Оператив маълумотларга кўра, Ўзбекистонда фаолият юритаётган 34 та тижорат банки* 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида жами 15 трлн 262 млрд сўм соф фойда олди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги (10 трлн 876 млрд сўм)дан 4 трлн 386 млрд сўмга ёки +40,3 фоизга кўпроқ.**
Жорий йилнинг тўққиз ойида олинган соф фойда ўтган йилги йиллик кўрсаткичнинг 98,5 фоизига етди.
Тизим соф фойдаси ўсишининг катта қисми битта банк ҳиссасига тўғри келди: Ipoteka bank OTP Group'нинг соф фойдаси бир йилда 1 триллион 969,8 миллиард сўмга ошди, бу тизим бўйича ўсишнинг 44,9 фоизини ташкил этади. Мазкур банкни ҳисобга олмаганда, қолган банклар соф фойдаси 22,4 фоизга ошган.
Bankers.uz оператив маълумотлар асосида ҳар бир тижорат банкининг соф фойдасини ўтган йилнинг мос даври билан таққослади.
Етакчи «ўнлик»
9 ойлик натижаларга кўра, 5 та банк — Ipoteka bank OTP Group (2 трлн 72,3 млрд сўм), Ўзмиллийбанк (1 трлн 552,2 млрд сўм), Hamkorbank (1 трлн 480,4 млрд сўм), Капиталбанк (1 трлн 313 млрд сўм) ҳамда Ўзсаноатқурилишбанк (1 трлн 207 млрд сўм) соф фойдасини 1 трлн сўмдан оширди. Ўтган йилнинг мос даврида бундай банклар тўртта эди.
Етакчи «ўнлик»дан, шунингдек, Халқ банки (837,3 млрд сўм), Ипак Йўли банк (821,8 млрд сўм), Трастбанк (766,8 млрд сўм), Ориент Финанс банк (724,6 млрд сўм) ҳамда KDB Bank (644,7 млрд сўм) ўрин олди. Энг юқори соф фойда қайд этган 10 та банк тизим бўйича соф фойданинг 74,8 фоизини берди, ўтган йилнинг мос даврида бу кўрсаткич 80,6 фоиз эди.
Ipoteka bank OTP Group рейтингда 19-ўриндан биринчи ўринга кўтарилди: ўтган йилнинг 9 ойида 102,5 миллиард сўм соф фойда олган банк бу йил кўрсаткични 20 баробар оширди.
Давлат ва хусусий банклар
Давлат улуши мавжуд 9 та банкнинг жами соф фойдаси 4 трлн 649 млрд сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос давридагидан 14,9 фоиз кўп.
Давлат улуши бўлмаган 25 та банк эса 9 ойда жами 10 трлн 613 млрд сўм соф фойда олди, ўсиш 55,4 фоизни ташкил этди. Натижада хусусий банкларнинг жами соф фойдадаги улуши бир йилда 62,8 фоиздан 69,5 фоизга ошди. Бу ўсишнинг ҳам ярмидан кўпи (52,1 фоизи) Ipoteka bank OTP Group ҳиссасига тўғри келади: уни ҳисобга олмаганда, давлат улуши бўлмаган банклар соф фойдаси 26,9 фоизга ошган.
Давлат банклари орасида энг йириги — Ўзмиллийбанкнинг соф фойдаси 7,1 фоизга (1 трлн 449,7 млрд сўмдан 1 трлн 552,2 млрд сўмгача) ошди. Халқ банки (269,1 млрд сўмдан 837,3 млрд сўмгача, 3,1 баробар), Агробанк (32,8 млрд сўмдан 170,6 млрд сўмгача, 5,2 баробар), Туронбанк (+74,2%), Алоқабанк (+58,4%) ва Асакабанк (+51,4%) соф фойдасини сезиларли оширди. Ўзсаноатқурилишбанк (−178,9 миллиард сўм), Бизнесни ривожлантириш банки (−127,3 миллиард сўм) ва Микрокредитбанкда (−141,3 миллиард сўм) эса пасайиш кузатилди.
Ўсиш ва пасайиш
34 та банкдан 24 тасида соф фойда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ошди, 10 тасида камайди.
Ипотека-банк ва Халқ банкидан ташқари, Uzum Bank (7,6 млрд сўмдан 485 млрд сўмгача), InFinBank (196,5 млрд сўмдан 530,7 млрд сўмгача), APEX BANK (+231,2 млрд сўм), Hamkorbank (+212,6 млрд сўм), Капиталбанк (+156,3 млрд сўм), KDB Bank (+151,4 млрд сўм), Алоқабанк (+150,9 млрд сўм) ҳамда Трастбанк (+149,9 млрд сўм) соф фойдасини миқдорий жиҳатдан энг кўп оширди. Ўтган йилнинг мос даврида 52,2 млрд сўм зарар кўрган APEX BANK бу йил 9 ойни 179 млрд сўм соф фойда билан якунлади.
Шунингдек, Ўзсаноатқурилишбанк (−178,9 млрд сўм), Микрокредитбанк (−141,3 млрд сўм), ANORBANK (−131,4 млрд сўм), Бизнесни ривожлантириш банки (−127,3 млрд сўм), TBC Bank (−100 млрд сўм), Ориент Финанс банк (−68,9 млрд сўм), Asia Alliance Bank (−48,4 млрд сўм), Универсалбанк (−30,9 млрд сўм), Пойтахт банк (−10,9 млрд сўм) ва mybank'да (−3,3 млрд сўм) соф фойда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан камайди.
Иккита банк — TBC Bank (−69,6 миллиард сўм) ва Микрокредитбанк (−50,4 миллиард сўм) 9 ойликни зарар билан якунлади. Ўтган йилнинг мос даврида бу банклар мос равишда 30,3 млрд сўм ва 90,9 млрд сўм фойдада эди.
Барча банкларнинг 2026 йил 9 ойидаги молиявий натижаси ва ўтган йилнинг мос даври билан солиштирмасини қуйидаги инфографика орқали кўриш мумкин.

Манба: Оператив маълумотлар.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда банклар жами 15,5 трлн сўм соф фойда олиб, натижани 2024 йилга нисбатан 2,2 баробар оширган эди.
* Таҳлилга "Tayanch mikromoliya banki" АЖ кўрсаткичлари киритилмаган.
** Ўтган йилги кўрсаткичга лицензияси 2026 йил 15 январда бекор қилинган Yangi Bank'нинг 95,4 миллиард сўмлик зарари ҳам киради.
