Қозоғистонда иккинчи даражали банклар 2026 йилнинг биринчи чораги учун фуқароларнинг мобил ўтказмалари бўйича маълумотларни Давлат даромадлари қўмитасига (ДДҚ) юборишни бошлади. Бу ҳақда Tengrinews.kz қўмита маълумотларига таяниб хабар бермоқда.
ДДҚ хабарига кўра, жорий йилнинг дастлабки уч ойидаги транзакциялар маълумотлари банклар томонидан йиғилмоқда ва камерал назорат натижаларига кўра тафовут аниқланган шахсларга махсус билдиришномалар юборилади.
Назорат механизми қандай ишлайди?
Билдиришнома олган фуқароларда муносабат билдириш учун роппа-роса 30 иш куни мавжуд бўлади. Бу муддат ҳужжат олинган куннинг эртасидан бошлаб ҳисобланади. Солиқ органининг таъкидлашича, билдиришноманинг ўзи жарима эмас, балки фуқарога вазиятни мустақил тўғирлаш учун берилган имкониятдир.
Агар фуқаро шахсий картасига хизмат ёки товарлар учун пул қабул қилганини тан олса, у аниқланган тафовутларга доир солиқ ҳисоботини топшириши керак. Шунингдек, ўзини ўзи банд қилганлар махсус мобил илова орқали маълумотларни акс эттириб, тегишли солиқ ва ижтимоий тўловларни амалга оширишлари ёки Солиқ кодекси талабларидан келиб чиқиб ўзларига мос солиқ режимига ўтишлари мумкин.
Агар фуқаро қўмита хулосасига норози бўлса, солиқ қонунчилиги бузилмаганини асословчи тушунтириш хати тақдим этиш ҳуқуқига эга.
Кимлар текширувга тушади? 2026 йилги янги мезонлар
Молия вазирлиги томонидан 2026 йил 1 январдан бошлаб мобил (P2P) ўтказмалар бўйича қўшимча лимитлар жорий этилган. Олдинлари фақатгина 3 ой давомида 100 та турли шахсдан пул ўтказмаларини қабул қилиш тадбиркорлик белгиси сифатида қаралган бўлса, эндиликда қўшимча лимит – энг кам иш ҳақининг (ЭКИҲ) 12 баравари миқдори белгиланди.
Жисмоний шахс фаолияти тадбиркорлик сифатида текширилиши учун қуйидаги учта мезон бир вақтнинг ўзида бажарилиши керак:
- Ўтказмалар 100 ва ундан ортиқ турли хил шахслардан келиб тушган бўлса;
- Операциялар қаторасига уч ой давомида амалга оширилса;
- Тушумларнинг умумий суммаси 12 баравар ЭКИҲдан (1 020 000 тенге) ошса.
Қўмитанинг алоҳида таъкидлашича, қариндошлар, дўстлар ва ҳамкасблар ўртасидаги, шунингдек, бир марталик ва мунтазам бўлмаган пул ўтказмалари янги мезонлар таъсирига тушмайди.
Огоҳлантиришни эътиборсиз қолдиришнинг оқибатлари
Солиқ органлари тақдим этилган тушунтиришларнинг ҳаққонийлигини тасдиқлаш учун ёки билдиришнома талаблари белгиланган муддатда бажарилмаса, солиқ текширувини ўтказиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
Бундан ташқари, белгиланган мезонларга тушган ва билдиришнома олгандан сўнг бир ой давомида солиқ органига мурожаат қилмаган фуқароларнинг банк ҳисобрақамлари 41-кунда блокланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилмоқда.
Маълумот учун, ушбу қоидаларни жорий қилишдан асосий мақсад — амалда бизнес билан шуғулланиб, лекин даромадларини яшираётган ва солиқ тўламаётганларни "хуфёна иқтисодиёт"дан чиқаришдир. ДДҚ маълумотларига кўра, сўнгги йилларда мобил ўтказмалар норасмий ҳисоб-китобларнинг энг кенг тарқалган усулларидан бирига айланиб улгурган.
Охирги маълумотларга кўра, Қозоғистондаги барча тижорат банклари мобил ўтказмалар бўйича маълумотларни солиқ органларига тақдим этиб бўлган. Бу ҳақда Молия вазири ўринбосари Ержан Биржанов Мажлис доирасида маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, солиқ органлари ҳозирда олинган маълумотларни қайта ишламоқда ва тўпламоқда, шунинг учун фуқароларнинг аниқ сони ва тоифалари ҳақида гапиришга ҳали эрта.
"Бугунги кунга келиб, барча банклар маълумотларни тақдим этди. Сизга аввал айтганимдек, биз бу маълумотларни қабул қилдик. Ушбу маълумотлар ҳозирда қайта ишланмоқда. Ҳозирча биз ҳеч қандай хулоса чиқара олмаймиз - қайси тоифалар ёки чоралар - чунки биз биринчи хабарномаларни фақат май ойида юборамиз", - деди Биржанов.
Вазир ўринбосари солиқ органлари ҳали ҳам маълумотларни таҳлил қилиши ва уларни тоифаларга ажратиши кераклигини тушунтирди - бу якка тартибдаги тадбиркорлар, ўзини ўзи банд қилганлар, норезидентлар ёки бошқа шахсларга тегишли бўладими. Бундан ташқари, турли банкларнинг маълумотларини таққослаш керак, чунки улар бир хил шахсларни ўз ичига олиши мумкин.
"Бугунги кунда барча банклар маълумотларини таққослаш керак. "Уларнинг маълум бир миқдори ҳақида билдиришномалар юборишимизни айтишга ҳали эрта. Май ойида билдиришномалар юборишни бошлаймиз", деб такрорлади Биржанов.
Эслатиб ўтамиз, март ойи бошида Ўзбекистонда банк ва тўлов иловаларида ўтказмалар мақсадини кўрсатиш тартиби жорий қилинганди. Марказий банк ушбу ҳолатга изоҳ бериб, маълумотлар учинчи шахсларга тақдим этилмаслигини маълум қилганди. Кейинчалик, март ойи охирига бориб эса ўтказмалар мақсадини кўрсатиш талаби бекор қилинган эди.
Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёевга 6 апрель куни солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва солиқ органлари фаолиятини ислоҳ қилишга доир тақдимотда қайд этилишича, рақамли таҳлил ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиб, “ақлли” назорат тизимини жорий этиш орқали жорий йилда бюджетга қўшимча 30 триллион сўм тушумни таъминлаш белгиланган. Бу савдо ва хизматлар, саноат, қурилиш, умумий овқатланиш ҳамда бошқа соҳаларда P2P-операциялар мониторинги, товарларни маркировкалаш, рақамли назоратни кучайтириш, юкларни ҳужжатсиз ташиш фаолиятини автоматик аниқлаш ва норасмий бандликни расмийлаштириш каби механизмлардан кенг фойдаланиш ҳисобига таъминланиши мумкин.
