Марказий банк 2026 йил 1 октябрь ҳолатига муомаладаги банк пластик карталари, терминаллар, банкомат ва инфокиосклар ҳамда январь–сентябрь ойлари давомида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар тўғрисида маълумот эълон қилди. Bankers.uz нашри ушбу кўрсаткичларни йил бошидаги ҳамда 2025 йил 1 октябрь ҳолатидаги маълумотлар билан таққослади.

Тушум: тўққиз ойда ўтган йилги ҳажмдан ошди
2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида тўлов терминаллари орқали жами 517 триллион 858 миллиард сўм тушум қайд этилган. 2025 йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 318 триллион 179 миллиард сўмни ташкил қилган эди. Натижада тушум бир йилда 199,7 триллион сўмга (+62,8%) ошган.
Эътиборли жиҳати, тўққиз ойлик тушум 2025 йилнинг 12 ойидаги ҳажмдан (460,3 триллион сўм) 57,6 триллион сўмга ёки 12,5 фоизга кўп. Ойлик ўртача тушум 2025 йилдаги 38,4 триллион сўмдан бу йил 57,5 триллион сўмга, учинчи чоракда эса 65,1 триллион сўмга етган.

Чораклар кесимида ўсиш суръати изчил тезлашган: биринчи чоракда тушум ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35,3 фоизга, иккинчи чоракда 65,6 фоизга, учинчи чоракда эса 84,4 фоизга ошган. Энг юқори ойлик кўрсаткич май ойида — 79,4 триллион сўм қайд этилган.
Ўсишнинг иккинчи чоракдан бошлаб кескин тезлашгани Президентнинг 2025 йил 10 декабрдаги ПФ-246-сон фармони билан белгиланган талаблар кучга кирган даврга тўғри келади. Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан давлат хизматлари, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви, спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари, ёқилғи қуйиш шохобчаларидаги ёқилғи ҳамда нархи 25 миллион сўмдан юқори товар ва хизматлар учун тўловлар (айрим истиснолар билан) фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.
Таққослаш учун: 2025 йилда терминаллар орқали тушум 2024 йилга нисбатан 40,9 фоизга — 326,7 триллион сўмдан 460,3 триллион сўмга ошган эди.
Банклар кесими: Алоқабанк етакчи, Octobank'да пасайиш
Тушум ҳажми бўйича Алоқабанк етакчилигини сақлаб қолди: тўққиз ойда банк терминаллари орқали 52,8 триллион сўм тушган, бу жами тушумнинг 10,2 фоизи. Кейинги ўринларда Ўзмиллийбанк (42,4 триллион сўм), TBC Bank (33,3 триллион сўм), Hamkorbank (31,5 триллион сўм) ва Uzum Bank (29,7 триллион сўм) жойлашган. Энг йирик беш банкнинг улуши бир йил аввалги 38,3 фоиздан 36,6 фоизга пасайган.
Мутлақ ўсиш бўйича Ўзмиллийбанк олдинда — банк тушуми 20,8 триллион сўмдан 42,4 триллион сўмгача, яъни икки баробардан зиёд ошган. Шунингдек, Ипак Йўли банкда тушум 18,3 триллион сўмга (+170%), Uzum Bank'да 17,8 триллион сўмга (+150%), Hamkorbank'да 17,5 триллион сўмга (+125%), Халқ банкида 16,9 триллион сўмга (+178%) кўпайган. Гарант банкда кўрсаткич 2025 йилнинг 9 ойидаги 968 миллиард сўмдан 18,6 триллион сўмга — 19 баробарга ошган.

Икки давр бўйича ҳам маълумоти мавжуд 35 та банкдан 32 тасида тушум ўсган, учтасида камайган. Энг катта пасайиш Octobank'да (19,2 триллион сўмдан 10,3 триллион сўмгача, -46,3%) ва Содерот банкда (9,1 триллион сўмдан 1,5 триллион сўмгача, -83,6%) кузатилган. Эътиборли жиҳати, Содерот банкда атиги 27 та терминал ва 3,3 мингта карта қайд этилган бўлса-да, 2025 йилнинг 9 ойида банк орқали 9,1 триллион сўм тушум ўтган.
Шу билан бирга, жадвалда Uzum Bank ва AVO Bank'да битта ҳам тўлов терминали кўрсатилмаган, TBC Bank'да эса 41 та терминал қайд этилган. Шунга қарамай, бу банклар тушуми мос равишда 29,7; 10,9 ва 33,3 триллион сўмни ташкил қилган.
Карталар: ўсишнинг тўртдан уч қисми тўрт банк ҳиссасига
1 октябрь ҳолатига муомаладаги банк карталари сони 79 миллион 249 минг донага етди. Йил бошидан буён кўрсаткич 10,98 миллион донага (+16,1%) кўпайган — бу 2025 йилнинг 12 ойидаги ўсишдан (6,27 миллион дона) 1,75 баробар кўп. Ўтган йилнинг 1 октябрига нисбатан эса карталар сони 15,6 миллион донага (+24,5%) ошган.
Ўсишнинг асосий қисми тўрт банк ҳиссасига тўғри келди: Uzum Bank'да карталар сони 2,60 миллион донага (+51,0%), Hamkorbank'да 1,93 миллион донага (+50,4%), ANORBANK'да 1,91 миллион донага (+53,9%), Халқ банкида 1,59 миллион донага (+14,7%) кўпайган. Тўрт банкнинг жами ўсиши 8,04 миллион донани ёки тизим бўйича ўсишнинг 73,2 фоизини ташкил этади.
Капиталбанкда карталар сони йил бошидан буён қарийб икки баробар (+97,3%) ошган. Бунинг деярли барчаси сентябрь ойига тўғри келади: 1 сентябрь ҳолатига банкда 892,8 минг дона карта бўлган бўлса, 1 октябрга келиб улар сони 1,70 миллион донага етган (+812 минг дона).

Йил бошидан буён 5 та банкда карталар сони камайган. Энг катта қисқариш TBC Bank'да (-421,5 минг дона, -10,0%), Асакабанкда (-358,8 минг дона, -24,3%), Tenge Bank'да (-234,6 минг дона, -19,8%) ва Hayot Bank'да (-150,2 минг дона, -53,8%) кузатилган. Асакабанкда пасайиш асосан сентябрда юз берган — бир ойда 388,2 минг дона.
1 октябрь ҳолатига муомаладаги карталари сони 5 миллион донадан ошган банклар олтитани ташкил этади. Уларга Халқ банки (12,4 млн дона; жамининг 15,6 фоизи), Uzum Bank (7,7 млн дона), Агробанк (6,9 млн дона), Ипотека-банк (5,8 млн дона), Hamkorbank (5,8 млн дона) ва ANORBANK (5,5 млн дона) киради. Ўзбекистон аҳолиси 1 июль ҳолатига 38,5 миллион нафарни ташкил этганини ҳисобга олсак, ҳар бир аҳолига (ёшидан қатъий назар) ўртача 2 тадан ортиқ банк картаси тўғри келади.
Бошқача айтганда, бир йилда тушум 62,8 фоизга ошгани ҳолда карталар сони 24,5 фоизга, терминаллар сони эса 6,8 фоизга ўсган. Битта картага тўққиз ойда ўртача 6,5 миллион сўм тушум тўғри келган, ўтган йили бу кўрсаткич 5,0 миллион сўм эди. Бу ўсиш янги инфратузилмадан кўра мавжуд карта ва терминаллардан фойдаланиш фаоллиги ортгани билан изоҳланиши мумкин.
Терминаллар ва банкоматлар
Ўрнатилган тўлов терминаллари сони 459 322 тага етиб, йил бошидан буён 28 560 тага (+6,6%) кўпайган. Таққослаш учун, 2025 йилнинг 12 ойида тармоқ атиги 4 537 тага кенгайган эди.
Терминаллар тармоғининг кенгайишида Hamkorbank етакчи: банк йил бошидан буён 13 690 та терминал қўшиб, уларнинг умумий сонини 71 073 тага етказган. Бу тизимдаги барча терминалларнинг 15,5 фоизи, йил бошидан буёнги соф ўсишнинг эса 47,9 фоизи демакдир. Кейинги ўринларда Туронбанк (+3 702 та), Ориент Финанс банк (+2 782 та), Универсалбанк (+2 666 та), Ўзсаноатқурилишбанк (+2 481 та) ва Трастбанк (+2 386 та) турибди.
Шу билан бирга, Агробанкда терминаллар сони 8 754 тага (32 249 тадан 23 495 тагача, -27,1%), Ипотека-банкда 4 414 тага (-14,3%) қисқарган.

Банкомат ва инфокиосклар сони йил бошидан буён 7 079 тага (+17,7%) кўпайиб, 47 169 тага етди. Ўсишнинг 4 726 таси ёки қарийб учдан икки қисми (67,1%) тўлов ташкилотлари ҳиссасига тўғри келган — уларнинг қурилмалари сони 22 600 тадан 27 326 тага етган. Натижада тизимдаги банкомат ва инфокиосклардан 58 фоизи тўлов ташкилотларига тегишли. Банклар орасида APEX BANK (+553 та), Invest Finans Bank (+547 та), Капиталбанк (+105 та) ва ANORBANK (+100 та) тармоғини кенгайтирган, Агробанкда эса уларнинг сони 142 тага камайган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ битта катта ёшли аҳолига ўртача 3,2 та банк картаси тўғри келиши, аммо сўнгги 12 ой давомида карталарнинг атиги 53 фоизи фаол ишлатилгани ҳақида ёзгандик.
Изоҳ! 2026 йил 16 октябрь 16:30 ҳолатига кўра Asia Alliance Bank маълумотлари янгиланди.
