Президент турк молия институтларини банкларни хусусийлаштиришга таклиф қилди

19.11.2026 12:37

150

Ўзбекистон — Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгашнинг илк йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев турк банклари, инвестиция фондлари ва саноат компанияларини хусусийлаштириш ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларида фаол иштирок этишга чорлади. Давлат раҳбари мамлакатда 33 йилдан буён фаолият юритаётган Ziraat Bank фаолиятини ижобий баҳолаган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Туркия Вице-президенти Жавдат Йилмаз бошчилигидаги юқори даражадаги делегация иштирокида кенгашнинг илк йиғилишида қатнашди. Кенгаш икки давлат раҳбарлари келишувига кўра таъсис этилган бўлиб, Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон — Туркия бизнес форумида 200 дан ортиқ тадбиркор иштирок этди. Йиғилиш кун тартибида иқтисодий ислоҳотлар, тоғ-кон саноати ва яшил энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, Янги Тошкент қурилиши каби йўналишларда ҳамкорлик масалалари бўлди. Алоҳида масалалардан бири рақамли технологиялар, молиявий хизматлар ва хусусийлаштириш бўлди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев рақамли технологиялар ва молиявий хизматларни икки давлат иқтисодий шериклигининг устувор йўналишлари сифатида белгилади. Хусусан, Ziraat Bank фаолияти ижобий баҳоланиб, бошқа турк молия институтлари Ўзбекистон банк секторидаги ислоҳотлар ва хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этишга таклиф қилинди. Ўзбекистонда ИТ хизматлари экспортини 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Турк компанияларига IT Park резидентлари учун жорий этилган солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланиб, аутсорсинг, дастурий таъминот ва сунъий интеллект соҳаларида қўшма лойиҳалар амалга ошириш таклиф қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот котибининг хабар беришича, 2026–2027 йилларда давлат активлари, кўчмас мулк ва ер участкалари жами 8,4 миллиард долларлик сотувга қўйилиши режалаштирилган. Турк компаниялари билан Самарқанд автомобиль заводини хусусийлаштириш, Самарқанд вилояти электр тармоқларини модернизация қилиш ва Бухорода янги халқаро аэропорт қуриш бўйича ҳамкорлик давом этмоқда. Мирзиёев Туркия банклари, инвестиция фондлари ва саноат компанияларини бу жараёнларда янада фаол қатнашишга чорлади. Шунингдек, давлат раҳбари инвестиция муҳитини яхшилаш ва тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ислоҳотлар давом этишини, махсус иқтисодий зоналарда инвестиция ҳажмига қараб 3 йилдан 10 йилгача солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини қайд этди.

Ziraat Bank Uzbekistan 1993 йилда Ўзбекистондаги хорижий капитал иштирокидаги биринчи тижорат банки сифатида Ziraat Bank ва Агробанкнинг тенг улушлари асосида Ўзбекистон — Туркия банки (UTBANK) номи билан ташкил этилган. 2017 йил 30 ноябрда Ziraat Bank Агробанкдаги 50 фоиз улушни сотиб олиб, банкни тўлиқ шўъба банкига айлантирди, кейинчалик банк Ziraat Bank Uzbekistan деб қайта номланди. 2026 йил 9 ойлик натижаларига кўра, банк активлари 4,46 триллион сўмни, капитали 823 миллиард сўмни, соф фойдаси 89,14 миллиард сўмни ташкил қилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026–2028 йилларга мўлжалланган фискал стратегиясида Ўзсаноатқурилишбанк, Асакабанк, Алоқабанк ва Туронбанкдаги давлат улушларини сотиш режалаштирилган. Ўзмиллийбанк, Агробанк, Халқ банки, Микрокредитбанк ва Бизнесни ривожлантириш банкидаги давлат улуши эса камида 2028 йилгача сақланади. Банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясига кўра, давлат банклари сони 2026 йилда саккизтагача, 2030 йилда тўрттагача қисқартирилиши белгиланган.

Аввалроқ, Грузиянинг Lion Finance Group холдинги Ўзбекистон банк бозорига киришни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эдик. Туронбанк кузатув кенгашига эса сентябрь ойида беш нафар хорижий мутахассис сайланган эди.

Теглар:

#хусусийлаштириш#туркия

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган