Рақобат қўмитаси томонидан Бирлашган Араб Амирликларида рўйхатдан ўтган “Tapuz Limited” компаниясининг “OLX Classifieds” масъулияти чекланган жамияти хорижий корхонасининг 100 фоиз улушини сотиб олиш бўйича аризаси кўриб чиқилиб, ушбу иқтисодий концентрация битимига олдиндан розилик берилди.
Қўмита томонидан ўтказилган таҳлиллар давомида “Tapuz Limited” компаниясининг асосий акциядори бўлган “TBC Bank Group PLC” компанияси Ўзбекистонда “TBC bank” рақамли тижорат банки ҳамда “Payme” онлайн тўлов хизматига билвосита эгалик қилиши инобатга олинган. Шу билан бирга, “Payme” АЖ ва “OLX Classifieds” МЧЖ ХК рақамли платформалар соҳасида устун мавқега эга корхоналар рўйхатига киритилгани қайд этилган. Бироқ, ўрганишлар натижасида “Tapuz Limited” компаниясининг Ўзбекистонда онлайн реклама хизматлари соҳасида фаолият юритувчи бошқа хўжалик юритувчи субъектлар устав фондида улуши мавжуд эмаслиги аниқланган.
Қўмитанинг Махсус комиссияси мазкур битим бўйича рақобат муҳитини сақлаш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қатор мажбурий талабларни белгилаган ҳолда розилик қарорини қабул қилди. Унга кўра, “Tapuz Limited” акциядори бўлган “TBC Bank Group PLC” назоратидаги платформалар орқали “OLX” фойдаланувчилари учун хизмат кўрсатиш шартларига бир томонлама ва асоссиз таъсир кўрсатишга йўл қўйилмайди.
Бундан ташқари, “OLX” платформасида тўпланадиган ёки қайта ишланадиган маълумотлардан, хусусан, “TBC bank” ва “Payme”нинг рақобатчилари мижозларига оид шахсий ёки тижорат маълумотларидан рақобатни чеклаш мақсадида фойдаланиш, уларни ошкор қилиш, устун мавқени суиистеъмол қилиш ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини камситиш қатъиян ман этилади.
Шунингдек, Қўмита платформа хизматлари учун тўловларни амалга оширишда истеъмолчиларни фақат “Payme” ёки “TBC bank” мобил иловаларидан фойдаланишга мажбурламаслик ва бошқа муқобил тўлов тизимлари учун тенг шароитлар яратиш мажбуриятини юклаган.
Бундан ташқари, томонлар “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги 256-сон қарори билан тасдиқланган низом талабларига тўлиқ ва сўзсиз риоя қилишлари лозим.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг август ойида TBC Bank Group (TBC PLC) OLX Uzbekistan’нинг назорат пакетини сотиб олганини маълум қилган эди. Хабарда айтилишича, сотувчи томон — Prosus таркибига кирувчи OLX Group бўлгани, сотиб олиш жараёнида TBC Bank Group Titan Investments билан қўшма корхона тузиб, OLX Uzbekistan акцияларининг 50 фоизи + 1 та акцияси TBC Bank Group'га, қолган улуш эса Titan Investments'га тегишли бўлиши айтилганди.
