Насия бозорини тартибга солиш бўйича таклифлар тайёрланмоқда — Тимур Ишметов

27.06.2025 10:57

192

Марказий банк раиси Тимур Ишметовнинг Сенатга берган ҳисоботи давомида маълум қилишича, регулятор томонидан мамлакатда мавжуд насия савдо тизимини тартибга солиш бўйича қонунчилик таклифлари ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, насия ташкилотлари қарз олувчилар ҳақидаги маълумотларни Кредит бюросига мажбурий тарзда етказиши керак бўлади.

Фотоскриншот: Youtube / Oliy Majlis Senati

Марказий банк раиси Тимур Ишметов Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисида ҳисобот топширди. Ҳисоботда айтилишича, Марказий банк томонидан насия савдосини давлат томонидан тартибга солиш бўйича қонунчилик таклифлари ишлаб чиқилмоқда.

Маълумотларга кўра, 25 июнь ҳолатига Ўзбекистонда насия савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар томонидан берилган жами кредит қолдиғи 8,5 трлн сўмни ташкил этди. Шунинг 67 фоизи тадбиркорлик субъектларига, 26 фоизи иккита молия ташкилотига, 7 фоизи эса тижорат банкларига тўғри келмоқда.

Насия шартномаларида устама ҳақлар ёки реал эффектив фоиз ставкалари аниқ кўрсатилмаслиги мижозларнинг қарз юки ортишига олиб келмоқда. Бу ҳолат эса бошқа манбалардан олинаётган кредитларни ўз вақтида қайтармаслик ва муаммоли қарзларга айланишига сабаб бўлмоқда.

Таъкидланишича, банклар ва нобанк кредит ташкилотлари томонидан қарз олувчига кредит беришда қарз юки кўрсаткичи 50 фоиздан ошмаслиги бўйича талаб белгиланган. Бироқ, аҳолининг насия савдо бўйича аксарият қарз мажбуриятлари кредит бюролари базасига кирмайди. Натижада иқтисодиётда аҳолининг реал қарз юки ортиб бормоқда.

“Аҳолининг насия савдо бўйича аксарият қарз мажбуриятлари Кредит бюроси маълумотлар базасида акс эттирилмаслиги сабабли иқтисодиётда аҳволнинг ҳақиқий қарз юки даражаси ошиб бормоқда. Яъни қарз олувчи қарз олиш учун банкка мурожжат қилганда унинг қарздорликлари бўйича маълумотларнинг йўқлиги банкнинг табиий равишда белгиланган қарз юки даражасидан ортиқча миқдорда кредитлар ажратилиш ҳолатлари кузатилмоқда. шундан келиб чиқиб Марказий банк томонидан насия бозорни тартибга солиш бўйича зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда”, деди Ишметов.

Ҳозирда тижорат банклари ва микромолия ташкилотлари қарз олувчилар учун қарз юки 50 фоиздан ошмаслиги керак деган меъёрга амал қилади. Аммо насия савдо шартномалари аксарият ҳолларда Кредит бюроси базасида қайд этилмагани туфайли, фуқароларнинг ҳақиқий қарз юки даражаси юқорилаб бормоқда. Бу эса банклар томонидан қарз беришда хато қарорларга олиб келмоқда.

Ҳисоботда айтилишича, Марказий банк томонидан насия савдосини давлат томонидан тартибга солиш бўйича қонунчилик таклифлари ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, насия ташкилотлари қарз олувчилар ҳақидаги маълумотларни Кредит бюросига мажбурий тарзда етказиш, ҳамда товарга қўйиладиган устама ҳақни ошкора кўрсатиш мажбурияти жорий этилиши керак.

Марказий банк раиси таъкидлашича, давлат бу бизнесга қарши эмас. Аммо бозорда шаффофлик, масъулият ва барқарорликни таъминлаш мақсадида меъёрий-ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш зарур.

“Биз, албатта бу насия бозоридаги бу бизнесга қаршилигимиз йўқ, фақат давлат томонидан тартибга солиш таклифи билан чиқяпмиз. Насия савдо мажмуаси одамларга қарз бераётганда мана шу маълумотларни мажбурий тарзда кредит бюрога етказиш. Бунинг ҳисобига банклар одамларнинг қарзлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишади. Насия савдо ташкилотлари товар сотаётганда устига қўяётган устамани ошкора қилиш ҳақидаги талабларни қонунчиликка киргизишни таклиф қилямиз”, дея таъкидлади Марказий банк раиси.


Теглар:

#насия_бозори#Марказий_банк#Сенат

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган