Сўнгги кунларда бир нечта оммавий ахборот воситалари ҳамда ижтимоий тармоқларда «Туронбанк» АТБ бошқаруви раиси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ушлангани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Туронбанк матбуот хизмати, кейинроқ банк Кузатув кенгаши баёнотлар эълон қилди. Матбуот хизмати эълон қилган баёнотда айтилишича, банк хизматлари офислари ва рақамли платформалар орқали мижозларга белгиланган тартибда хизмат кўрсатиш давом этмоқда. Шунингдек, омонатчилар, мижозлар, инвесторлар ва ҳамкорлар олдидаги мажбуриятлар сақланиши таъкидланган.
«Туронбанк» фаолияти корпоратив бошқарув, ички назорат ва амалдаги қонунчилик талаблари асосида ташкил этилган. Банк жамоаси ўз зиммасидаги вазифаларни масъулият билан бажариш, хизматлар сифатини янада ошириш ва мижозлар манфаатларини таъминлаш йўлидаги фаолиятини давом эттиради, дейилади баёнотда.
Банк ўз мижозларидан банк хизматларига оид саволларни 1220 рақами орқали ва расмий ахборот каналлари орқали бериши мумкинлигини эслатган.
Шундан сўнг Туронбанк кузатув кенгаши ҳам алоҳида баёнот берди. Баёнотда Кенгаш яқинда янги таркибда шакллантирилгани, у вазиятни кузатиб, унинг банк фаолиятига мумкин бўлган таъсирини баҳолаб бораётгани маълум қилган. Кенгаш ўз ваколати доирасида бошқарув узлуксизлиги ҳамда мижозлар, омонатчилар ва ҳамкорлар манфаатлари ҳимоясини таъминлаши айтилган. Банк хизматлари узилишсиз кўрсатилаётгани ва мажбуриятлар белгиланган тартибда бажарилаётгани алоҳида қайд этилган.
Кенгаш баёнотига кўра, унинг устувор вазифалари — банкнинг молиявий барқарорлиги, бошқарув узлуксизлиги ва хатарларни самарали бошқариш. Кенгаш қонунчилик ва корпоратив бошқарув тамойилларига мувофиқ иш юритади, вазиятга холис баҳо беради ва ваколатли органлар билан ҳамкорлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, Туронбанк кузатув кенгаши 25 сентябрда акциядорларнинг навбатдан ташқари йиғилишида тўққиз аъзодан иборат таркибда қайта сайланган эди. Янги таркибда мустақил аъзолар сони уч нафардан олти нафарга етган. Шунингдек, Президентнинг 28 августдаги фармонига кўра, Туронбанк акцияларининг 98,9 фоизи очиқ савдога чиқариш режалаштирилган.
