Истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш ва насия бозорини ягона қоидалар асосида адолатли ривожлантириш мақсадида Марказий банк Ўзбекистон Финтех ассоциацияси ва бозор иштирокчилари билан ҳамкорликда Ахлоқ кодекси лойиҳасининг биринчи варианти ишлаб чиқилди.
Аввалроқ, жорий йил июнь ойида Марказий банк раиси Тимур Ишметов Сенат йиғилишида "насия бозорини тартибга солиш бўйича таклифлар тайёрланаётгани" ҳақида айтганди.
Қайд этилишича, Кодекс истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ортиб бораётган қарз юки хавфини камайтириш, бозор иштирокчилари ўртасида адолатли ва соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда молиявий тизим барқарорлигини таъминлаш каби мақсадларни ўз ичига олади. Шунингдек, ҳужжат насия савдо шартларини тўлиқ ва тушунарли қилиб баён этиш, яширин тўлов ва жарималарнинг олдини олиш ҳамда бозор иштирокчилари учун ишончли муҳит яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Марказий банк мазкур ҳужжат орқали насияга товар сотиш хизматлари кўрсатувчи ташкилотларнинг обрў-эътибори ва аҳоли ишончи ошишига умид қилмоқда.
Ишонч белгиси нима ва уни қандай олиш мумкин?
Ахлоқ кодексида насия савдо ташкилотлари учун махсус “Ишонч белгиси” (trustmark) жорий этилмоқда. Ушбу белги Финтех ассоциацияси аъзоси бўлган ва Кодекс талабларига амал қиладиган ташкилотларга берилади. Ишонч белгисига эга компаниялар рўйхати Финтех ассоциациясининг расмий сайтида эълон қилиб борилади.
Мижозлар ва савдо дўконларига айнан шу ишонч белгига эга ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш тавсия этилади, чунки бу белги компаниянинг белгиланган одоб-ахлоқ қоидаларига мувофиқ иш олиб бораётганидан далолат беради.
Кодекс лойиҳасида ишонч белгисини қадамма-қадам қуйидагича олиш тартиби белгиланган:
Ассоциацияга аъзо бўлиш. Ташкилот аввало Ўзбекистон Финтех ассоциациясига аъзо бўлади ва Ахлоқ кодексига риоя қилиш мажбуриятини ўз зиммасига олганини расман эълон қилади.
Фаолиятни мослаштириш. Компания ўз фаолиятини тўлиқ равишда Кодекс талабларига мослаштиради, яъни ички жараёнлари ва хизмат кўрсатиш шароитларини белгиланган меъёрларга мувофиқлаштиради.
Ариза топшириш. Компания ишонч белгисини олиш учун FinTex ассоциациясига махсус ариза билан мурожаат қилади.
Мустақил баҳолаш. Ассоциация томонидан ваколатли мустақил баҳоловчи ташкилот компаниянинг Кодексга мувофиқ иш юритаётганини ўрганиб, хулоса тайёрлайди.
Белгини топшириш. Агар мустақил баҳолаш натижаси ижобий бўлса, FinTex ассоциацияси ушбу ташкилотга Ишонч белгисини тақдим этади.
Доимий назорат. Белги олинганидан кейин ҳам компания Кодекс қоидаларига риоя этишда давом этиши шарт. Унинг мазкур талабларга амал қилиши ҳар уч йилда мустақил ташкилот томонидан қайта текшириб борилади.
Ишонч белгисига эга бўлиш компанияга мижозлар ишончини ошириши ва унинг бозордаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаши кутилади. Шунингдек, бу белгини жорий этиш орқали насия савдо бозорини ўз-ўзини тартибга солиш механизми яратилади, дейилади тақдимотда.
Мижозлар учун ахборот ошкоралиги қандай таъминланади?
Кодекс лойиҳасида истеъмолчиларга муносабатда тўлиқ ахборот ошкоралигини таъминлаш бўйича аниқ талаблар белгиланган. Насияга товар сотувчи ташкилотлар ўз фаолияти ва хизматлари ҳақида муҳим маълумотларни ошкора баён этиши керак бўлади.
Жумладан, насия савдо билан шуғулланувчи компания ўз расмий веб-сайтида компаниянинг давлат рўйхатидан ўтган тўлиқ номи ва контакт маълумотлари, маҳсулотлари тўғрисида маълумотлар, мижозлар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби, барча тўловлар (уларнинг ҳисоблаш усули ва энг юқори миқдорлари билан), тўловларни амалга ошириш тартиби (жумладан, муддатидан олдин тўлаш имконияти), хизматлардан фойдаланиш шартлари (Terms and Conditions), махфийлик сиёсати, шунингдек, Ахлоқ кодекси матни нусхасига ҳавола ва компаниянинг ишонч белгига эга эканлиги ҳақида маълумотларни бериб бориши шарт.
Шунингдек, насия савдо корхонаси шартнома тузишдан олдин мижозга товар ёки хизматни насия орқали сотиб олишдан олдин унга қуйидаги асосий маълумотлар ёзма равишда тақдим этилиши керак: товарнинг бир жолда тўлашдаги тўлиқ нархи (яъни нақд қиймати), барча устама тўловлар ва комиссияларни қўшган ҳолда мижоз тўлайдиган умумий сумма, тўловларнинг муддати ва графиги, қўлланилиши мумкин бўлган ҳар қандай йиғимлар ёки жарималар рўйхати, кўрсатилаётган насия хизмати туфайли мижознинг йиллик қарз юкининг қанчага тушиши (яъни хизматнинг тўлиқ қиймати йиллик фоизда – APR кўрсаткичи), шартномани муддатидан олдин бекор қилиш шарти, тўловларни ўз вақтида амалга оширмаслик оқибатлари, компаниянинг ишонч белгиcи рақами ва мижоз боғланиши учун контакт маълумотлари.
Мазкур маълумотлар мижозга шартнома тузишдан олдин берилиши, хусусан электрон шартномаларда ҳам барча шартлар тўлиқ акс эттирилиши талаб этилади. Бу чоралар истеъмолчи олдиндан ўз зиммасига оладиган қарз мажбуриятининг тўлиқ шартларидан хабардор бўлиши учун жорий этилмоқда ва яширин тўловлар ҳолатини истисно қилади.
Қарз юкини чеклашга доир механизмлар
Кодексда аҳолининг ортиқча қарздор бўлиб қолишининг олдини олиш учун бир қатор чеклов ва механизмлар назарда тутилган. Энг аввало, насия савдо хизматлари фақат 18 ёшга тўлган ва ундан катта шахсларга кўрсатилади. Янги мижозларни рўйхатдан ўтказиш чоғида уларнинг асосий шахсий маълумотлари (Ф.И.О., туғилган сана, ЖШШИР – шахсий идентификация рақами, телефон рақами, яшаш манзили, фуқаролиги ва ҳ.к.) олиниб, мижозга дастлабки насия лимити сифатида кўпи билан 2 миллион сўмгача сумма белгиланади. Демак, ҳар бир янги мижоз аввал бошда чекланган миқдорда – 2 млн сўм доирасида – насияга товар олиши мумкин. Агар мижоз кейинчалик ўз насия лимитини 2 миллион сўмдан оширишни истаса, компания унга қўшимча товар қимматини беришдан олдин мижознинг тўлов қобилиятини баҳолаши керак бўлади. Бунда мижознинг қарз юки кўрсаткичи ҳисобланади – яъни мижознинг умумий қарз тўловлари унинг даромадига нисбатан қандай улушни ташкил этиши аниқланади. Кодекс талаби бўйича, ушбу қарз юки кўрсаткичи 50 фоиздан ошмаслиги лозим. Бошқача қилиб айтганда, мижоз ўз даромадининг ярмидан кўпроғини насия бўйича тўловларга сарфламаслиги керак. Бу чеклов мижознинг турли жойлардаги қарзлари жами унинг имкониятидан ортиб кетмаслигини таъминлашга қаратилган муҳим механизмдир.
Шунингдек, насия хизматининг қиймати ҳаддан зиёд улғайиб кетмаслиги учун бир неча молиявий чекловлар жорий этилмоқда. Агар мижоз тўловларни ўз вақтида амалга оширмаса, унинг кечиктирилган тўловлари учун қўшимча “қатламли” жарима ёки фоизлар ҳисобланмайди, яъни қарз бўйича ҳисобланган жаримага яна жарима ундириб бориш (compound interest) амалиёти тақиқланади.
Бундан ташқари, асосий қарз (олинган товар қиймати)дан ташқари барча қўшимча тўловлар – фоизлар, хизмат ҳақлари, жарима/пеня ва шу кабилар – бир йил давомида қарз суммасининг 50 фоизидан ортиғига ўсмаслиги шарт. Яъни, мижоз бир миллион сўмлик товарни насияга олган бўлса, бир йил давомида у тўлайдиган фоизлар, комиссия ва бошқа тўловлар йиғиндиси ҳеч қачон 500 минг сўмдан кўп бўлмаслиги керак. Бу эса насия савдо ташкилотлари ҳаддан ташқари катта фоиз ёки пенялар орқали мижоз қарзини кўпайтириб юбормаслигини кафолатлайди.
Кодекс қарздорликни масъулият билан беришга ҳам урғу беради. Масалан, агар мижознинг олдинги олган қарзлари бўйича муддати ўтган (вақтида қайтарилмаган) қарздорлиги мавжуд бўлса, у тўлиқ тўланмагунча янги насия савдо хизмати кўрсатилмаслиги белгиланган. Бу амалиёт мижоз мавжуд қарзини ёпмай туриб яна қарзга ботиб кетмаслигига ёрдам беради. Қолаверса, ҳар бир мижоз исталган вақтда ўз қарзини муддатидан олдин тўлиқ тўлаб қўйиш ҳуқуқига эга – бунда компания ундан ҳеч қандай қўшимча жарима ёки неустойка ундириши тақиқланади. Яъни, мижоз қарзни тезроқ ёпса, бу учун жарима жазоси бўлмайди. Мижоз молиявий қийинчиликка тушиб қолган тақдирда, Кодекс бундай ҳолатда ҳам томонлар манфаатига мос ечим кўзда тутади. Агар мижоз ўз мажбуриятларини вақтинча бажара олмаётгани маълум бўлса, компания мижоз билан биргаликда унинг тўлов жадвалини қайта кўриб чиқиб, ўзаро мақбул янги тўлов тартибини келишиб олиши мумкин. Бунда, мижозга ёрдам кўрсатилаётган даврда (яъни янгиланган жадвал ҳақида қарор қабул қилингунига қадар) у билан янги савдо операцияларини амалга оширишга йўл қўйилмайди – аввалги қарзлари ҳал этилиши кутилади. Шу билан бирга, агар мижоз белгиланган шартлар бўйича муддатида тўлов қилмаётган бўлса, компания унинг насия орқали харид қилиш лимитидан фойдаланишини вақтинча тўхтатиб қўйиши мумкин. Ушбу тартиб қарздорлик назоратдан чиқиб кетишининг олдини олишга хизмат қилади.
Рекламадаги чекловлар
Насия савдо хизматларини реклама қилиш масалалари ҳам Кодексда алоҳида тартибга солинмоқда. Реклама материаллари аввало Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги ва “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларига тўлиқ мувофиқ бўлиши шартлиги таъкидланган. Яъни, рекламаларда истеъмолчиларни чалғитувчи ёки уларни нотўғри йўналтирувчи маълумот берилмаслиги керак. Реклама ва тарғибот матнлари аниқ, тушунарли ва ҳаққоний бўлиши талаб этилади. Шунингдек, агар насия хизмати “Исломий молия тамойилларига мос” деб рекламанинг мазмунида таъкидланаётган бўлса, бундай реклама материалларида ушбу мослик ҳақида қисқа изоҳ берилиши ва маҳсулот шариятига мувофиқ эканини тасдиқловчи махсус кенгаш хулосасига ҳавола ҳам келтирилиши лозим. Бунда аҳолига хизмат ҳақиқатан ҳалол молия қоидаларига тўғри экани очиқ билдирилиши зарур.
Кодексга мувофиқ, рекламаларда “0%” ёки “бепул” каби иборалар фақат ҳақиқатда шу маънонигина англатилса (масалан, ҳақиқатан фоиз ёки устама йўқ бўлса)гина қўлланилиши мумкин, акс ҳолда бундай чиройли сўзлар билан алдаш тақиқланади.
Шунингдек, “барча мижозлар учун мос” ёки “хавфсиз” хизмат каби ҳаммага тегишли даъволарni реклама қилиш ҳам нотўғри ҳисобланади ва ман этилади. Реклама материалларида насия хизматидан фойдаланганда тўлов кечикиши ёки бошқа қўшимча йиғимлар қўлланилиши мумкинлиги бор ҳақиқат бўлса, бу ҳақда аниқ ва равшан тарзда кўрсатилиши шарт. Мазкур талаблар истеъмолчилар рекламадан нотўғри тасаввур олмаслиги ва оқибатда нохуш сюрпризларсиз тўғри қарор қабул қила олишлари учун жорий этилмоқда.
Муддати ўтган қарзларни ундириш ва мурожаатлар билан ишлаш қоидалари
Насия савдо ташкилотлари мижозлар билан муносабатларда нафақат сотув ва хизмат кўрсатиш пайтида, балки қарзларни ундириш ва шикоятларни кўриб чиқиш босқичларида ҳам маълум этика меъёрларига амал қилишлари лозим. Ахлоқ кодексида бу соҳаларга оид ҳам алоҳида қоидалар белгиланган.
Мижоз мурожаатларини кўриб чиқиш: Ҳар бир насия савдо ташкилоти мижозларнинг шикоят ва мурожаатларини қабул қилиш ҳамда ҳал этиш тартибига эга бўлиши шарт. Бундай тартибнинг мавжудлиги ва мазмуни ташкилотнинг расмий веб-сайти ва мобил иловасида барча фойдаланувчиларга очиқ равишда эълон қилиб қўйилиши керак. Шунингдек, компания истеъмолчилар учун алоқа маркази (Call-center)ни ташкил этиб, телефон орқали боғланиш имкониятини таъминлаши зарур.
Муддати ўтган қарзларни ундириш: Агар мижоз белгиланган тўлов муддатларини ўтказиб юборса ёки қарзни қайтаришда кечикса, насия савдо ташкилоти аввало мижозга бу ҳақда расмий огоҳлантириш хабари юбориши керак. Ташкилотлар қарздорликни қайтариш учун ўзларининг ички ишлаш механизмларини шакллантиришлари лозим. Кодексда “Soft-Collection”, “Hard-Collection” ва “Legal-Collection” каби босқичма-босқич ундириш усулларини жорий этиш таклиф этилган бўлиб, ҳар бир ташкилот кечиккан қарздорлик билан ишлашнинг шу тарздаги махсус механизмларини ишлаб чиқиши талаб этилади. Энг муҳими, қарзни ундириш жараёнида қарздор мижозга нисбатан турли ғайриқонуний босим ўтказиш усуллари қатъиян ман этилади. Яъни, компания ходимлари ёки уларнинг вакиллари муддати ўтган қарзни қайтариш учун мижозга таҳдид қилиш, ҳақоратлаш, таъқиб этиш каби ноўрин ва ноқонуний усуллардан фойдаланиши мумкин эмаслиги Кодексда очиқ баён этилган. Қарз ундириш фақат қонунда белгиланган тизим ва одоб доирасида амалга оширилиши лозим. Бу меъёрлар истеъмолчи қарздор бўлган ҳолатда ҳам унинг шаъни ва ҳуқуқлари ҳимояланишини кафолатлайди.
Ахборот хавфсизлиги ва фирибгарликка қарши чоралар
Ахлоқ кодексида насия савдо ташкилотлари учун ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва фирибгарликка қарши кураш бўйича ҳам талаб ва чекловлар белгиланган. Мижозларнинг шахсий маълумотлари ва умумий тизимнинг барқарорлиги учун компаниялар қуйидаги чораларни амалга оширишлари зарур:
Мижозларни идентификация қилиш. Янги мижозларни рўйхатдан ўтказиш фақат берилган шахсни аниқ тасдиқлайдиган биометрик усуллар орқали амалга оширилиши лозим. Бу янглиш ёки сохта шахслар номига қарз расмийлаштирилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Ноқонуний операцияларга чек қўйиш. Ташкилотларга насия лимитларини “нақдлаштириш”, яъни мижозларга товар олмасдан шунчаки пул бериб юбориш амалиёти билан шуғулланиш қатъиян ман этилади. Бу насия хизмати суистеъмол қилиниб, истеъмол кредитига айланиб қолмаслиги учун қўйилган чекловдир. Шунингдек, компаниялар ҳар қандай турдаги фирибгарлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс ёки ташкилотлар билан ҳамкорлик қилмасликлари шарт. Финтех ассоциацияси бозорда виждонсиз фаолият юритаётган (жумладан, шу турдаги “лимитларни нақдлаштириш” ёки турли фирибгарлик схемаларига аралашган) ташкилотлар реестрини юритиб боради ва бу ҳақдаги маълумотни ошкор қилиши белгиланган.
Кредит маълумотларини алмашиш. Насия савдо хизматлари орқали аҳолининг қарз юки ортмаслиги ва молиявий хавфлар тўғри баҳоланиб бориши учун кодекс кредит таърихи маълумотлари алмашинувини ҳам назарда тутган. Яъни, кодекс талабларига тўлиқ амал қиладиган ва Марказий банкнинг ахборот хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган ташкилотларгина Кредит бюролари маълумотларидан фойдаланиш ҳуқуқини олади. Бинобарин, ишонч белгисига эга бўлган ҳар бир насия савдо ташкилоти ўз мижозларининг кредит таърихи бўйича маълумотларини (қарз қолдиғи, тўловлар, қарздорлик ҳолати ва ҳ.к.) белгиланган тартибда кредит бюроларига тақдим этиб бориши лозим бўлади. Бу тартиб банк ва молия муассасалари ўртасидаги ахборот алмашинувини яхшилаб, бир мижознинг қарздорлиги ҳақида бошқа ташкилотлар ҳам хабардор бўлишини таъминлайди.
Ички ахборот хавфсизлиги тизими. Ҳар бир насия савдо ташкилоти ўз тузилмасида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш учун масъул бўлим ёки камида алоҳида масъул ходим тайинлаши шарт. Компания доирасида ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик тизими жорий қилиниб, мижозлар маълумотларининг махфийлиги ва тизимлар ишончлилиги таъминланиши керак. Марказий банк томонидан белгиланган ахборот хавфсизлиги талабларига риоя қилиш ҳам ишонч белгисини олиш ва сақлаб қолиш шартларидан бири экани таъкидланган.
Ахборот хавфсизлиги ва фирибгарликка қарши чораларга амал қилиш, бир томондан, мижозларнинг маълумотларини ҳимоя қилса, иккинчи томондан, умумий бозор барқарорлиги ва ҳуқуқий муҳитга бўлган ишончни мустаҳкамлайди.
Хулоса
Насия савдо бозорини тартибга солишга қаратилган мазкур Ахлоқ кодекси лойиҳаси ҳозирда биринчи вариант сифатида мутахассислар ва жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган
Марказий банк ва Финтех ассоциацияси кодекс бўйича келишилган таклиф ва мулоҳазаларни қабул қилиб, ҳужжатни янада такомиллаштириши кутилмоқда.
