Бугун - 18 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан навбатдаги, олтинчи Очиқ мулоқоти Хоразм вилоятида ўтказилди. Мулоқотда тадбиркорлик ҳамда бизнес муҳитини яхшилашга доир қатор таклиф ва мулоҳазалар илгари сурилди ҳамда тегишли топшириқлар эълон қилинди.
Тадбирда 500 га яқин тадбиркор бевосита, 25 мингга яқин бизнес вакили эса ҳудудий студиялар орқали иштирок этди. Давлат раҳбарининг маълум қилишича, беш йил давомида очиқ мулоқотлар натижасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга оид 84 та қонун ва 861 та фармон ҳамда қарор қабул қилинган.
Қайд этилишича, бизнеснинг кредит портфели сўнгги беш йилда уч баробар ошиб, 450 триллион сўмга етган. Шу давр мобайнида банклар кредит портфелида кичик бизнес улуши 45 фоиздан 63 фоизга кўтарилган. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида кичик ва ўрта бизнесга 76,5 триллион сўм ресурс ажратилган.
Контр-кафолат: гаровнинг 75 фоизи тадбиркор зиммасида бўлмайди
Кичик бизнес учун гаров таъминоти етишмаслиги муаммосини ҳал этиш мақсадида контр-кафолат тизими жорий этилади. 10 миллиард сўмгача бўлган кредитда гаров юки қуйидагича тақсимланади:
- давлат — 30 фоиз;
- Бизнесни кафолатлаш компанияси — 30 фоиз;
- банклар — 15 фоиз;
- тадбиркор — 25 фоиз.
Бошқача айтганда, тадбиркор кредит суммасининг тўртдан бир қисмига гаров топиши кифоя қилади.

Фото: Президент матбуот хизмати
Кредит хизматларининг ягона рақамли портали
Кредит хизматларининг ягона рақамли портали яқинда ишга туширилди. Унда тадбиркор битта ариза топширади, банклар эса мижоз учун ўзаро рақобат қилади. Фаолиятини янги бошлаган тадбиркорлар 5 миллиард сўмгача кредитни онлайн тарзда расмийлаштириши мумкин бўлади.
Платформа концепцияси илк бор май ойида, молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш ва кичик ҳамда ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга доир ПҚ-204-сон қарор доирасида эълон қилинган эди. Ўшанда ушбу сегментнинг кредит портфели 218 триллион сўмни (ЯИМнинг 12 фоизи) ташкил этгани, гаровсиз онлайн микрокредитни расмийлаштириш эса ўртача етти кун давом этиши қайд этилганди.
Ҳужжатга кўра, гаровсиз микрокредит лимити 100 миллион сўмдан 200 миллион сўмгача оширилади, 1 декабрдан эса тадбиркорнинг солиқ тўловлари, пул оқимлари ва коммунал харажатлари таҳлилига асосланган муқобил скоринг модели жорий этилади.
Бизнеснинг уч босқичи учун учта дастур
Кредит қўллаб-қувватлаш чоралари бизнеснинг ривожланиш босқичларига қараб уч дастурга ажратилади:
- Business Start — фаолиятни энди бошлаётганлар учун. Дастурга 100 миллиард сўм ажратилиб, тайёр бизнес-режа ва 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит тақдим этилади. Лойиҳани тайёрлаш, кредит ҳужжатларини расмийлаштириш ва бухгалтерия юритишда сунъий интеллект ёрдам беради;
- Business Lift — ишлаб чиқаришни йўлга қўяётган тадбиркорлар учун;
- Business Rise — фаолиятини кенгайтириш ва экспортга чиқиш босқичидаги корхоналар учун.
Виртуал солиқ маслаҳатчиси ва корхоналар учун сунъий интеллект
Тадбиркорларнинг маслаҳат харажатларини камайтириш ва хатоларнинг олдини олиш мақсадида сунъий интеллектга асосланган виртуал солиқ маслаҳатчиси ишга туширилади. Келгуси йилдан бундай ёрдамчилар қурилиш, меҳнат муносабатлари, ташқи савдо ва давлат хизматлари йўналишларида ҳам жорий этилади.
Шунингдек, «10 минг корхона учун — сунъий интеллект ҳамкор» дастури бошланади: корхоналарга сунъий интеллектни жорий қилиш харажатининг 50 фоизи компенсация қилинади. Дастурни молиялаштириш учун дастлабки босқичда 100 миллион доллар ажратилади.
Банклар балансидаги мол-мулк
Мулоқотда банк-молия сектори учун алоҳида аҳамиятга эга мавзу банклар балансида турган мулкни сотишга оид таклифлар янгради. Давлат раҳбарининг маълум қилишича, банкларда 9 триллион сўмлик 2,5 мингта мулк мавжуд. Уларни чегирмали нархда, бошланғич тўловсиз, фоизсиз бўлиб тўлаш шарти билан сотишга рухсат берилади. Харидорлар бир йил давомида ер ва мол-мулк солиғидан озод этилади.
Маълумот учун, 1 июль ҳолатига Ўзбекистон банк тизимидаги муаммоли кредитлар ҳажми 22,9 триллион сўмга етиб, йил бошидан буён 27 фоизга ошган, уларнинг кредит портфелидаги улуши 2,99 фоиздан 3,57 фоизга (+0,58 банд) кўтарилган. Муаммоли кредитларнинг қарийб 72 фоизи давлат банклари ҳиссасига тўғри келади.
Эслатиб ўтамиз, бизнесни молиялаштириш жараёнини ягона рақамли тизим орқали автоматлаштириш, банкларнинг таклифларини бир платформада жамлаш ва сунъий интеллектга асосланган скорингга ўтиш бўйича вазифалар май ойидаёқ белгиланган эди.
