Банкларнинг депозит базаси йил бошидан 20 фоизга ўсди

27.10.2026 13:54

259

Ўзбекистон банкларининг жами депозит базаси йил бошидан буён 417,3 трлн сўмдан 501,0 трлн сўмгача (+20,1%) кўпайди. Бу кредит портфели ўсишидан (9,1%) 2,2 баробар тез. Қайси банклар депозитини қанчага оширгани ва ўсиш кимнинг ҳисобига бўлгани ҳақида мақолада ўқинг.

Фото: Kun.uz

Марказий банк 2026 йил 1 октябрь ҳолатига тижорат банкларининг кредит ва депозитлари тўғрисидаги маълумот берди.

Манба: Марказий банк

Тўққиз ой давомида банклардаги депозитлар ҳажми 83 триллион 777 миллиард сўмга ошди. Лицензияси январь ойида бекор қилинган Yangi Bank'нинг 412 миллиард сўмлик депозитлари йил бошидаги депозит базасида ҳисобга олингани, тўққиз ойлик якунида эса Таянч микромолия банкининг 310 миллиард сўмлик депозитлари борлигини инобатга олинса, жами 34 та банк бўйича депозитлар йил бошидан буён 83 триллион 879 миллиард сўмга (+20,1%) кўпайган.

Шу даврда кредит портфели 604,0 триллион сўмдан 659,1 триллион сўмгача (+9,1%) ошди. Натижада кредитларнинг депозитларга нисбати 144,8 фоиздан 131,5 фоизгача пасайди.

Жисмоний ва юридик шахслар

Жисмоний шахслар депозитлари 160,4 триллион сўмдан 191,6 триллион сўмгача (+19,5%), юридик шахсларники 256,9 триллион сўмдан 309,4 триллион сўмгача (+20,5%) ўсди. Жисмоний шахсларнинг улуши 38,4 фоиздан 38,2 фоизгача деярли ўзгармади.

Давлат улуши мавжуд 9 та банкнинг депозитлари 212,7 триллион сўмдан 251,5 триллион сўмгача (+18,2%) ошди. Бу гуруҳда ўсиш жисмоний шахслар ҳисобига юқори бўлди: уларнинг депозитлари 74,7 триллион сўмдан 91,8 триллион сўмгача (+22,9%), юридик шахсларники эса 138,0 триллион сўмдан 159,6 триллион сўмгача (+15,7%) ошган. Давлат улуши бўлмаган банкларда аксинча: депозитлар 204,6 триллион сўмдан 249,6 триллион сўмгача (+22,0%) кўпайган, шундан юридик шахсларники 26,0 фоизга, жисмоний шахсларники 16,4 фоизга ошган. Давлат банкларининг жами депозитлардаги улуши 51,0 фоиздан 50,2 фоизгача тушди.

Энг йирик банклар

Депозит базаси бўйича биринчи тўрт банк ўринларини сақлаб қолди: Ўзмиллийбанк (50,4 трлн сўмдан 58,8 трлн сўмгача, +16,6%), Капиталбанк (44,4 трлн сўмдан 51,5 трлн сўмгача, +16,1%), Агробанк (33,6 трлн сўмдан 44,6 трлн сўмгача, +32,9%) ва Ўзсаноатқурилишбанк (31,5 трлн сўмдан 37,7 трлн сўмгача, +19,7%). Халқ банки (26,6 трлн сўмдан 31,5 трлн сўмгача, +18,2%) бешинчи ўринга чиқиб, Ипотека-банкни (27,8 трлн сўмдан 29,3 трлн сўмгача, +5,4%) ортда қолдирди. Энг йирик беш банкнинг тизимдаги улуши 45,0 фоиздан 44,7 фоизгача тушган.

Ўсишга энг катта ҳисса қўшган банклар

Мутлақ ҳисобда депозитлар энг кўп Агробанкда (+11,0 трлн сўм) ошди, банкнинг тизимдаги улуши 8,1 фоиздан 8,9 фоизгача кўтарилди. Кейинги ўринларда Ипак Йўли банк (+8,5 трлн сўм, 14,6 трлн сўмдан 23,1 трлн сўмгача, +57,9%), Ўзмиллийбанк (+8,4 трлн сўм), Трастбанк (+7,4 трлн сўм, 9,6 трлн сўмдан 17,0 трлн сўмгача, +77,4%), Капиталбанк (+7,1 трлн сўм), Ўзсаноатқурилишбанк (+6,2 трлн сўм) ва Халқ банки (+4,8 трлн сўм) туради. Энг кўп ўсган ўнта банк 34 та банк бўйича жами ўсишнинг 75,4 фоизини берган.

Манба: Марказий банк, Bankers.uz ҳисоб-китоби

Ўсиш манбаи банкларда турлича. Агробанкда депозитлар ўсишининг 78,1 фоизи жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келган: уларнинг депозитлари 15,9 триллион сўмдан 24,6 триллион сўмгача (+54,1%) кўпайиб, жисмоний шахсларнинг банк депозитларидаги улуши 47 фоиздан 55 фоизгача ошди. Ипак Йўли банк (+7,8 трлн сўм), Трастбанк (+6,2 трлн сўм), Ўзмиллийбанк (+5,1 трлн сўм) ва Халқ банкида (+4,7 трлн сўм) ўсиш асосан юридик шахслар ҳисобига бўлди. Ипак Йўли банкда юридик шахслар депозитлари 9,2 триллион сўмдан 17,0 триллион сўмгача (+84,3%), Трастбанкда 6,6 триллион сўмдан 12,8 триллион сўмгача (+93,9%) ошган. Халқ банкида жисмоний шахслар депозитлари деярли ўзгармаган (6,4 трлн сўмдан 6,5 трлн сўмгача, +2,0%).

Жисмоний шахслар депозитлари бўйича Агробанкдан кейин Капиталбанк (+3,9 трлн сўм), Ўзмиллийбанк (+3,3 трлн сўм), Hayot Bank ва Ўзсаноатқурилишбанк (иккаласида +2,1 трлн сўм) турибди. Hayot Bank'да жисмоний шахслар депозитлари 0,9 триллион сўмдан 3,0 триллион сўмгача (қарийб 3,4 баробар) кўпайиб, уларнинг улуши 18 фоиздан 35 фоизгача ошди.

Манба: Марказий банк, Bankers.uz ҳисоб-китоби

Тез ўсган ва камайган банклар

Фоиз ҳисобида депозитлар 20 фоиздан тез ўсган банклар сони 14 тани ташкил қилади. 50 фоиздан кўп ўсганлар орасида APEX BANK (2,0 трлн сўмдан 4,2 трлн сўмгача, +106,0%), Ипак Йўли банк, Трастбанк, Hayot Bank (4,9 трлн сўмдан 8,4 трлн сўмгача, +71,0%) ва Tenge Bank (2,4 трлн сўмдан 3,9 трлн сўмгача, +59,5%) бор. Кичик депозит базасига эга банкларда фоизлар янада юқори: Uzum Bank'да 769 миллиард сўмдан 1,5 триллион сўмгача (+92,8%), AVO Bank'да 313 миллиард сўмдан 978 миллиард сўмгача (+212,1%), Openbank'да 43 миллиард сўмдан 167 миллиард сўмгача (+286,5%).

Tenge Bank'да ўсиш юридик шахслар ҳисобига бўлди: уларнинг депозитлари 1,3 триллион сўмдан 3,3 триллион сўмгача (+151,5%) ошган, жисмоний шахсларники эса 1,1 триллион сўмдан 0,6 триллион сўмгача (−44,0%) камайган. Натижада жисмоний шахслар улуши 47 фоиздан 17 фоизгача тушган. Жисмоний шахслар депозитлари яна олтита банкда қисқарган: Ипотека-банкда (5,9 трлн сўмдан 5,6 трлн сўмгача, −6,3%) ва Ориент Финанс банкда (−6,2%) ҳамда InFinBank (−4,5%), KDB Bank (−34,8%), Ziraat Bank (−17,2%) ва Openbank'да (−16,2%).

Депозитлар секин ўсган банкларга Асакабанк (21,8 трлн сўмдан 22,0 трлн сўмгача, +1,0%), TBC Bank (+1,1%), KDB Bank (+4,6%) ва Ипотека-банк (+5,4%) киради. Ўсиш 10 фоиздан паст бўлган банклар сони ўнтани ташкил қилади.

Иккита банкда депозитлар камайган. Ориент Финанс банкда депозит базаси 12,4 триллион сўмдан 11,9 триллион сўмгача (−4,0%, −503 миллиард сўм) пасайди: жисмоний шахслар депозитлари 3,5 триллион сўмдан 3,3 триллион сўмгача, юридик шахсларники 8,9 триллион сўмдан 8,6 триллион сўмгача камайган. Мадад Инвест банкда (mybank) депозитлар 216 миллиард сўмдан 176 миллиард сўмгача (−18,3%) қисқарган.

Таянч микромолия банки 1 октябрь жадвалида биринчи марта пайдо бўлди: унинг депозитлари 310 миллиард сўмни, кредитлари эса 219,5 миллиард сўмни ташкил қилади. Банк депозитларининг 68,3 фоизи жисмоний шахсларга тегишли. Таққослаш учун, йил бошидаги жадвалда мавжуд Yangi Bank'нинг 412 миллиард сўмлик депозитларининг 74,8 фоизи жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келган эди.

Сўм ва хорижий валюта

Марказий банкнинг валюта кесимидаги жадвалларига кўра (уларда Таянч микромолия банки йўқ), миллий валютадаги депозитлар йил бошидан 329,9 триллион сўмдан 407,6 триллион сўмгача (+23,6%) ошди, хорижий валютадаги депозитлар эса 87,3 триллион сўмдан 93,1 триллион сўмгача (+6,6%) кўпайди. Хорижий валютадаги депозитлар сўм эквивалентида ҳисобланади. Тизим бўйича ўсишнинг 93,1 фоизи миллий валютадаги депозитлар ҳиссасига тўғри келди, хорижий валютадаги депозитларнинг жами депозитлардаги улуши эса 20,9 фоиздан 18,6 фоизгача тушди.

Хорижий валютадаги депозитларнинг улуши энг юқори банклар — KDB Bank (48,6%), Ўзмиллийбанк (34,9%), Капиталбанк (34,7%), Asia Alliance Bank (33,3%) ва Ориент Финанс банк (32,9%). Улардан фақат Капиталбанкда бу улуш йил бошидан ошган (33,7 фоиздан 34,7 фоизгача): банкнинг хорижий валютадаги депозитлари 2,9 трлн сўмга кўпайган — бу тизимдаги энг катта ўсиш.

Валюта таркиби энг кескин ўзгарган банк — Octobank. Унда хорижий валютадаги депозитларнинг улуши 41,0 фоиздан 14,5 фоизгача тушди: депозитларнинг умумий ҳажми 10,8 триллион сўмдан 12,7 триллион сўмгача ошган бўлса-да, хорижий валютадагилар 4,4 триллион сўмдан 1,9 триллион сўмгача (−2,6 трлн сўм) камайган. Ориент Финанс банкда улуш 48,8 фоиздан 32,9 фоизгача, Asia Alliance Bank'да 42,6 фоиздан 33,3 фоизгача пасайган. Аксинча, Davr Bank'да улуш 6,6 фоиздан 16,9 фоизгача, Асакабанкда 13,7 фоиздан 18,9 фоизгача ошди.

Манба: Марказий банк, Bankers.uz ҳисоб-китоби

Эслатиб ўтамиз, 9 ой якунларига кўра банкларнинг жами активлари бир йилда 20,5 фоизга ошиб, 1 квадриллион 44,5 трлн сўмга етган, соф фойда эса 40 фоизга ўсиб 15,3 трлн сўмни ташкил қилган эди.

Теглар:

#кредит#депозит

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган