Марказий банк p2p ўтказмалари бўйича айрим саволларга жавоб берди

04.03.2026 12:49

329

Банк ва тўлов иловаларида p2p ўтказмаларини амалга оширишда “ўтказма мақсади”ни танлаш тизими жорий этилиши борасида Марказий банк жамоатчиликни қизиқтирган айрим саволларга жавоб берди. Регулятор жараённинг "техник" эканлигини билдириб, киритилган 16 та тўлов мақсади параметрлари эса намунавий эканлигини, банк ёки тўлов ташкилоти ўз мобил иловаси архитектурасидан келиб чиққан ҳолда уни ихтиёрий белгилаши мумкинлигини айтди.

Фото: Bankers.uz

Ўзбекистонда айрим банк ва тўлов иловаларида p2p ўтказмаларини амалга оширишда “ўтказма мақсади”ни танлаш мажбурий тарзда киритилди. Маълум бўлишича, бу регулятор талаби бўлиб, Марказий банк банклар ва тўлов ташкилотларига мобил иловалар орқали ўтказмалар амалга оширилганда "ўтказма мақсадини кўрсатиш" бўйича хат юборган.

Марказий банк юборган хатдан скриншот / Telegram - "Davletovuz"

Bankers.uz Марказий банкдан мазкур ҳолат бўйича изоҳ сўради. Регулятор ахборот хизмати жамоатчиликда пайдо бўлган айрим саволларга жавоб берди.

Регулятор вакилининг маълум қилишича, рақамли иқтисодиёт ривожланаётгани сари операциялар сони йил сайин ортиб бормоқда. Тизим тўғри ва аниқ ишлаши учун маълумот тартибли бўлиши керак. Операцияларнинг таснифланиши ва тўғри таснифланиши техник хатоликларни камайтиради ва уларни тез ва аниқ қайта ишлаш имконини беради. Шунингдек, бу тизимни барқарор ишлаши ва келажакда сервисни янада қулай қилиш учун ҳам муҳим.

Марказий банк қўшимча қилишича, бу жаҳон амалиётида аллақачон қўлланилаётган стандарт ёндашув бўлиб, ҳар қандай тўловни амалга оширганда, у маълум бир мақсадга боғлиқ бўлади. Масалан, такси иловаларида, онлайн дўконларда ёки етказиб бериш хизматларида тўлов автоматик равишда маълум категорияга тушади ва ушбу транзакцияни мобил иловада куриб бориш мумкин.

Яъни картага ўтказмаларида ҳам гап фақат операция мақсадини қисқача изоҳлаш ҳақида кетмоқда, холос. Бу ҳужжат талаб қилиш ёки қўшимча текширув ўтказишни англатмайди. Исбот ёки қўшимча маълумот сўралмайди. Бу фақат "техник аниқлик" учун киритиладиган изоҳ - демоқда Марказий банк.

Марказий банкнинг қўшимча қилишича бу чеклов ёки мажбурий тартиб ва қоида эмас эмас. Бу мобил иловалар функционаллигини босқичма-босқич такомиллаштириш бўйича тавсия. Уни қандай шаклда жорий этиш, қачон жорий этиш — ҳар бир банк ўз иловаси имкониятларидан келиб чиқиб мустақил ҳал қилади.

Бу нега айнан ҳозир жорий этилмоқда деган саволга жавоб берар экан, регулятор "рақамли операциялар ҳажми ортиб бораётгани ва бу шунчаки иловаларнинг табиий такомиллашуви сифатида қаралиши тўғри бўлиши"ни таъкидлади.

Марказий банк мазкур тажриба жаҳондаги финтех ривожланган аксарият мамлакатларда борлигини айтди.

Кўплаб халқаро банк иловаларида тўлов мақсади, изоҳ ёки категория танлаш каби функциялар мавжуд. Бу рақамли молияда оддий амалиёт. Ҳаттоки сунъий интеллект орқали ўз бюджетини ва кредит интизомларини кузатиб, бошқариш имконияти иловаларга устунлик беради.

Регуляторнинг изоҳ беришича, бу каби функция қўшилгандан кейин тўлов (ўтказма) жараёни техник жиҳатдан ўзгармайди (қийинлашмайди). Мижоздан қўшимча ҳужжат ёки мураккаб босқичлар талаб этилмайди. Истеьмолчидан фақат тугма босиш танлаш сўралади, холос.

Жамоатчиликни хавотирга солган муҳим саволлардан бири - "киритилган маълумотлар учинчи шахсларга юбориладими?" деган саволга Марказий банк маълумотлар мобил илованинг ишлаш доирасида қайта ишланиши ва учинчи шахсларга тақдим этилмаслигини маълум қилди.

Шунингдек, Марказий банк "тўлов мақсади турлари" деб қайд этилган 16 та параметр ягона мажбурий рўйхат эмаслиги ва бу намунавий ёндашув бўлиши мумкинлигини истисно этмади. Айрим банкларда камроқ ёки бошқача форматда жорий этилиши эҳтимоли борлигини қўшимча қилди.

Бу Марказий банкнинг мижозлар амалиётлари устидан янги назорат мехнизми бўлиши мумкинми, деган саволга регулятор бу шунчаки "операцияларни аниқ ва тизимли қайта ишлашга қаратилган техник ечим" эканлигини билдирди.

Теглар:

#p2p#пул ўтказмалари

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган