Муддатли тўлов бозори Марказий банк назоратига ўтказилади

17.08.2026 11:51

297

Президент қарорига кўра, 2027 йил 1 январдан муддатли тўлов хизматини кўрсатувчи ташкилотлар Марказий банк реестрига киритилади, пруденциал нормативларга риоя қилади ва мижозларни рақамли идентификация қилади. Шунингдек, муддатли тўловга берилган товар (хизмат) қиймати БҲМнинг 250 бараваридан, муддати эса 12 ойдан ошмайди.

Фото: Яндекс

«Аҳолига муддатли тўлов хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори (ПҚ–294-сон, 14.08.2026 й.) қабул қилинди. Ҳужжат билан шу пайтгача банк назоратидан ташқарида ривожланиб келган насия савдо — «ҳозир сотиб ол, кейин тўла» (BNPL) бозори биринчи марта яхлит тартибга солиш доирасига олинади.

Ким оператор ҳисобланади

Қарорга мувофиқ, муддатли тўлов хизматини кўрсатувчи юридик шахс муддатли тўлов хизмати оператори деб эътироф этилади. Банклар ва микромолия ташкилотлари бу таърифдан мустасно — уларнинг фаолияти алоҳида лицензия асосида тартибга солинади.

Юридик шахснинг бундай хизматни кўрсатиш ҳуқуқи автоматик тарзда вужудга келмайди: у Марказий банк шакллантирадиган Муддатли тўлов хизмати оператори фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрига киритилгандан сўнггина пайдо бўлади.

Реестрга кириш тартиби иштирокчининг мақомига қараб фарқланади — банклар ва микромолия ташкилотлари Марказий банкни хабардор қилиш орқали, бошқа юридик шахслар эса Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтиш орқали киритилади.

Талаб фақат ўзини «насия ташкилоти» деб атаган компанияларга эмас, оддий савдо корхоналарига ҳам тегишли. Чорак якуни бўйича товар (иш, хизмат)ларни реализация қилиш айланмаси 500 миллион сўмдан ошган ва шу айланманинг 50 фоизи ва ундан юқори қисми бўлиб-бўлиб тўлаш хизматига тўғри келган товар истеъмол кредити берувчи ташкилотлар ҳисоб рўйхатидан ўтиши, Реестрга кириши ҳамда операторлар учун белгиланган барча талабларга риоя қилиши шарт. Бошқача айтганда, айланмасининг ярмидан кўпини насияга сотиш ҳисобига шакллантираётган савдо тармоқлари молиявий ташкилот мақомига яқин режимга ўтади.

Операторга мажбурият ва чекловлар

Қарор оператор фаолиятининг чегарасини аниқ белгилайди: унга молиявий истеъмол кредитларини ажратиш ҳамда жисмоний шахслардан пул маблағларини жалб қилиш тақиқланади.

Қарздан воз кечиш имконияти ҳам чекланган: оператор муддатли тўлов шартномалари бўйича талаб қилиш ҳуқуқини фақат бошқа муддатли тўлов хизмати оператори, микромолия ташкилоти ёки банк фойдасига ўтказиши мумкин. Демак, кечиктирилган қарзни назорат остида бўлмаган учинчи шахсларга сотиш йўли ёпилади.

Хизматнинг объектига ҳам чегара қўйилган: кўчмас мулк, шунингдек, қонунчиликка мувофиқ муомаладан чиқарилган ёки муомалада бўлиши чекланган бошқа мулк муддатли тўлов хизмати объекти бўла олмайди.

Реестрга кириш расмиятчилик эмас — у билан бирга тўртта доимий талаб келади. Операторлар Марказий банкнинг тартибга солиш ва назорат қилишга оид пруденциал норматив ва талабларига риоя қилиши лозим.

Хизмат кўрсатиш жараёнида ахборот технологияларини қўллаган ҳолда мижозларни рақамли идентификация ва верификация қилиш мажбурий бўлади. Ҳозирда насия савдонинг сезиларли қисми савдо нуқтасида қоғоз шартнома ва паспорт нусхаси асосида расмийлаштирилади.

Учинчи талаб — тузилаётган барча шартномалар ва уларнинг ижроси тўғрисидаги маълумотлар бўйича кредит бюролари билан кредит ахбороти алмашинувини йўлга қўйиш. Тўртинчиси — хизмат кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилишда Марказий банк белгилайдиган қарз юки кўрсаткичининг энг юқори миқдори талабларига риоя қилиш. Ушбу иккита норма биргаликда амал қилса, харидорнинг насия мажбуриятлари банк кредитлари билан бир қаторда унинг умумий қарз юкида ҳисобга олинади.

Айни пайтда истисно ҳам белгиланди: 2027 йил 1 январдан товар истеъмол кредитини тақдим этувчи ташкилотлардан қиймати БҲМнинг 3 бараваригача бўлган шартномалар ва уларнинг ижро этилиши ҳолати ҳақидаги маълумотларни кредит бюроларига тақдим этиш талаб қилинмайди. 2026 йил 1 сентябрдан амал қиладиган базавий ҳисоблаш миқдори (440 минг сўм) бўйича бу тахминан 1,32 миллион сўмни ташкил этади (таҳр.) — Марказий банк маълумотига кўра, бозордаги ўртача шартнома миқдори айнан шу оралиқда, 1,2 миллион сўм атрофида шаклланган.

Шартномага қандай талаблар қўйилди

Қарор шартноманинг ўзига бешта шарт белгилайди.

Биринчиси — сумма чегараси: муддатли тўлов хизмати объектининг қиймати БҲМнинг 250 бараваридан ошмаслиги керак (тахминан 110 миллион сўм - таҳр.).

Иккинчиси — нархнинг шаффофлиги: операторнинг комиссия (устама) тўловлари ва товар (иш, хизмат)ларнинг якуний қийматига киритиладиган бошқа тўловлар алоҳида кўрсатилиши шарт. Ҳозирда устама кўпинча товар нархи таркибига киритиб юборилади ва харидор ортиқча тўлов ҳажмини алоҳида кўрмайди.

Учинчиси — ортиқча тўловларнинг умумий чегараси:

Асосий қарздан ташқари барча тўловлар, шу жумладан воситачилик ҳақлари, неустойка (жарима, пеня) ва жавобгарликнинг бошқа чоралари йиғиндиси йилига муддатли тўлов миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этиши мумкин эмас.

Тўртинчиси — истеъмолчи муддатли тўлов суммасини исталган вақтда, тўлиқ ёки қисман, қўшимча жарима, пеня ва комиссияларсиз муддатидан олдин сўндириш ҳуқуқига эга бўлади.

Бешинчиси — муддат: шартнома бўйича истеъмолчи мажбуриятининг энг кўп муддати шартнома тузилган кундан бошлаб 12 ойдан ошмаслиги белгиланди.

Муаммо нимада эди

Марказий банкнинг Статистика ва тадқиқотлар департаменти тайёрлаган таҳлилга кўра, 2024 йил якунида кредит бюроси билан шартнома тузган чакана савдо корхоналари сони 307 тани ташкил этган, шундан 53 таси якка тартибдаги тадбиркор. Улардаги мижозлар сони 1,9 миллион кишига (1,1 миллион эркак, 0,8 миллион аёл) етган.

Бозорнинг ўсиш суръати ҳам шу таҳлилда кўрсатилган: ойлик шартномалар сони 2023 йил февралидаги 13,5 мингдан 2024 йил декабрида 973 мингга чиққан. Мижозларнинг 4,4 фоизида — тахминан 82 минг кишида — бир вақтнинг ўзида 10 тадан ортиқ насия шартномаси мавжуд бўлган. Қарз юки кўрсаткичи ва кредит бюролари билан ахборот алмашинуви бўйича янги талаблар айнан шу тоифадаги қарздорлар билан боғлиқ.

Нарх масаласида регулятор аниқ мисол келтирган: битта смартфонни 12 ойлик насияга олишда товарнинг умумий қиймати 26 миллион 994 минг сўмни ташкил қилиб, бу 51,9 фоизлик ортиқча тўловга тенг бўлган. Худди шу харидни банк маҳсулотлари орқали расмийлаштирганда ортиқча тўлов 14–23 фоиз атрофида қолган. Ортиқча тўловларни йиллик муддатли тўлов миқдорининг ярми билан чеклаш нормаси шу тафовутга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк раиси Тимур Ишметов ўтган йил июнь ойида Сенатга берган ҳисоботида регулятор томонидан мамлакатда мавжуд насия савдо тизимини тартибга солиш бўйича қонунчилик таклифлари ишлаб чиқилаётганини айтганди.

Кейинчалик, октябрь ойида Ўзбекистонда насия савдо фаолиятини тартибга солиш бўйича илк “Ахлоқ кодекси” лойиҳаси ишлаб чиқилганди. Ҳужжат орқали истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, яширин тўловларни олдини олиш, аҳолининг қарз юкини чеклаш ва бозорда “Ишонч белгиси” тизими орқали ҳалол рақобат муҳитини яратиш мақсад қилингани айтилган эди.

Теглар:

#BNPL#насия_бозори

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган