"Микрокредитбанк" АТБ акциядорларнинг 18 сентябрдаги навбатдан ташқари умумий йиғилишида кузатув кенгаши аъзолари Умиджон Муйдинов, Беҳзод Ҳошимов ва Арам Казаряннинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилди. У.Муйдинов кенгашда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакили (вазирлик бошқарма бошлиғи) бўлган, Б.Ҳошимов (Абу-Дабидаги Нью-Йорк университети профессори) ва А.Казарян эса мустақил аъзо ҳисобланган.
Кенгашнинг мустақил аъзолари этиб Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) Мустақил назорат маслаҳат қўмитаси раиси ўринбосари Данил Керими, АҚШнинг "Insignia Financing" компанияси бошқарувчи директори Низомиддин Мурадов, "Қозоғистон темир йўли" миллий компанияси мустақил директори Улф Вокурка ҳамда "The Inter Board Academy" МЧЖ директори – муассиси Майкл Царев уч йил муддатга сайланди. Йиғилиш баённомасидан кўчирмага кўра, улар ваколатлари тугатилган уч аъзо ҳамда аввалроқ кенгашдан чиққан Георгий Паресишвили ўрнига сайланган. Янги аъзолар номзоди Марказий банк билан келишилгандан сўнг лавозимга киришади.
Шу тариқа кузатув кенгаши аъзолари сони 8 нафардан 9 нафарга етди (ҳисоб - таҳр.). Давлат вакиллари бештадан тўрттага қисқарди: кенгаш раиси, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Захидов, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департамент директори Суҳроб Қўйчиев ва бошқарма бошлиғи Бахтиёр Раджабов, шунингдек, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси бўлим бошлиғи Фарход Нургалиев кенгаш таркибида қолди. Мустақил аъзолар эса учтадан бештага кўпайди — янги аъзоларга "Safenetpay" компанияси молия директори Дилшод Михманов қўшилади. Бошқача айтганда, кенгашда мустақил аъзолар кўпчиликни ташкил этади. Янги мустақил аъзоларнинг учтаси хорижий мутахассислардир.

Д.Керими / Фото: Chinadaily.com
Данил Керими технологиялар, халқаро молия, интеллектуал мулк ва давлат бошқаруви соҳаларида 22 йилдан ортиқ тажрибага эга. Шаньдун университетини (2003), Вена дипломатик академияси магистратурасини (2005) тамомлаган, Жаҳон иқтисодий форумининг (WEF) глобал етакчилик дастури бўйича MBA даражасига эга. Мюнхен техника университети (TUM) докторанти ҳисобланади. Фаолиятини 2004 йилда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасида бошлаб, Халқаро валюта жамғармаси ва FATF билан ҳамкорликда пул ювишга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш (AML/CFT) тизимларини ишлаб чиқишда иштирок этган. 2008–2020 йилларда WEF'да глобал технологияларни бошқариш йўналиши раҳбари ўринбосари бўлган, кейинчалик Amazon Web Services'да давлат трансформацияси лойиҳаларига раҳбарлик қилган. 2023 йилдан WIPO Мустақил назорат маслаҳат қўмитаси раиси ўринбосари. Шунингдек, Nasdaq биржасида листингга чиққан SEALSQ компанияси директорлар кенгаши аъзоси.

Н.Мурадов / Фото: Turonbank.uz
Низомиддин Мурадов 1997 йилда Тошкент давлат техника университетини, 1999 йилда АҚШнинг Олд Доминион университети магистратурасини (бизнесни бошқариш, молия ва кредит) тамомлаган. Фаолиятини 1999 йилда Марказий банкда бошлаб, 2006 йилгача банкларни лицензиялаш, ички назоратни мувофиқлаштириш ва капитални шакллантириш мониторинги департаментлари директори лавозимларида ишлаган. 2008–2011 йилларда Ўзбекистон кредит уюшмалари ассоциацияси ижрочи директори, 2011–2014 йилларда Халқ банкида риск-менежмент ҳамда бизнес ва стратегик ривожлантириш департаментлари раҳбари бўлган. 2017 йилдан "Insignia Financing, LLC" бошқарувчи директори, 2021 йилдан Туронбанк кузатув кенгашининг мустақил аъзоси ҳисобланади.

У.Вокурка / Фото: Invest.gov.kz
Улф Вокурка 1962 йилда Германияда туғилган, 1989 йилда Москва давлат халқаро муносабатлар институтини (МГИМО) тамомлаган. 1990–2006 йилларда Deutsche Bank'да, жумладан, унинг Қозоғистондаги, Лондон ва Нью-Йоркдаги бўлинмаларида ишлаган. 2006–2008 йилларда Қозоғистоннинг "Самрук" давлат активларини бошқариш холдинги бошқаруви раиси ўринбосари ва молия директори (CFO), 2008–2010 йилларда Metzler Asset Management бошқарувчи директори, 2010–2017 йилларда Deutsche Bank'нинг Қозоғистондаги ваколатхонаси раҳбари бўлган. Турли йилларда Қозоғистон тараққиёт банки, Halyk Bank, NURBANK, KEGOC ва Туркиянинг Sekerbank банки директорлар кенгашларида мустақил директор сифатида ишлаган. Ҳозирда "Қозоғистон темир йўли" ва Kazakh Invest миллий компанияларида мустақил директор, 2025 йил февралидан SCHNEIDER GROUP консалтинг компаниясининг Қозоғистон ва Қирғизистон бўйича ҳамкори.

М.Царев / Фото: LinkedIn
Майкл Царев Европа ва Ўзбекистонда фаолият юритувчи, 35 йилдан ортиқ халқаро тажрибага эга молия ва бизнес стратегияси бўйича мутахассис, сертификатланган жамоат бухгалтери (CPA). "Катта тўртлик" аудиторлик компанияларидан бирининг собиқ ҳамкори. Тошкентда Лондон иқтисодиёт ва сиёсий фанлар мактаби (LSE) дастури бўйича доцент сифатида дарс беради. Айни пайтда "The Inter Board Academy" МЧЖ директори ва муассиси.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Ипак Йўли банки ва ANORBANK'да бошқарув раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган Малик Авазов Микрокредитбанк бошқаруви раиси этиб тайинланган эди.
