Ўзбекистон Республикаси Солиқ қўмитаси айрим тадбиркорларнинг савдо операцияларини p2p — картадан картага пул ўтказмалар орқали амалга ошираётган ҳолатларини таҳлил қилаётганини маълум қилди. Қўмита хабарига кўра, бундай операциялар орқали тушаётган айрим даромадлар солиқ ҳисоботларида кўрсатилмаяпти, бу эса давлат бюджетининг тўлиқ шаклланишига тўсқинлик қилмоқда.
Шу муносабат билан солиқ органлари юридик шахсларда ишлайдиган раҳбар ходимларнинг банк пластик карталарига келиб тушган пул маблағларини таҳлилий ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Аниқланган ҳолатларга кўра, ҳисоботларда акс эттирилмаган даромадлар бўйича тегишли чоралар кўрилиб, солиқ тўловчиларга билдиришномалар юборилмоқда.
"Бу жараён жазолаш ёки босим ўтказиш эмас, балки иқтисодий адолатни таъминлаш, яширин айланмаларни қисқартириш ва ҳалол меҳнат қилиб, қонун доирасида иш юритаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган."— Солиқ қўмитаси матбуот хизмати
Солиқ органлари барча тадбиркорлик субъектларини амалдаги қонунчиликка қатъий риоя қилишга, савдо тушумларини тўлиқ расмийлаштиришга ва солиқ ҳисоботларида ҳаққоний акс эттиришга чақирмоқда.
Ижтимоий тармоқларда олдинроқ пайдо бўлган хабарларга кўра, бир қатор тадбиркорлар тез-тез амалга оширилган p2p ўтказмалари ва карта бўйича катта йиллик ҳаракатлар сабаб солиқ идораларига чақирилган. "Potrebitel.Uz" Телеграм-каналининг маълумот беришича, солиқ ходимлари 2020 йил октябрь ойидан бошлаб транзакцияларни текшириш ҳуқуқига эга бўлганини қайд этган.
Каналнинг маълум қилишича, ҳозирча ҳеч ким қандай жазо ёки жарималар қўлланилгани ҳақида маълумот бермади — текширувлар эндигина бошланган. Солиқ қўмитаси хабарида эса Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020-йил 30 октябрдаги "Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги фармони алоҳида қайд этилган. Фармонда иқтисодиётни "соядан" чиқариш, бизнес муҳитини соғломлаштириш ва тенг рақобатни таъминлаш мақсадлари белгилаб қўйилган.

Солиқ қўмитаси томонидан тадбиркорларга юборилаётган хат намунаси. Фото: Ижтимоий тармоқлар
Солиқ органлари юқоридаги жараёнда айнан қайси тартибда банклардан маълумот олингани ҳақида тўхталмаган. Бироқ, жараёнга ҳуқуқий асос сифатида 2020 йил 30 октябрдаги "Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-6098 Президент Фармонини келтириб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, "Банк сири тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 11-моддасида "банк сирини ташкил этувчи маълумотлар давлат солиқ хизмати органларига банк мижозига (вакилига) солиқ солиш масалаларига тааллуқли ҳолларда қонунчиликка мувофиқ тақдим этилши" белгилаб қўйилган.
Юқоридаги жараёнларга бир неча иқтисодчилар ўз қарашларини билдириб ўтди. Хусусан, финтех-блогер Шуҳратбек Қурбонов "бундай текширувларни қонун билан мустаҳкамлаш зарурлигини, чунки маълумотлар қаердан олиниши ва улар солиқ органларига қанчалик қонуний йўл билан тақдим этилиши ҳали тўлиқ аниқ эмас"лигини айтган бўлса, иқтисодчи Отабек Бакиров фикрича, "Р2Р борасида нима ечимга келсак ҳам, бу банк сири талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши керак".
Аввалроқ, март ойи бошида Ўзбекистонда банк ва тўлов иловаларида ўтказмалар мақсадини кўрсатиш тартиби жорий қилинганди. Марказий банк ушбу ҳолатга изоҳ бериб, маълумотлар учинчи шахсларга тақдим этилмаслигини маълум қилганди. Кейинчалик, март ойи охирига бориб эса ўтказмалар мақсадини кўрсатиш талаби бекор қилинган эди.
Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёевга 6 апрель куни солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва солиқ органлари фаолиятини ислоҳ қилишга доир тақдимотда савдо ва хизматлар, саноат, қурилиш, умумий овқатланиш ҳамда бошқа соҳаларда P2P-операциялар мониторинги, товарларни маркировкалаш, рақамли назоратни кучайтириш, юкларни ҳужжатсиз ташиш фаолиятини автоматик аниқлаш ва норасмий бандликни расмийлаштириш каби механизмлардан кенг фойдаланиш ҳисобига солиқ тушумларини ошириш ҳақида гап борган эди.
Аввалроқ Қозоғистон банклари мижозларнинг ўтказмалари бўйича маълумотларни солиқ органларига беришни бошлагани ҳақида хабар берган эдик.
