Universal bank томонидан 20 август куни эълон қилинган муҳим фактига кўра, эмиссия доирасида номинал қиймати 100 АҚШ долларига тенг 100 минг дона ҳужжатсиз шаклдаги номли облигация чиқарилади. Муомала муддати — жойлаштириш бошланган кундан 730 кун, купон даромади ҳар 90 кунда тўланади. Савдолар «Тошкент» РФБнинг «Bond Market» облигациялар бозорида ўтказилади, андеррайтер ва брокер сифатида «BIRINCHI BANKLARARO DEPOZITARIY» МЧЖ иштирок этмоқда.
Қоғозлар очиқ обуна йўли билан, инвесторлар доираси чекланмаган ҳолда жойлаштирилади. Жойлаштириш давлат рўйхатидан ўтказилгани эълон қилинганидан 15 кун ўтгач бошланади ва рўйхатдан ўтказилган кундан 365 календарь кун давомида давом этади. Ҳар бир фоизли давр бошида облигациялар номинал қиймат бўйича, кейинги кунларда эса ҳисобланган фоиз даромади қўшилган ҳолда сотилади.
Валютали облигациялар банклар учун сўмдаги қарз ресурсларига нисбатан арзонроқ муқобил сифатида қаралмоқда. Аввалроқ, 11 август куни Asia Alliance Bank маҳаллий бозорда илк бор, 20 млн долларлик хорижий валютадаги корпоратив облигацияларни, 3 йил муддатга, 7 фоизлик даромадлилик билан муомалага чиқаришини эълон қилган эди.

Манба: эмитентлар маълумотлари асосида
Шундай қилиб, Universal bank икки баробар кичик ҳажмни бир йилга қисқа муддатга жойлаштираётган бўлса-да, инвесторларга 1,5 фоиз банд юқори даромадлилик (- таҳр.) таклиф қилмоқда.
Маълумот учун, иккала эмиссия ҳам Президентнинг 2025 йил 18 декабрдаги «Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-254-сон Фармони билан жорий этилган махсус ҳуқуқий режим — «регулятив қумдон» доирасида амалга оширилмоқда. Валютадаги облигацияларни чиқариш, жойлаштириш ва муомалада бўлиш тартиби 29 апрель куни Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилган Низом билан белгиланган. Унга кўра, бир эмитентнинг муомаладаги валютали облигациялари ҳажми 50 млн доллардан ошмаслиги керак.
Universal bank — 2001 йилда ташкил этилган акциядорлик тижорат банки, Марказий банкнинг 68-рақамли лицензияси асосида фаолият юритади, бош офиси Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида жойлашган. Банк 2026 йилнинг биринчи ярмини 139 млрд соф фойда билан якунлаган.
Эслатиб ўтамиз, Asia Alliance Bank маҳаллий бозорда илк бор хорижий валютадаги корпоратив облигацияларни чиқаргани ҳақида хабар қилган эдик.
#универсалбанк #облигация #капитал_бозори
