Yangi Bank бош офиси биноси 111 млрд сўмга сотилди

18.11.2026 06:36

220

Июнь ойида 163,3 млрд сўм бошланғич нарх билан савдога қўйилган Yangi Bank'нинг Тошкентдаги бош офиси биноси бир неча бор сотилмагандан сўнг, ниҳоят 111,3 млрд сўмга сотилди. Ғолиб Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) ва Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси таъсисчилигидаги "KAPITAL LOYIHALAR GURUHI" МЧЖ бўлди.

Фото: E-auksion

Марказий банк январь ойида лицензиясини чақириб олган Yangi Bank'нинг Тошкент марказидаги бош офиси биноси электрон онлайн-аукцион (E-auksion платформаси)да сотилди. Мулкни сотиш ҳақидаги қарорни банкнинг тугатиш комиссияси 2026 йил 10 июнда қабул қилган.

Сотувга қўйилган 5 қаватли бино 2017 йилда қурилган бўлиб, Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани, Амир Темур шоҳ кўчаси, 99-уйда жойлашган. Объект Ўзбекистон Миллий банки бош биноси ва "Бодомзор" метро бекати яқинида. У 0,25 гектар ер участкасида жойлашган, умумий майдони 3 648 кв.м, фойдали майдони 2 548 кв.м. Бинода 47 та хизмат хонаси бор, газ, электр энергияси, сув таъминоти ва канализация тизимларига тўлиқ уланган.

Фото: E-auksion

Аввал хабар берганимиздек, бино 23 июнда 163,33 млрд сўм бошланғич нарх билан сотувга қўйилган, савдо эса 20 июль куни соат 10:00 да бошланиши белгиланган эди. Бир ҳафтадан сўнг бино айни нарх билан такрор сотувга қўйилган. Кейинги такрор савдоларда бошланғич нарх босқичма-босқич туширилган: 17 августда 147 млрд, 2 сентябрда 132,3 млрд, 21 сентябрда 130 млрд, 5 октябрда 120 млрд, 2 ноябрда 109,5 млрд сўмгача. Энг сўнгги — 9 ноябрдаги савдода бино 106 млрд сўм бошланғич нарх билан сотувга қўйилган.

9 ноябрь кунги савдоларда 111,3 млрд сўм таклиф билан қатнашган "KAPITAL LOYIHALAR GURUHI" МЧЖ ғолиб деб топилди. Бу охирги бошланғич нархдан 5 фоиз юқори, дастлабки нархдан эса қарийб 32 фоиз паст (таҳр.). Савдо қоидаларига мувофиқ компания савдо якунлангандан кейин 15 иш куни ичида тўлиқ маблағни савдо операторининг махсус ҳисобрақамига ўтказиши шарт.

Фотоскрин: birdarcha.uz

"KAPITAL LOYIHALAR GURUHI" МЧЖ (СТИР: 312929734) 2026 йил 3 апрелда ташкил этилган. Таъсисчилари — "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" АЖ (50 фоиз) ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (50 фоиз). Компаниянинг юридик манзили ҳам сотиб олинган бино манзили — Амир Темур шоҳ кўчаси, 99-уй. У яшаш учун мўлжалланмаган бинолар қуриш (ИФУТ коди 41202) фаолияти билан шуғулланади.

Тугатиш комиссияси маълумотига кўра, мулкни сотишдан тушган маблағлар тугатиш массасига киритилади ва "Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида"ги ЎРҚ-1070-сон қонуннинг 64- ва 65-моддаларига мувофиқ кредиторлар билан ҳисоб-китоб учун йўналтирилади. Комиссия ҳозирда 4-навбат кредиторлари билан ҳисоб-китобларни амалга оширмоқда. Комиссия йиғилиши баённомасига таяниб Bankers.uz ёзишича, 22 июнь ҳолатига банкнинг 4-навбат кредиторлари олдидаги қарздорлиги 76,54 млрд сўмни ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк 15 январда Yangi Bank'нинг лицензиясини устав капитали минимал талаб даражасига етказилмагани ва қонунчиликнинг айрим талаблари бажарилмагани сабабли чақириб олган эди. Регуляторнинг маълум қилишича, 2026 йил 1 январь ҳолатига банкнинг устав капитали 355 млрд сўм бўлган (2025 йил 1 январдан амал қилаётган минимал талабдан 145 млрд сўмга кам). Банк фаолияти тўхтатилган пайтда унинг тақсимланмаган зарари 171 млрд сўмга етган эди.

Теглар:

#Yangi_bank#e-auksion.uz#бош-офис

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган