Марказий банк бошқарувининг 2026 йил 18 ноябрдаги қарорларига мувофиқ, Ўзбекистондаги яна тўртта банк - «Ипак Йўли» АИТБ, «Asia Alliance Bank» АТБ, «Orient Finans» ХАТБ ҳамда «Hayot Bank» АЖга исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия берилди.
Мазкур лицензиялар банкларга «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 5¹-моддасида назарда тутилган исломий молия операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини беради.
Ўзбекистонда исломий банк фаолияти учун илк лицензия Марказий банк бошқарувининг 23 октябрдаги қарорига мувофиқ Open bank'га берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, октябр ойи охирида Самарқандда ўтган халқаро исломий молия форумида Марказий банк Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиботлари департаменти катта мутахассиси Ҳамидулла Холиқов Vaqt.uz'га ўнга яқин банк исломий банк хизматлари учун ариза топширганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида 2027 йилда камида битта банкда, 2030 йилгача эса камида учта банкда исломий молия хизматларини йўлга қўйиш белгиланган, дастлабки босқич эса 2027 йилга етмасданоқ бажарилган.
