"Ориент Финанс" ХАТБ акциядорлари банкнинг устав капиталини қўшимча 883 млрд 845,9 млн сўмга ошириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бунда номинал қиймати 1250 сўм бўлган тахминан 707 млн дона, эгасининг номи ёзилган оддий, ҳужжатсиз шаклдаги қўшимча акциялар муомалага чиқарилади.
Қўшимча акция чиқариш натижасида банк устав капитали 2,70 трлн сўмдан 3,58 трлн сўмгача оширилади.
Акциялар ёпиқ обуна орқали банкнинг амалдаги акциядорлари ўртасида жойлаштирилади:
1. "TECHEXPERTMASH" МЧЖ ≈ 78,7 млн дона (11,13 фоиз);
2. "METRAFOR" МЧЖ ≈ 26,3 млн дона (3,71 фоиз);
3. Polatov Saken Djetibayevich ≈ 404,1 млн дона (57,15 фоиз);
4. Axmedjanova Sitora Baxadirovna ≈ 198 млн дона (28,00 фоиз).
Акциялар ваколатли давлат органи томонидан рўйхатига олинган кундан бошлаб 365 кун муддатда, банк томонидан мустақил равишда, андеррайтерларни жалб этмасдан жойлаштирилади.
Акциялар учун тўловлар нақд ва/ёки нақдсиз шаклда Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Осиё кўчаси, 5 уй манзили бўйича жойлашган Ориент Финанс банкдаги 29830 ҳисобрақамига пул маблағларини ўтказиш орқали амалга оширилади (МФО 01071).
Ориент Финанс банк 2025 йилда 1 трлн 44,1 млрд соф фойда олиб, молиявий натижаси бўйича Ўзбекистон банклари ичида 5-ўринни эгаллаган эди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг июль ойида Ориент Финанс банк умумий қиймати 736,4 млрд сўмлик қўшимча оддий акцияларни чиқариш орқали устав капиталини 1,9 трлн сўмдан 2,7 тлрн сўмгача оширган эди.
