Ўзбекистон Республикаси Президентига кичик ва ўрта бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш кўламини кенгайтиришга қаратилган янги механизмлар тақдимоти ўтказилди.

Фото: president.uz
Қайд этилишича, бугунги кунда мазкур соҳага ажратилган кредитлар портфели 218 триллион сўмга етган бўлиб, бу кўрсаткич ялпи ички маҳсулотнинг 12 фоизини ташкил этади. Тизимда онлайн тарзда ажратиладиган таъминотсиз микрокредитлар улуши пастлигича қолмоқда. Хусусан, таъминотсиз онлайн микрокредит ажратиш жараёни ўртача етти кунгача вақт талаб этмоқда. Шунингдек, тадбиркорларда тижорат банкларининг турли кредит таклифларини ягона маконда кузатиш, таққослаш ва энг мақбул шартларни танлаш имконияти мавжуд эмас.
Мавжуд тўсиқларни бартараф этиш мақсадида янги рақамли молиявий платформани ишга тушириш режалаштирилмоқда. Мазкур тизим орқали тадбиркорлар кредит олиш учун ариза йўллаши ва бир нечта банкларнинг тижорат таклифларини ўзаро солиштирган ҳолда ўзига қулайини танлаши мумкин бўлади.
Платформа “Электрон ҳукумат” тизими билан тўлиқ интеграция қилиниб, тадбиркорларга оид маълумотлар банкларга автоматик тарзда тақдим этилади. Бу эса кредит ажратиш жараёнида қоғозбозликни қисқартиришга ва инсон омилини камайтиришга хизмат қилади.

Фото: president.uz
2026 йилнинг 1 декабридан бошлаб мазкур платформа доирасида сунъий интеллект технологияларига асосланган муқобил скоринг модели татбиқ этилади. Ушбу модел фақатгина анъанавий кредит тарихи билан чекланиб қолмай, балки бизнес фаоллиги, коммунал тўловлар, айланма маблағлар ва солиқ маълумотларини ҳам таҳлил қилади. Натижада кредит тарихига эга бўлмаган тадбиркорларни ҳам молиявий баҳолаш имконияти яратилади.
Келгусида тижорат банклари томонидан “AI маслаҳатчиси” дастури ҳам ишга туширилиши кўзда тутилган. Мазкур дастур маҳаллаларнинг иқтисодий ўсиш нуқталаридан келиб чиқиб, янги бизнес ғояларни шакллантириш ва уларни молиялаштириш йўналишларини аниқлашда кўмаклашади.

Фото: president.uz
Тақдимотда келтирилишича, кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш дастури доирасида молиявий ресурслардан фойдаланиш шартлари янада соддалаштирилмоқда. Аввал мазкур дастурдан фойдаланган ва ижобий кредит тарихига эга бўлган тадбиркорлар учун микрокредитнинг гаровсиз қисми миқдори 100 миллион сўмдан 200 миллион сўмгача оширилади. Бундан ташқари, умумий кредит ёки лизинг миқдоридан қатъи назар, унинг 5 миллиард сўмгача бўлган қисми учун фоиз харажатлари компенсация қилиб берилади.
Молиявий қўллаб-қувватлашнинг яна бир муҳим йўналиши сифатида бизнесни кенгайтириш ва модернизация қилишга қаратилган грантлар тизими белгиланмоқда. Ҳар йили ўз фаолиятини муваффақиятли кенгайтирган ва юқори натижаларга эришган 100 та тадбиркорлик субъектига рақамлаштириш, халқаро стандартларни татбиқ этиш ва “яшил” технологияларни жорий қилиш харажатларини қоплаш учун 300 миллион сўмгача миқдорда грант маблағлари ажратилади. Давлат раҳбари томонидан ушбу таклифлар маъқулланиб, мутасаддиларга рақамли платформанинг ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва маълумотлар ҳимоясини кучайтириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
