Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги «NURA Electric» заводида электротехника саноати вакиллари, соҳадаги тадбиркор ва инвесторлар билан мулоқот ўтказди. Учрашувда тармоққа киритилган инвестициялар, келгуси уч йилда умумий қиймати 11 миллиард 600 миллион долларлик 164 та лойиҳани амалга ошириш режаси, давлат харидлари ва маҳаллий маҳсулотларга талабни рағбатлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги алоҳида масалалардан бири банкоматлар бўлди. Давлат раҳбари ички бозорда банкоматларга талаб катта эканини таъкидлади. Берилган маълумотларга кўра, ўтган йили мамлакатда 9 мингта банкомат харид қилиниб, бу йўналишда 50 миллион доллардан ортиқ маҳсулот импорт қилинган (ўртача ҳисобда битта банкомат учун 5,5 минг доллардан ортиқ - таҳр.).
Президентнинг таъкидлашича, савдо ва кўнгилочар мажмуалар, янги уй-жой массивлари кўпайиши билан бу эҳтиёж янада ортади. Шу муносабат билан банкоматларга бўлган талабни ҳисоб-китоб қилиш, технология ва инвесторларни жалб этиб, банкоматлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини ўрганиш вазифаси қўйилди.
Учрашувда банклар олдига ҳам алоҳида вазифа қўйилди. Қайд этилишича, маҳаллий корхоналар хорижий тендерларда иштирок этишда банк кафолатини олишда қийинчиликка дуч келмоқда: масалан, 10 миллион долларлик кафолат учун шунга мос гаров таъминоти талаб этилади. Банкларга корхоналарнинг молиявий ҳолатини баҳолаш асосида кафолат беришнинг соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш ва уни бир ой ичида тадбиркорларга эълон қилиш топширилди.
2026 йил 1 октябрь ҳолатига мамлакатда ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар сони йил бошидан буён 7 079 тага (+17,7%) кўпайиб, 47 169 тага етган. Ўсишнинг қарийб учдан икки қисми тўлов ташкилотлари ҳиссасига тўғри келган: уларнинг қурилмалари сони 22 600 тадан 27 326 тага етган. Натижада тизимдаги банкомат ва инфокиосклардан 58 фоизи тўлов ташкилотларига, қолган 19 843 таси банкларга тегишли. Банклар орасида APEX BANK (+553 та) ва Invest Finans Bank (+547 та) тармоғини энг кўп кенгайтирган.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Сенат ялпи мажлисида 2025 йилда банкоматлар носозлиги бўйича қарийб 290 минг ҳолат қайд этилгани айтилган эди. Аввалроқ Марказий банк банкоматларда картадан маблағ ечилиб, нақд пул берилмаган ҳолатлар юзасидан банклар ва тўлов ташкилотларига хат юборгани ҳақида хабар қилган эдик.
