Алоқабанк ўзининг факторинг компанияси бошқарув пакетини сотувга чиқарди

16.04.2026 13:19

143

Алоқабанк ўзининг "Aloqa Finance Faktoring Tashkiloti" МЧЖдаги 90 фоиз улушини 1,8 млрд сўм бошланғич қиймат билан (деярли ўз номинал қийматида) оммавий савдога қўйди. Компания 2024 йил декабрь ойида Aloqa Faktoring номи билан очилган, кейинчалик Aloqa Finance Faktoring Tashkiloti номи билан қайта ташкил қилинган.

Фото: AloqaBank

Алоқабанкнинг ўзининг факторинг компанияси — "Aloqa Finance Faktoring Tashkiloti" МЧЖдаги 90 фоиз улушини оммавий савдога қўйди.

Объектнинг бошланғич қиймати 1 млрд 819,39 млн сўм. Савдо ошириб бориш усулида олиб борилади. Потенциал харидорлар томонидан аризаларни қабул қилишнинг охирги муддати 2026 йил 16 апрель.

Факторинг ташкилотини сотиш бўйича қарор Алоқабанк Кузатув кенгаши томонидан 2025 йил 19 ноябрда қабул қилинган. Ушбу лот бундан олдин ҳам сотувга қўйилган, бироқ сотилмаган.

Факторинг компанияси устави капитали 2 млрд сўмни, тақсимланмаган фойдаси эса 7,74 млн сўмни ташкил қилади. Компаниянинг Ҳисоб-китоб счётидаги пул маблағлари (5100) асосини ташкил қилувчи активлари 2 млрд 9 млн сўмни ташкил қилади. Бундан компания қарийб номинал қийматида сотилаётгани англашилади.

Aloqa Finance Faktoring Tashkiloti 2025 йилда 32,7 млн сўм даромад олган. Даромадлар тўлиқ фоизли даромадлардан шаклларган. Маъмурий харажатлари эса 25 млн сўмни ташкил қилган.

Алоқабанк 2025 йилда 340 млрд сўмлик факторинг хизматлари кўрсатган. Шундан 299 млрд сўми электрон платформа орқали амалга оширилган.

Алоқабанк 2024 йил охирида ўзининг факторинг компаниясини Aloqa Faktoring номи билан ташкил қилган эди. 2025 йил ёзида компания номи Aloqa Finance Faktoring Tashkiloti'га ўзгартирилган.

Теглар:

#алоқабанк#факторинг

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган