Марказий банк бошқарувининг "Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қарори 2026 йил 17 июлда давлат рўйхатидан ўтказилди. Қарор 20 июлдан кучга кирди.
Ҳужжат 2026 йил 27 мартда қабул қилинган "Ўзбекистонда ислом банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қўшимча ва ўзгаришлар киритиш тўғрисида"ги ЎРҚ-1126-сон қонунга мувофиқ ишлаб чиқилди.
Қарорда қуйидагилар белгиланди:
Ислом банк фаолиятини амалга ошириш учун Марказий банкдан алоҳида лицензия олиниши шарт.
Янги ислом банкини очишни истовчи ташкилот Марказий банкка бир қатор ҳужжатларни тақдим этиши лозим. Жумладан, банкнинг келгуси уч йилга мўлжалланган бизнес-режаси, ислом молия қоидаларига риоя этилишини таъминловчи сиёсат ҳужжати, молиявий прогнозлар ва хавф-хатарларни бошқариш режаси шулар жумласига киради. Бундан ташқари, банк ислом молия операциялари ҳисобини оддий банк операцияларидан алоҳида юритишини исботловчи ҳужжатларни ҳам тайёрлаши шарт.
Мавжуд тижорат банклари ҳам "ислом дарчаси" очиш орқали ислом банк хизматларини кўрсатиши мумкин.
Мавжуд тижорат банклари алоҳида банк очмаган ҳолда, ўз таркибида ислом қоидалари асосида ишловчи бўлим ("ислом дарчаси") ташкил этиши мумкин. Бунинг учун банк акциядорлари умумий йиғилиш қарорини қабул қилиши, банк уставига ўзгартириш киритиши ва ҳужжатларни Марказий банкка тақдим этиши керак. Марказий банк ушбу ҳужжатларни 2 ой муддатда кўриб чиқади.
Ислом банк хизматларини кўрсатувчи банкларда Ислом молия кенгашини ташкил этиш мажбурий."
Ислом банк хизматларини кўрсатувчи муассасаларда Ислом молия кенгашини ташкил этиш мажбурий. Кенгаш банк операцияларининг шариат талабларига мувофиқлигини назорат қилади.
- Кенгаш камида 3 нафар аъзодан иборат бўлиши ва уларнинг камида 2 нафари Ўзбекистон фуқароси бўлиши шарт.
- Мутахассислар араб тили ва тегишли манбаларни мукаммал билиши талаб этилади.
- 2027 йил 1 июлдан бошлаб кенгашнинг барча аъзолари AAOIFI (Ислом молияси бўйича халқаро ташкилот) томонидан берилган CIPA, CSAA, CPSS, CPAAGE ёки CSE сертификатларидан бирига эга бўлиши мажбурий.
- Масъул раҳбарлар ва кенгаш аъзолари лавозимга тайинланишдан олдин Марказий банк билан мажбурий келишилади. Бир шахс бир вақтнинг ўзида иккидан ортиқ банкнинг Ислом молия кенгаши аъзоси бўла олмайди.
Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Ўзбекистонда банклар фақат ислом молияси хизматларини чекланган кўламда таклиф қилиб келаётган эди. Янги тартиб эса тўлиқ ислом банкларини ташкил этиш ва амалдаги тижорат банкларида "ислом дарчаси" фаолиятини йўлга қўйиш механизмларини белгилаб берди.
