Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг 2026 йил 15 январдаги 1/1-сонли қарорига мувофиқ, “Yangi Bank” акциядорлик жамиятининг банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси чақириб олинди.
Марказий банк мазкур қарор банк фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар етарли даражада самара бермагани, жумладан, устав капитали миқдорини қонунчиликда белгиланган энг кам талаблар даражасига етказилмаганлиги, шунингдек, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган айрим талаблар бажарилмаганлиги сабабли қабул қилинганини маълум қилган.
“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги ҳамда “Банкларни санация қилиш ва тугатиш тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ, банк фаолиятини ўрнатилган тартибда тугатиш белгиланган ҳамда тугатиш комиссияси тайинланиб унга тугатиш ишларини бошқариш ваколатлари ўтказилган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жами мавжуд 32 526 нафар омонатчиларнинг 32 153 тасига кафолатланган омонат суммалари тўлиқ қайтариб берилади (омонатлар тўлаб берилиши бўйича аниқ ҳисоб-китоблар Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан эълон қилинади), 373 нафар фуқаро бўйича эса кафолатланган омонат маблағларидан қолган қисми тугатиш комиссиясининг қарорига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарилади.
Марказий банк ушбу масала доимий эътиборда эканлигини айтган ва жараён босқичма-босқич кузатиб борилган ҳолда жамоатчиликка мунтазам равишда ахборот бериб борилишини маълум қилган.
Маълумот учун
Банк устав капиталининг белгиланган энг кам миқдорга мос келмаслиги, шунингдек, айрим молиявий операцияларни амалга оширишда белгиланган чекловларга риоя этилмаганлиги “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 54-моддасига мувофиқ жиддий қоидабузарликлар ҳисобланади ҳамда банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни чақириб олиш учун асос бўлади.
Шу билан бирга, мазкур Қонуннинг 77-моддасига мувофиқ, банкнинг кетма-кет уч чорак давомида регулятив капиталининг 10 фоизидан ортиқ миқдорда зарар кўрганлиги ёки зарар миқдори муддатидан қатъий назар регулятив капиталнинг 50 фоизидан ортиқ қисмини ташкил этганлиги ёхуд бундай зарар юзага келиш эҳтимоли мавжудлиги банк лицензиясини чақириб олиш учун асос бўлади.
Яна бир бор эслатиб ўтамизки, омонатлар давлат томонидан кафолатланади. Кафолатланган омонатлар бўйича компенсация тўлаш юзасидан Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан жамоатчиликка доимий равишда расмий ва ишончли ахборот бериб борилади.
