Марказий банк 24 сентябрь куни 2026–2030 йилларга мўлжалланган молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш миллий стратегиясини тақдим қилди. Стратегиянинг асосий мақсади — 2030 йил якунигача Ўзбекистонни финтех компаниялари учун Марказий Осиёдаги энг мақбул юрисдикцияга айлантириш. Тақдимотдаги "2031 йил истиқболлари" бўлимига кўра, компаниялар Ўзбекистонни минтақавий фаолият маркази сифатида танлаши, фуқаролар эса сифатли молиявий хизматлардан фойдаланиши кутилмоқда.

Манба: Марказий банк
Ҳужжатдаги олтита устувор йўналишдан иккитаси — минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш ва Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг финтех марказига айлантириш — бевосита ташқи бозорларга қаратилган.
Мақсад: 1 миллиард доллар ва 200 та иштирокчи
Стратегия тақдимотида келтирилган Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Марказий банк ҳузурида Финтех офиси ва Инновацион хаб ташкил этилади, бунинг учун Сингапурдан мутахассислар жалб қилинади. Ҳар йили 20–30 та финтех стартап хорижий бозорларга чиқиш учун тайёрланади ва ўқитилади, 2030 йилга қадар соҳага жами 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш имкониятлари яратилади.

Манба: Марказий банк
Президентнинг 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ-359-сон қарорида бу мақсадлар аниқ кўрсаткичларга айлантирилган. Унга кўра, 2030 йилгача финтех стартапларга 1 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниши, финтех бозори иштирокчилари сони камида 200 тага, инкубация ва акселерация дастурларидан ўтган стартаплар сони 100 тага етказилиши, камида 5 минг нафар ёш финтех йўналишида ўқитилиши лозим.
Марказий банк раиси Тимур Ишметов 24 август куни Silk Road Finance & Technology Forum очилишида хорижий компанияларни Ўзбекистонга таклиф қилди: "Шу ерда яратинг, янги ечимларни шу ерда синовдан ўтказинг, шу ерга сармоя киритинг, кадрларни шу ерда ривожлантиринг". Форум Марказий банк ҳамда Сингапур Валюта бошқармаси таъсис этган Global Finance & Technology Network (GFTN) ҳамкорлигида ўтказилди. Т.Ишметовнинг сўзларига кўра, финтех мутахассисларини тайёрлаш дастури Сингапур университетлари томонидан GFTN билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган, биринчи гуруҳ 2026 йил охиригача ўқишни бошлаши кутилмоқда.
Хорижий компанияларга нима таклиф қилинмоқда
Стратегиянинг тўртинчи йўналишида глобал финтех компаниялари учун Ўзбекистоннинг жозибадорлик омиллари тўрт гуруҳга ажратилган: бозорга кириш (Инновацион хабнинг хорижий компанияларга кўмаги), ҳуқуқий асос ва инфратузилма (Инновацион хаб ва Enterprise Uzbekistan — Англия ва Уэльс умумий ҳуқуқига таянувчи ҳуқуқий тизим), глобал капитални жалб қилиш (Silk Road Finance & Technology Forum, финтех компанияларнинг глобал инвесторлар билан алоқалари) ҳамда глобал финтех хаблари билан ҳамкорлик. Тақдимотда Европа, Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва ASEAN мамлакатлари асосий йўналишлар сифатида кўрсатилган.
Enterprise Uzbekistan бренди остидаги Халқаро рақамли технологиялар маркази тўғрисидаги конституциявий қонунни Президент 19 август куни имзолаган. Қонун 2027 йил 21 январдан кучга киради, махсус ҳуқуқий режим эса 2100 йил охиригача амал қилади. Марказ Тошкентдаги IT Park ҳудудида жойлашади. Унда зарур ҳолларда Англия ва Уэльснинг умумий ҳуқуқи қўлланилади, низоларни Тошкент халқаро тижорат суди кўриб чиқади. Махсус режим молия ва банк фаолияти ҳамда валюта операцияларини ҳам қамраб олиши мумкин: Марказий банк билан келишилган ҳолда марказда хорижий банкларнинг филиалларини очишга йўл қўйилади. Марказ иштирокчиларининг устувор фаолиятдан олган даромадлари фойда солиғидан озод қилинади, марказ ҳудудида ва хорижда товар (хизмат) сотишга ҚҚСнинг нол ставкаси қўлланилади. 2030 йилгача марказ орқали 1 мингтагача компанияни жалб қилиш ва 5 миллиард долларлик хизматлар экспортини таъминлаш режалаштирилган.
Шунингдек, Президент 13 июль куни Тошкент халқаро молия маркази тўғрисидаги конституциявий қонунни имзолаган. Унинг фаолият йўналишлари қаторида банк, суғурта, исломий ва технологик молия хизматлари, рақамли активлар ҳамда финтех хизматлари бор, иштирокчиларга 2076 йилгача солиқ имтиёзлари берилади. Марказ Президентнинг тегишли қарори эълон қилинган кундан бошлаб бир йилдан кечиктирмай ишга туширилиши лозим. Адлия вазири Акбар Тошқуловнинг март ойида маълум қилишича, 2030 йилга бориб молия маркази иқтисодиётга қўшимча 20–25 миллиард доллар жалб қилиши мумкин.

Манба: Марказий банк
Минтақадаги рақобат: Остона ва Дубай
Англия ҳуқуқи, алоҳида суд ва солиқ имтиёзлари минтақада янгилик эмас. Қўшни Қозоғистонда Остона халқаро молия маркази (AIFC) 2018 йилдан бери шу модел асосида ишлайди.
Таққослаш учун: Forbes Kazakhstan маълумотига кўра, AIFC'да 88 давлатдан 5 400 дан ортиқ компания рўйхатдан ўтган, солиқ имтиёзлари 2066 йилгача амал қилади. Дубай халқаро молия марказида (DIFC) эса 5 500 дан ортиқ компания фаолият юритади. Тошкент халқаро молия марказида эса 2030 йилга бориб камида 500 та компания фаолият юритиши мўлжалланган.
Қозоғистон Миллий банки кўмагида тайёрланган "Fintech in Kazakhstan 2026" ҳисоботига кўра, қозоғистонлик финтех стартаплар 2021–2025 йилларда жами 72 миллион доллар атрофида венчур инвестиция жалб қилган, 2026 йилда тўловларнинг 88 фоизи нақд пулсиз амалга оширилган. Ўзбекистонда эса, Т.Ишметовнинг сўзларига кўра, тўловларнинг 57 фоизи нақд пулсиз шаклда амалга оширилмоқда.
Пул ўтказмалари ва трансчегаравий тўловлар
Стратегия тақдимотида трансчегаравий оқимлар стратегик аҳамиятга эга экани, бироқ халқаро пул ўтказмалари қамрови чекланганлиги қайд этилган. Маълумот учун, 2025 йилда Ўзбекистонга хориждан 18,9 миллиард доллар пул ўтказмалари келиб тушган — бу 2024 йилга нисбатан 27,2 фоиз кўп. Статистика қўмитасига кўра, аҳоли жами даромадларида пул ўтказмалари улуши 21 фоизга етган.

Манба: Марказий банк
Стратегиянинг учинчи йўналиши минтақавий интеграцияга бағишланган. Унда финтех компаниялари учун минтақавий бозорларга кириш механизми, ўзаро ишловчи минтақавий тўлов тизимлари, пул ўтказмалари инфратузилмаси, комиссиялар ва валюта айирбошлаш курслари ўртасидаги фарқларнинг шаффофлиги ҳамда савдони рақамли молиялаштириш воситалари назарда тутилган. Кутилаётган натижа — пул ўтказмалари харажатлари ва валюта курслари ўзгарувчанлиги таъсирини камайтириш, кичик ва ўрта бизнес учун ликвидликдан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш. Йўл харитасига кўра, минтақавий тўлов тизимларининг ўзаро ишлашига қаратилган ташаббуслар ва трансчегаравий пилот лойиҳалар 2028–2029 йилларда бошланади.
Трансчегаравий ҳисоб-китоблар учун Марказий банкнинг улгуржи рақамли валютаси (wCBDC) ҳам кўриб чиқилмоқда. Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Очилов форумда улгуржи рақамли валюта бўйича концептуал ҳужжат (white paper) нашрга тайёрлигини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, регулятор улгуржи рақамли валютани тизимнинг таянч инфратузилмаси, хусусий стейблкоинларни эса лицензияланган ташкилотлар орқали аҳолига хизмат кўрсатиш воситаси сифатида ўрганмоқда. Стейблкоинлар Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан ҳамкорликда "тартибга солиш қумдони" да кичик миқёсда синовдан ўтказилмоқда.
"Ўзбекистон мисолида аҳолининг ишончини қозонишимиз жуда қийин кечди, бунга 7−8 йил вақт кетди. Жамият ишончига эришиш учун кўп саъй-ҳаракатлар қилинди. Бу ишончни сақлаб қолиш мақсадида биз бир томондан улгуржи CBDC, иккинчи томондан эса хусусий стейблкоинлар имкониятларини ўрганишга қарор қилдик", — деди Н.Очилов. Шу билан бирга, у рақамли валютани ишга тушириш бўйича қарор қабул қилингани ҳақида гапиришга ҳали эрта эканини таъкидлаган.

Манба: Марказий банк
Қўшни давлатлар ҳам шу йўналишда ҳаракат қилмоқда. Қозоғистон Миллий банки раиси ўринбосари Бинур Жаленовнинг маълум қилишича, Қозоғистон 11 та давлат, жумладан, Ўзбекистон билан трансчегаравий QR-тўловларни йўлга қўймоқчи. Хитой билан QR-тўловлар 2026 йил охиригача, Ўзбекистон ва бошқа давлатлар билан эса 2027 йил ўртасигача ишга туширилиши режалаштирилган.
2030 йилгача кутилаётган натижалар
Стратегия якунида инновацион финтех компаниялари сони ва хорижий инвестициялар ҳажмининг ошиши, трансчегаравий тўлов инфратузилмасининг мустаҳкамланиши, минтақавий интеграциянинг чуқурлашиши ҳамда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёнинг финтех марказига айланиши кутилмоқда. Йўл харитасининг 2030 йилга мўлжалланган "етакчилик" босқичида Ўзбекистон финтех инновациялари ва инвестициялари учун минтақавий фаолият марказига айланиши, глобал капитал ва хорижий финтех компанияларини жалб қилиш кўлами кенгайиши лозим.

Манба: Марказий банк
Эслатиб ўтамиз, кеча Марказий банк "2026–2030 йилларга мўлжалланган молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш миллий стратегияси"ни тақдим қилгани, унда банклар ва финтех компаниялар ўртасида очиқ API орқали маълумот алмашиш, мижозни рақамли ID орқали масофадан идентификация қилиш ва янги хизматларни "қумдон" да синаш каби муҳим режалар назарда тутилгани ҳақида ёзган эдик.
