"Asia Alliance Bank" АТБ Кузатув кенгаши умумий қиймати 20 млн АҚШ долларига тенг бўлган хорижий валютадаги корпоратив облигацияларни чиқариш бўйича қарор қабул қилди. Ушбу эмиссия доирасида банк инвесторларга йиллик 7,0% даромадлилик таклиф этмоқда.
Бунда номинал қиймати 100 АҚШ доллари бўлган 200 000 дона облигация муомалага чиқарилади. Фоизли, эгаси ёзилган, ҳужжатсиз корпоратив облигация 1095 кун (3 йил) давомида муомалада бўлади. Облигациялар учун ҳар чоракда тўловлар амалга оширилади. Корпоратив облигация "Тошкент" РФБнинг "Bond Market" облигациялар бозорида очиқ обуна воситасида жойлаштириш бошланган санадан эътиборан 120 иш кунида жойлаштирилади.
Жойлаштириш тартиби ва ҳуқуқий режим
Валюта облигацияларини жойлаштириш, муомалада бўлиши ва даромадларни тўлаш жараёни Капитал бозори соҳасидаги "Тартибга солиш қумдони" махсус ҳуқуқий режими доирасида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги ПФ-254-сонли Фармони ва Адлия вазирлиги томонидан 2026 йил 29 апрелда 3826-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.
Облигацияларни сотиб олиш ва улар бўйича даромадларни (шунингдек, сўндириш суммасини) олиш тўлиқ хорижий валютада — АҚШ долларида Агент-банк орқали амалга оширилади.
Чораклик оралиқ даврнинг биринчи кунида облигациялар номинал қийматида (100 доллар) жойлаштирилади. Иккинчи кунидан бошлаб эса облигациялар номинал қийматга жамғарилган фоиз даромади (НПД) қўшилган нархда сотилади.
Чиқарилиш бўйича хабар Корпоратив ахборот ягона портали ҳамда банкнинг расмий веб-сайтида эълон қилингач, 15 календарь кунидан эътиборан жойлаштириш жараёни бошланади.
Даромад тўлаш ва сўндириш тартиби
Облигация эгаларига фоиз даромадлари ҳар бир оралиқ давр (91 ёки 92 кун) якуни бўйича Марказий депозитарий томонидан шакллантириладиган реестр асосида АҚШ долларида ўтказиб берилади. Фоиз тўловлари оралиқ давр тугаганидан сўнг 10 иш кунидан кечиктирмасдан амалга оширилади.
Облигацияларни сўндириш муомала муддатининг 1096-кунидан бошланади. Эмитент Марказий депозитарий ва Агент-банк орқали облигацияларнинг номинал қийматини ҳамда охирги оралиқ давр учун фоиз даромадларини облигация эгаларининг валюта ҳисобварақларига ўтказиб беради.
Андеррайтер ва ташкилий масалалар
Банк томонидан ушбу облигациялар чиқарилиши бўйича андеррайтер ва брокер сифатида "FREEDOM FINANCE" МЧЖ ХК тасдиқланди.
Банк Бошқаруви раиси У.А. Абдуазимовга Эмиссия проспектини бир ой муддатда ваколатли давлат органига топшириш, Агент-банк ва Марказий депозитарий билан тегишли шартномаларни тузиш ҳамда облигацияларни "Тошкент" РФБ "Bond Market" листингига киритиш бўйича зарур ҳужжатларни тақдим этиш топширилган.
Аввалроқ Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси хорижий валютадаги корпоратив облигациялар бўйича ҳисоб-китобларини амалга ошириш учун Ипак Йўли банк ва Asia Alliance Bank'ни агент-банклар сифатида танлаб олгани ҳақида хабар берган эдик.
