Давлат банкларини хусусийлаштириш 2028 йилга сурилиши мумкин — Fitch

20.11.2026 18:25

128

Fitch Ratings Ўзбекистонда банк ислоҳотлари сўнгги икки йилда жадаллашганини, лекин йирик давлат банкларини хусусийлаштириш режалаштирилганидан узоқроқ чўзилиши мумкинлигини маълум қилди. Стратегияга кўра жараён 2027 йилдан бошланиши керак, агентлик эса уни 2028 йилга кечиктирилиши эҳтимолини ҳам истисно этмаяпти.

Фото: Исмоил Туропов / Bankers.uz

Fitch агентлиги ўзининг 19 ноябрда эълон қилган шарҳида Тошкентдаги конференцияда билдирилган баҳоларни келтирган. Маълум бўлишича, агентлик Ўзбекистон банклари учун операцион муҳит баҳосини «b» (прогноз — «Ижобий»)дан «b+» (прогноз — «Барқарор»)га оширган. Бунга асосан назорат соҳасидаги ислоҳотлар сабаб бўлган. Аҳоли жон бошига ЯИМнинг пастлиги ва юқори операцион хатарлар эса чекловчи омил бўлиб қолмоқда.

Хусусийлаштириш ислоҳотнинг марказий қисми экани, аммо уни амалга ошириш хатарлари сезиларли эканини агентлик алоҳида қайд этган. «Ўзбекистон — 2030» стратегияси 2030 йил охиригача беш банкни сотишни назарда тутади, жараён 2027 йилдан бошланади. Ҳозирда Ўзсаноатқурилишбанк (SQB) ва Асакабанк («BB»/«Барқарор») бўйича тайёргарлик жадаллашмоқда. Franklin Templeton ва ЕТТБнинг иштироки бизнес-моделни трансформация қилишга кўмак бериши кутилмоқда, аммо қўшимча тайёргарлик зарур ва хусусийлаштириш 2028 йилга кечиши мумкин.

Spot.uz нашри хабарига кўра, Fitch банк сектори директори Павел Каптел биринчи банк 2027 йилда сотилиши мумкинлигини, лекин жараён 2028 йилга чўзилиши эҳтимоли ҳам борлигини айтган. Давлат банклари сони 2027 йилда 7 тагача, 2028 йилда 6 тагача, 2029 йилда 5 тагача ва 2030 йилда 4 тагача қисқариши кутилмоқда: беш банк сотилади, тўрт банк давлат назоратида қолади. Сотувдан олдин муаммоли активлар давлат органларига ўтказилади, ўтмишдаги хатарларни бартараф этиш учун эса ҳукумат қўшимча капитал киритади.

Fitch давлат банкларида активлар сифати кучсиз жиҳат бўлиб қолаётганини таъкидлайди: сиёсат банклари муаммоли кредитларини ҳисобдан чиқарган, SQB ва Асакабанк эса кредитларни таснифлашни қаттиқлаштириб, 2025 йилда ҳисобот бўйича қадрсизланишни оширган. Энг асосий хатарлар сифатида ўтмишдан қолган муаммоли активлар ва ҳали синовдан ўтмаган чакана кредитлаш портфели кўрсатилган.

Сектор бўйича агентлик долларлашувнинг сезиларли пасайганини қайд этган: 2026 йил биринчи ярим йиллик охирида валютадаги кредитлар кредитларнинг 39 фоизини, валютадаги депозитлар эса 19 фоизини ташкил этиб, икки кўрсаткич ҳам рекорд даражада паст бўлган. Омонатлар ярим йилда йиллик ҳисобда 27 фоизга ўсиб, кредитлар/депозитлар нисбатини 136 фоизгача туширган (2021 йил охирида — 209 фоиз), давлат банклари эса давлат ва ташқи маблағларга боғлиқлигича қолмоқда. Fitch 2026 йил январидаги капитал қоидалари буферларни киритганини ва ликвидлик талабларини Базель III га яқинлаштирганини, июндан кучга кирган ислом банкчилги қонуни эса сегментнинг босқичма-босқич ўсишини қўллаб-қувватлашини кутаётганини қайд этган.

Аввалроқ, 2025 йил сентябрида Президент Ўзсаноатқурилишбанкнинг 30 фоиз акциясини Миллий инвестиция жамғармасига (UzNIF) ўтказишни тасдиқлаган эди. Микрокредитбанкдаги 40 фоиз ва Бизнесни ривожлантириш банкидаги 25 фоиз улуш эса жамғарма портфелидан чиқарилган. 2026 йил июнида Fitch Алоқабанкни хусусийлаштириш режалари бекор қилиниши мумкинлигини билдирган: агентлик банкка 2025 йилда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш банки ролининг берилиши уни сотиш эҳтимолини янада пасайтирганини, Алоқабанк ва Туронбанк йирикроқ банклар сотилмагунча хусусийлаштирилмаслигини ва бу 2027 йилдан олдин бўлмаслигини айтган.

Марказий банк раиси Тимур Ишметов яқинда (13 ноябрь куни бўлиб ўтган тақдимотда) Президент давлат банкларини трансформация қилиш ва айримларини тезроқ хусусийлаштириш бўйича топшириқ берганини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Fitch 2025 йил ноябрида ҳукумат Ўзсаноатқурилишбанкдаги давлат улушини сотишни устувор йўналиш сифатида белгилаётганини ёзган эди. Президентнинг 28 августдаги фармони билан эса Туронбанк акцияларининг 98,9 фоизи сотувга қўйилиши маълум бўлганди.

Теглар:

#хусусийлаштириш#fitch

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган