TBC Bank Group (TBC PLC) глобал инвестор Prosus таркибига кирувчи OLX Group’дан OLX Uzbekistan компаниясининг назорат улушини харид қилиш битимини якунлади. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг тегишли розилиги олингач, расман ёпилган ушбу битим мамлакат финтех ва рақамли экотизимлар бозоридаги энг йирик келишувлардан бирига айланди.
Мазкур харидни амалга ошириш мақсадида TBC Bank Group Яқин Шарқдаги етакчи институционал инвесторлар, оилавий офислар ва суверен жамғармалар маблағларини жалб қилувчи Titan Investments халқаро инвестиция холдинги билан ҳамкорликда қўшма корхона ташкил этди. Ушбу қўшма корхона OLX Uzbekistan’нинг 100 фоизлик улушини сотиб олган бўлиб, унда TBC Bank Group «50 фоиз + 1 та акция» улуши билан назоратни ўз қўлига олди, қолган ҳисса эса Titan Investments эгалигида қолди.
Мамлакатдаги энг оммабоп веб-сайтлар топ-10 талигига кирувчи OLX UZ платформаси ҳар ойда 5 миллиондан ортиқ фаол фойдаланувчига хизмат кўрсатади ва 2 миллионга яқин фаол эълонларни ўз ичига олади. Фаол интернет фойдаланувчиларининг қарийб 17 фоизини қамраб олган ушбу майдон сотиб олингандан сўнг ҳам ўз бренди остида мустақил ва очиқ платформа сифатида фаолият юритишда давом этади. Келгусида TBC Uzbekistan ушбу платформага ўз рақамли молиявий ва тўлов хизматларини босқичма-босқич интеграция қилишни режалаштирмоқда.
TBC Uzbekistan бош ижрочи директори Ника Курдианининг таъкидлашича, ушбу битим экотизимни кенгайтириш ва даромадли активларни интеграция қилиш орқали бизнесни диверсификация қилиш стратегиясидаги муҳим босқичдир. Унинг сўзларига кўра, компания платформанинг мустақиллиги ва очиқлигини сақлаб қолган ҳолда, миллионлаб янги мижозларни жалб қилиш, маҳсулотлар турлилигини ошириш ва қўшимча синергия имкониятларини юзага келтиришни мақсад қилган. Битим доирасида Titan Investments компаниясининг онлайн платформаларни ривожлантириш тажрибасидан ҳамда TBC’нинг рақамли банк маҳсулотларини интеграция қилиш салҳиятидан унумли фойдаланиш кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг август ойида TBC Bank Group (TBC PLC) OLX Uzbekistan’нинг назорат пакетини сотиб олганини маълум қилган эди. Кейинчалик Рақобат қўмитаси “TBC Bank” гуруҳига алоқадор компания томонидан “OLX Classifieds” платформасининг 100 фоиз улушини сотиб олиш бўйича иқтисодий концентрация битимини маъқуллаган эди. Томонларга рақобат муҳитини сақлаш, маълумотлар махфийлигини таъминлаш ва хизматлар бозорида монополияга йўл қўймасликка қаратилган қатъий мажбуриятлар юклатилганди.
