Марказий банк 24 сентябрь куни 2026–2030 йилларга мўлжалланган молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш миллий стратегиясини тасдиқлади. Стратегиянинг асосий мақсади — 2030 йил якунигача Ўзбекистонни финтех компаниялари учун Марказий Осиёдаги энг мақбул юрисдикцияга айлантириш, шу билан бирга рақамли молиянинг фуқаролар ва бизнес учун хавфсиз, содда ва кенг қамровли бўлишини таъминлаш.
Ҳужжат олтита устувор йўналишни қамраб олади: қулай финтех экотизимини шакллантириш, рискларга мослашган назорат, минтақавий интеграцияни чуқурлаштириш, Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг финтех марказига айлантириш, илғор технологияларга асосланган молия ҳамда ишончли молиявий муҳит. Марказий банк стратегиянинг бешта трансформацион ташаббусини алоҳида ажратган: Инновацион хаб, тартибга солиш қумдони 2.0 (Regulatory Sandbox 2.0), Open Banking/Open Finance ва очиқ API стандартлари, рақамли идентификация инфратузилмаси ҳамда минтақавий тўловлар боғлиқлиги. Улардан тўрттаси бевосита ички банк бозорига тааллуқли.

Миллий финтех стратегиясининг олтита устувор йўналиши / Манба: Марказий банк
Стратегияни ишлаб чиқиш вазифаси Президентнинг 2025 йил 27 ноябрдаги ПҚ-359-сон қарори билан белгиланган эди. Ўша ҳужжатда соҳа учун 2026–2030 йилларга мақсадли кўрсаткичлар ҳам қайд этилган.
Маълумот учун: ПҚ-359 га кўра, 2030 йилгача финтех стартапларга 1 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиш, финтех бозори иштирокчилари сонини камида 200 тага, инкубация ва акселерация дастурларидан ўтган стартаплар сонини 100 тага етказиш, камида 5 минг нафар ёшни финтех йўналишида ўқитиш ҳамда рақамли валюталар ва стабил токенларни тўлов воситаси сифатида синовдан ўтказиш режалаштирилган.
Нега финтех: рақамлар ва муаммолар
Стратегия тақдимотида Ўзбекистон «Марказий Осиёда шаклланаётган ва жадал ривожланаётган рақамли бозор» сифатида тавсифланган. Тақдимот маълумотларига кўра, аҳоли сони 38,5 миллион нафардан ошган, аҳолининг ўртача ёши — 29,5 ёш. Интернетдан фойдаланиш даражаси 94 фоизга, рақамли тўловлардан фойдаланиш даражаси қарийб 72 фоизга етган, масофавий банк хизматларидан фойдаланувчилар сони эса қарийб 70 фоизга ошган.
Марказий банк раиси Тимур Ишметов август ойида Тошкентда бўлиб ўтган Silk Road Finance & Technology Forum'да тўловларнинг 57 фоизи нақд пулсиз амалга оширилаётганини, банк ҳисобварағига эга аёллар улуши эса 39 фоиздан 61 фоизга ошганини маълум қилган эди.

Стратегия тақдимотидаги асосий кўрсаткичлар / Манба: Марказий банк
Шу билан бирга, ҳужжатда тизимли ечим талаб қиладиган муаммолар ҳам санаб ўтилган. Хусусан, кичик ва ўрта бизнеснинг молиялаштиришдан фойдаланиш имконияти чекланганлиги унинг ўсишини секинлаштирмоқда, шаҳар аҳолиси билан молиявий хизматлар етарли қамраб олмаган аҳоли қатламлари ўртасидаги тафовут сақланиб қолмоқда. Рақамли молиянинг жадал ривожланиши истеъмолчиларни ҳимоя қилиш механизмларини кучайтиришни талаб этмоқда, халқаро пул ўтказмалари қамрови эса чекланган.
Стратегияда ҳар бир муаммога финтех ечими белгиланган: кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш учун — муқобил кредитлаш моделлари, молиявий хизматлар оммабоплиги учун — мижозни масофадан идентификация қилиш ва хизматга улаш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун — маълумотлар сифати ва ахборотни ошкор қилиш амалиётини такомиллаштириш.

Муаммолар ва финтех ечимлари / Манба: Марказий банк
Очиқ банкинг: финтех банк бозорига киради
Стратегиянинг банкларга бевосита таъсир қиладиган ташаббусларидан бири — очиқ банкинг (Open Banking) ва очиқ API'ларни жорий этиш. Бу тизимда банклар мижоз розилиги асосида унинг ҳисобварақ ва тўлов маълумотларини стандартлаштирилган API орқали бошқа банклар ва финтех хизматлари билан алмашади. Стратегияга кўра, ягона маълумотлар инфратузилмаси яратилади, хавфсизлик ва махфийликни таъминлаган ҳолда маълумотлардан фойдаланиш имкони берилади.
Бошқача айтганда, мижоз бир нечта банкдаги ҳисобварақ ва карталарини битта иловада кўриши ва бошқариши, финтех компаниялар эса шу маълумотлар асосида ўз маҳсулотларини таклиф қилиши мумкин бўлади.
Эътиборли жиҳати, ПҚ-359 билан очиқ банкинг тизимини 2026 йил 1 сентябргача жорий этиш белгиланган эди. Шунингдек, Марказий банкка 2026 йил 1 февралгача банк сирини ташкил этувчи маълумотларни мижоз рухсати билан учинчи шахсларга бериш бўйича қонунчиликка ўзгартиш таклифларини киритиш топширилган. Стратегиянинг йўл харитасида эса очиқ банкинг ва очиқ API'ларни жорий этиш 2028–2029 йиллардаги «кенгайтириш» босқичига киритилган. Т.Ишметов 24 август куни «Ҳозирда биз, шунингдек, молиявий тизимнинг кўламини кенгайтириш ва турли юрисдикциялар ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш имконини берадиган очиқ банкинг API'си ва тўлов стандартларини ишлаб чиқяпмиз», — деган эди.
Марказий банк раиси форумда очиқ банкинг орқали финтех компаниялардан нимани кутаётганини ҳам айтган эди:
«Биз open banking'ни жорий этиш ҳақида эълон қилганимизда, финтех компаниялари анъанавий банк бозорига, эҳтимол, одатда банклар тақдим этадиган маҳсулотлардан фақат биттасини таклиф қилган ҳолда киришини истаймиз. Бироқ улар буни шу қадар самарали амалга оширишлари мумкинки, якунда рақобат ва инновацияларни рағбатлантиради». - деган эди МБ Раиси Тимур Ишметов.
Т.Ишметовнинг фикрича, бундай шароитда банклар ё финтех компаниялар билан рақобатлашиши, ё уларни сотиб олиши керак бўлади. «Аммо стартаплар, финтех компаниялари банкларни сотиб оладиган ҳолатлар ҳам бўлиши мумкин. Ким билади?» — деди у. Форумда Global Finance & Technology Network (GFTN) бош ижро директори Сопненду Моханти ҳам комплаенс харажатлари кичик иштирокчиларни йирикроқ ўйинчилар билан бирлашишга ундашини қайд этган.
Инновацион хаб ва «қумдон 2.0»
Стратегиянинг биринчи йўналиши финтех стартапни ғоядан бозоргача олиб чиқадиган механизмни назарда тутади: ғоя, инкубация, тартибга солиш қумдони, лицензиялаш ва фаолият кўламини кенгайтириш. Қумдон босқичида ғоя ва амалдаги тартибга солиш ўртасидаги эҳтимолий номувофиқликлар аниқланади, рискларни камайтириш чоралари реал муҳитда синовдан ўтказилади. Экотизим олти элементдан иборат: Инновацион хаб, тартибга солиш қумдони, кўникмалар тизими, молиялаштириш экотизими, банк–финтех ҳамкорлиги ҳамда соҳавий етакчилик ва бошқарув.

Биринчи йўналиш: жадал ривожланувчи ва қулай экотизим / Манба: Марказий банк
ПҚ-359 билан Марказий банк ҳузурида устав фонди 50 миллион доллар эквивалентига тенг венчур фонди ва Инновацион хаб ташкил этилган. 2026 йил 1 январдан хаб иштирокчиларининг финтех курслари ва сертификат олиш харажатларининг 50 фоизигача (20 минг доллардан ошмаган миқдорда), менторлар ва тренерларни жалб қилиш харажатларининг 50 фоизигача (50 минг доллардан ошмаган миқдорда) қоплаб берилади. Т.Ишметовнинг маълум қилишича, хабга резидентларнинг биринчи гуруҳини қабул қилиш 2026 йилнинг тўртинчи чорагида бошлаш режалаштирилган.
Стратегия тақдимотида келтирилган Президент Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ҳар йили 20–30 та финтех стартап хорижий бозорларга чиқиш учун тайёрланади ва ўқитилади.
Назорат: ҳажм ва рискка мутаносиб
Иккинчи йўналиш — рискларга мослашган назорат. Стратегияга кўра, лицензиялаш ва тартибга солиш талаблари иштирокчининг фаолият ҳажми ва риск даражасига қараб соддалаштирилади ёки кучайтирилади, янги иштирокчилар учун шаффоф талаблар ва амалий йўл-йўриқлар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, пул ювишга қарши кураш (AML/CFT) тизими модернизация қилинади: рақамли жамоат инфратузилмаси орқали ишончлилик таъминланади, молиявий жиноятларни аниқлашда сунъий интеллектдан фойдаланилади. Назоратда SupTech технологиялари қўлланилади — маълумотлар API'лар орқали стандартлаштирилган ҳолда йиғилади, лицензиялаш автоматлаштирилади, операцион ҳодисалар мониторинги ва ахборот алмашинуви йўлга қўйилади. Операцион барқарорлик ва киберхавфсизлик бўйича комплекс тизим, бутун соҳа бўйича мувофиқлаштириш механизми ҳамда мижозларга ахборотни шаффоф ва тушунарли тарзда тақдим этиш стандартлари жорий этилади.
Маълумот учун, ПҚ-359 га мувофиқ, тижорат банкларида 2026 йил охиригача статистик, молиявий ва назорат маълумотларини узатишнинг RegTech асосидаги ягона рақамли тизими жорий этилиши, Марказий банк ва тижорат банкларида эса 2025 йил охиригача маълумотларни бошқариш бўйича бош директор (Chief Data Officer) лавозими жорий этилиши белгиланган.

Иккинчи йўналиш: рискларга мослашган назорат / Манба: Марказий банк
Рақамли ID, сунъий интеллект ва токенлаштириш
Бешинчи йўналиш рақамли молия инфратузилмасини қамраб олади. Рақамли ID инфратузилмаси молиявий хизматлардан фойдаланишни соддалаштириши, харажатларни камайтириши ва қулайликни ошириши кутилмоқда. Йўл харитасига кўра, 2026–2027 йилларда рақамли идентификациядан фойдаланган ҳолда пилот лойиҳалар бошланади, 2028–2029 йилларда эса бу инфратузилма бутун молия секторига кенгайтирилади.
Тўловлар соҳасида савдо субъектларининг тўловларни қабул қилиш имкониятлари кенгайтирилади, маҳаллий ва хорижий иштирокчиларнинг тезкор тўлов тизимлари интеграцияси таъминланади. Т.Ишметовнинг сўзларига кўра, Марказий банк UzQR миллий QR-тизимини ҳам ривожлантирмоқда.
Рақамли активлар бўйича қимматли қоғозлар каби реал активларни токенлаштириш назорат қилинадиган муҳитда синовдан ўтказилади. ПҚ-359 билан 2026 йил 1 январдан резидент юридик шахсларга токенлаштирилган акция ва облигациялар чиқаришга рухсат берилган. Сунъий интеллект бўйича стратегия синов лойиҳаларини назарда тутади — улар сунъий интеллектни қўллашнинг устувор йўналишларини ҳамда Марказий банкнинг ёндашувини белгилашга хизмат қилади. Т.Ишметов Марказий банк сунъий интеллект асосида муқобил кредит скорингининг ўз моделини ишлаб чиқаётганини ҳам маълум қилган.

Бешинчи йўналиш: илғор технологияларга асосланган молия / Манба: Марказий банк
Мижоз учун: фирибгарлик ва шаффофлик
Олтинчи йўналиш — ишончли ва жадал ривожланувчи молия — истеъмолчилар ва кичик бизнесга қаратилган. У тўрт блокдан иборат. Биринчиси — мижозни масофадан идентификация қилиш ва хизматга улашни кенгайтириш, олис ва чекка ҳудудлар учун финтех ечимларини ривожлантириш. Иккинчиси — масъулиятли молия: рақамли хизматларни ишлаб чиқишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш талабларини ҳисобга олиш, кредит ахбороти тизимини такомиллаштириш ва кредит маҳсулотлари бўйича шаффофликни ошириш.
Учинчи блок бутун молия сектори бўйича фирибгарлик ҳолатлари ва схемаларига қарши мувофиқлаштирилган дастурни ҳамда аҳолини хабардор қилиш ишларини назарда тутади. Тўртинчиси — рақамли молиядан хавфсиз фойдаланиш учун молиявий саводхонликни кучайтириш. Йўналишдан кутилаётган натижа — истеъмолчиларга зарар етказмаган ҳолда молиявий хизматлардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш.

Олтинчи йўналиш: ишончли ва жадал ривожланувчи молия / Манба: Марказий банк
2030 йилгача йўл харитаси
Стратегия уч босқичда амалга оширилади. 2026–2027 йиллардаги «асос» босқичида финтех соҳасида етакчилик ва бошқарув тизими жорий этилади, Инновацион хаб ташкил қилинади, такомиллаштирилган тартибга солиш қумдони ишга туширилади ва соҳа учун миллий компетенциялар тизими ишлаб чиқилади. 2028–2029 йиллардаги «кенгайтириш» босқичида очиқ банкинг ва очиқ API'лар жорий этилади, рақамли идентификация бутун молия секторига кенгайтирилади, тўловлар бўйича тартибга солиш такомиллаштирилади ва трансчегаравий пилот лойиҳалар бошланади. 2030 йилда эса Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг финтех марказига айлантириш кўзда тутилган.
Стратегияни Марказий банк мувофиқлаштиради. Ижрога Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, «Киберхавфсизлик маркази» давлат муассасаси, Enterprise Uzbekistan, Тошкент халқаро молия маркази, бир қатор олий таълим муассасалари, шунингдек, банклар ва финтех компаниялар жалб этилади.

2030 йилгача йўл харитаси / Манба: Марказий банк
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил июлда Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган 2021–2023 йилларга мўлжалланган Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегияси тасдиқланган эди. Ўша ҳужжатда ҳам бозорга янги финтех компанияларнинг кириб келиши учун қулай шарт-шароит яратиш, масофадан идентификация қилиш тизимини йўлга қўйиш, молиявий хизматлар истеъмолчилари ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш ва аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш вазифалари белгиланган эди.
