Марказий банк Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиботлари департаменти катта мутахассиси Ҳамидулла Холиқовнинг Vaqt.uz нашрига маълум қилишича, Марказий банк томонидан бир нечта банкнинг исломий молия хизматларини йўлга қўйиш учун топширган аризалари кўриб чиқилмоқда.
Холиқовнинг таъкидлашича, талабларни бажарган банкларга лицензия берилиши мумкин. Бироқ тижорат банклари мустақил фаолият юритувчи ташкилотлар бўлгани учун бу борадаги қарор, жумладан, акциядорлар позициясига ҳам боғлиқ.
Марказий банк регулятор сифатида келгуси йилларда нечта банк исломий молия хизматларини йўлга қўйиши ёки қанча лицензия берилиши бўйича алоҳида режа белгиламайди. Бундай қарорлар банкларнинг ташаббуси ва қонунчилик талабларини бажаришига боғлиқ. Шу билан бирга, Холиқов ҳозиргача тақдим этилган ҳужжатларга кўра кутилмалар анча юқори эканини қайд этди.
«Ўзбекистон — 2030» стратегиясида 2027 йилда камида битта банкда, 2030 йилгача эса камида учта банкда исломий молия хизматларини йўлга қўйиш мақсади белгиланган. Холиқовнинг айтишича, стратегиядаги дастлабки босқич 2027 йилга етмасданоқ бажарилган.
Нашр мухбири талабларга жавоб берадиган банклар сони бешта бўлса, Марказий банк учтаси билан чекланмасдан кўпроқ банкка лицензия бериши мумкинми, деб сўраган саволга Марказий банк вакили стратегиядаги рақамларда «камида» деган ибора ишлатилгани, қонунчилик талаблари бажарилса, бу кўрсаткич ўзгариши мумкинлигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк 23 октябр куни исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун мамлакатдаги илк лицензияни «Open bank» АЖга берганди.
