Марказий банк 2026 йил 30 октябрда тижорат банклари ва тўлов ташкилотларига банкоматлардаги амалиётлар бўйича кузатилаётган айрим ҳолатлар юзасидан хат юборди.
Хатда қайд этилишича, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда банк картасидан маблағ ҳисобдан чиқарилган бўлса-да, истеъмолчига нақд пул берилмаган ҳолатлар учрамоқда. Бундай низоларда тўлов хизматини кўрсатувчи одатда операция муваффақиятли якунланганини тасдиқловчи электрон журналлар ва техник маълумотларга таянади. Бироқ банкоматлардан фойдаланиш талабларига риоя этилмагани ва зарур маълумотлар сақланмагани сабабли айрим ҳолларда у пул мижозга ҳақиқатда берилганини ишончли тасдиқлай олмайди.

Марказий банк хати / Манба: cbu.uz
Шу муносабат билан регулятор тўлов хизматларини кўрсатувчилар банкомат ва бошқа ўзига ўзи хизмат кўрсатиш қурилмаларидан фойдаланишда қонунчиликдаги талабларни, хусусан, техник ва ички назоратни ташкил этиш, амалиётлар натижаларини қайд этиш ҳамда зарур маълумотларни сақлаш талабларини бажариши шартлигини эслатди. Марказий банкнинг фикрича, бу талаблар расмиятчилик эмас, балки хизматнинг ишончли кўрсатилиши ва истеъмолчиларнинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилишнинг зарур шарти ҳисобланади.
Хатдаги асосий норма шундан иборат: агар хизмат кўрсатувчи талабларни бузгани туфайли низоли операциянинг ҳақиқий ҳолатини холис аниқлашнинг имкони бўлмаса, бунинг оқибатлари истеъмолчига юкланмайди. Бошқача айтганда, банкомат ҳақиқатда пул берганини исботлай олмаган хизмат кўрсатувчи «тизимда операция муваффақиятли ўтган» деган важ билан мижознинг шикоятини рад эта олмайди.
Ахборот тизимида операциянинг «муваффақиятли» деб қайд этилганлиги хизмат амалда кўрсатилганлигининг ўз-ўзидан ва сўзсиз тасдиғи ҳисобланмайди.
Регулятор бундай мурожаатларни кўриб чиқишда ҳар томонлама ва холис текширув ўтказилишини талаб қилган. Текширувда электрон журналлар ва техник маълумотлар билан бир қаторда банкоматдаги нақд пул қолдиғини солиштириш натижалари, тўлов инфратузилмаси иштирокчиларининг маълумотлари, видеоёзувлар ва бошқа далиллар инобатга олиниши лозим. Текширув якунида истеъмолчига аниқланган ҳолатлар ва хулоса чиқаришда фойдаланилган маълумотлар кўрсатилган жавоб юборилиши керак.
Агар операция лозим даражада бажарилмагани аниқланса, қоидабузарликка йўл қўйган хизмат кўрсатувчи истеъмолчининг бузилган мулкий ҳуқуқлари тикланишини таъминлаши шарт. Қоидабузарлик аниқланган ҳолларда Марказий банк унинг хусусияти, оқибатлари ва камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрилган чораларнинг тўлиқлигини инобатга олиб, таъсир чоралари ва жавобгарлик чораларини қўллайди.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк 15 май куни ҳам бозор иштирокчиларига банкоматлар билан боғлиқ муаммолар бўйича хат юборганди. Унда маблағ ечилиб, нақд пул берилмаслиги, карта банкоматда қолиб кетиши ва муваффақиятсиз операция учун комиссия ушлаб қолиниши иккинчи даражали техник ҳодиса эмас, истеъмолчиларнинг мулкий манфаатларига бевосита таъсир қилувчи масала сифатида кўрилиши кераклиги таъкидланган.
Июнь ойида Сенат ялпи мажлисида (Марказий банк ҳисоботи муҳокамасида) сенатор Қутбиддин Бурҳонов 2025 йилда банкоматлар носозлиги бўйича қарийб 290 минг ҳолат қайд этилганини айтган эди. Унинг маълумотига кўра, 10 мингга яқин мурожаат 15 кундан ортиқ муддатда ҳал қилинган, 3 мингдан зиёд фуқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга мажбур бўлган. Марказий банк раиси Тимур Ишметов эса ўтган йили банкоматларда 341 миллион операция амалга оширилгани, муаммоли операциялар улуши 0,08 фоизни ташкил этганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, бевосита банклар ва тўлов тизими операторлари айби билан юзага келган ҳолатлар 15 фоиз, яъни 46 мингга яқинни ташкил этган. Регулятор 6 августдан банкоматлар ишидаги қоидабузарликлар учун банкларга молиявий санкция қўллашни назарда тутувчи биринчи меъёрий ҳужжат кучга киришини ҳам маълум қилган эди.
