБ бошқаруви раисига бир вақтнинг ўзида уч нафар ўринбосар — Дилшод Акмалевич Пўлатов (биринчи ўринбосар), Жаҳонгир Ғайбуллаевич Умаров ҳамда Илҳом Рахманович Исамутдинов тайинланди.

Фото: Asia Alliance Bank

«Asia Alliance Bank» АТБ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари лавозимига Дилшод Акмалевич Пўлатов, раис ўринбосарлари лавозимларига Жаҳонгир Ғайбуллаевич Умаров ва Илҳом Рахманович Исамутдиновлар тасдиқланди.

Д.Пўлатов 1979 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2000 йилда Тошкент молия институтининг бакалавриат, 2002 йилда магистратура босқичини тамомлаган, мутахассислиги — молия ва кредит. Меҳнат фаолияти давомида Ўзуйжойжамғармабанк (кейинчалик Ипотека-банк) ва Капиталбанкда ишлаган. Капиталбанкда ғазначилик, активлар ва пассивларни бошқариш ҳамда молиявий таҳлил йўналишларига раҳбарлик қилган.

2025 йил сентябрида Д.Пўлатов Пойтахт банк бошқаруви раиси этиб тайинланган эди. 2026 йил апрель ойидан бошлаб у Asia Alliance Bank бошқаруви раиси маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

Ж.Умаров 1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент молия институти ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини Асакабанкда бошлаб, кредитлаш, кредит портфели мониторинги, лойиҳаларни молиялаштириш ва инвестиция йўналишларида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Кейинчалик Asia Alliance Bank'да кредит таваккалчиликлари, кредит портфели мониторинги ва корпоратив мижозларни кредитлаш йўналишларида фаолият юритган.

И.Исамутдинов банкда технологик ривожланиш йўналишига масъул бўлади. У 1983 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент ирригация ва мелиорация институтини тамомлаган, мутахассислиги — менежмент. Меҳнат фаолиятини Туронбанкда бошлаган ва ахборот технологиялари йўналишида департамент директори ўринбосари лавозимигача кўтарилган. 2016–2022 йилларда Asia Alliance Bank'да ахборот технологиялари йўналишида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Кейинчалик FIDOBIZNES финтех-компаниясида департамент директори ўринбосари ҳамда мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича бош директор ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.

Банк маълумотига кўра, бошқарув жамоаси бизнесни кенгайтириш ва рақамли трансформацияни жадаллаштириш мақсадида кучайтирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 18 ноябрда Марказий банк Asia Alliance Bank'га исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берган эди.

Теглар:

#Asia_Alliance_Bank

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган