2025 йилда кредит ташкилотлари томонидан кўрсатилган 9,5 трлн сўмлик факторинг хизматларининг 8,8 трлн сўми ёки 93 фоизи тижорат банклари, 699 млрд сўми ёки 7 фоизи микромолия ташкилотлари ҳиссасига тўғри келди.
Бунда, кўрсатилган факторинг хизматларининг 4,4 трлн сўми ёки 46 фоизи рақамли факторинг хизматлари ҳиссасига тўғри келиб, ушбу хизматларнинг 2,5 трлн сўми (58 фоиз) "Ozplanet" электрон факторинг платформаси, 1,8 трлн сўми (42 фоиз) "Finmakon" электрон факторинг платформаси орқали амалга оширилган.
Декабрь ойида факторинг бозорида рекорд қайд этилди: 2024 йилнинг декабрида энг юқори кўрсаткич 630 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилнинг декабрида у икки баробар ошиб, 1,2 трлн сўмга етди.
Тижорат банклари: давлат ва хусусий банклар рақобати
2025 йил давомида давлат улуши мавжуд тижорат банклари томонидан жами 5 трлн сўм (56 фоиз), хусусий банклар томонидан эса жами 3,8 трлн сўм (44 фоиз) миқдоридаги факторинг хизматлари тақдим қилинди.
Давлат улуши мавжуд тижорат банкларида энг кўп факторинг операциялари Асака банк (1,5 трлн сўм, шундан электрон платформа орқали 508 млрд сўм), Ўзмиллийбанк (921 млрд сўм, 801 млрд сўм) ва Ўзсаноатқурилишбанк (761 млрд сўм, 720 млрд сўм) томонидан кўрсатилди.
Хусусий банклар орасида Капиталбанк — 1,3 трлн сўм (31 млрд сўм), Hamkorbank — 909 млрд сўм (246 млрд сўм) ва Asia Alliance bank — 354 млрд сўм (194 млрд сўм) билан факторинг хизматларини кўрсатишда етакчилик қилди.

Манба: Марказий банк
Айрим давлат банкларида факторинг хизматларининг 90 фоизидан кўпи электрон платформалар орқали кўрсатилмоқда. Масалан, Ўзмиллийбанкда 921 млрд сўмлик хизматнинг 801 млрд сўми — рақамли канал орқали амалга оширилган.
Факторинг қисқа муддатли кредитлашнинг 11 фоизини эгаллади
Тижорат банкларининг қисқа муддатли молиялаштириш хизматларида факторинг хизматларини алтернатив ечим сифатида кенг кўламда оммалаштириш чоралари кўрилмоқда.
Натижада, 2024 йилнинг II ярим йиллигида кўрсатилган факторинг хизматларининг қисқа муддатли молиялаштирига нисбати 1 фоиздан (июль) 6,1 фоизга (декабрь) ошган бўлса, 2025 йилнинг январь-декабрь ойларида ушбу кўрсаткич 4,5 фоиздан 11,1 фоизга етди.
Мижозлар ва ҳудудлар кесимида
Иқтисодиёт тармоқлари кесимида факторинг хизматларининг асосий қисми саноат соҳасига йўналтирилиб, 4,5 трлн сўм ёки жами ҳажмнинг 48 фоизини ташкил этди. Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасига 4,1 трлн сўм ёки 44 фоиз йўналтирилди. Қурилиш ва қишлоқ хўжалиги секторларида мос равишда 391 млрд сўмлик (4 фоиз) ва 409 млрд сўмлик (4 фоиз) дебиторлик қарздорликлар молиялаштирилди.
Кўрсатилган факторинг хизматларининг асосий қисми Тошкент шаҳри (4,1 трлн сўм ёки 43,3 фоиз), Андижон вилояти (1,9 трлн сўм ёки 20,4 фоиз), Тошкент вилояти (859 млрд сўм ёки 9,1 фоиз) ва Фарғона вилоятига (543 млрд сўм ёки 5,7 фоиз) тўғри келди.
Сурхондарё вилояти (67 млрд сўм), Сирдарё вилояти (47 млрд сўм) ва Жиззах вилоятида (45 млрд сўм) энг паст кўрсаткич қайд этилди.

Мижозларнинг ташкилий шакли бўйича кўрсатилган факторинг хизматлари тақсимотида энг юқори улуш МЧЖларга тўғри келиб, уларга 6,2 трлн сўм ёки жами хизматларнинг 65,4 фоизи кўрсатилди. Акциядорлик жамиятларига 1,8 трлн сўм ёки 19 фоиз, чет эл капитали иштирокидаги корхоналарга 1,3 трлн сўмлик (13,3 фоиз) факторинг хизматлари кўрсатилди.
Халқаро факторинг: Тожикистон ва Россия йўналишлари устунлик қилмоқда
2025 йилда тижорат банклари томонидан 642 млрд сўм эквивалентидаги (жамига нисбатан 7 фоиз) регресс ҳуқуқи билан халқаро факторинг хизмати кўрсатилди.
Халқаро факторинг операцияларида банклар бўйича энг юқори ҳажм Асакабанк (29,9 млн доллар ёки 56 фоиз), Микрокредитбанк (7,2 млн доллар ёки 14 фоиз), Бизнесни ривожлантириш банки (7,4 млн доллар ёки 14 фоиз) томонидан кўрсатилди.

Географик жиҳатдан халқаро факторинг хизматларининг асосий қисми Тожикистон (251,4 млрд сўм ёки 39 фоиз) ва Россия (216,3 млрд сўм ёки 33,7 фоиз) давлатларига амалга оширилган экспорт операциялари бўйича юзага келган дебиторлик қарздорликларини молиялаштириш учун йўналтирилган. Қозоғистон (66 млрд сўм), Қирғизистон (63,5 млрд сўм) ва БАА, Буюк Британия, Полша каби давлатлар ҳам рўйхатда мавжуд.
Дискont ставкалари: бозорда кенг тарқалиш
Тижорат банклари томонидан маҳаллий ва халқаро факторинг хизмати бўйича банк маҳсулотлари ишлаб чиқилган бўлиб, факторинг хизмат турларининг муддатларидан (180 кунгача) келиб чиққан ҳолда дискont ставкалари белгиланган.
Асакабанк (маҳаллий 1,5%, халқаро 1%), Ўзсаноатқурилишбанк (2,5–1,25%), Туронбанк (2,3–4%, 1,25%) каби давлат банклари, шунингдек Капиталбанк (2%, 1,2%), Hamkorbank (2%, 1,5%) каби хусусий банклар факторинг хизматларида рақобатдош ставкалар таклиф этмоқда.
Микромолия ташкилотлари орасида Easy Finans (2,5–7%), Yangi Finans (2,4–3,5%) ва Fast Finans (3,5%) фаол иштирок этмоқда. Шу билан бирга, 2026 йил 1-январь ҳолатига TBC Bank, Ипотека банки, Hayot Bank, Octobank, Uzum bank, AVO ва Openbank каби бир қатор банклар факторинг хизматларини ҳали кўрсатмаяпти.

Аввалроқ факторинг ташкилотларига ҳам исломий молия хизматларини кўрсатишга рухсат берилгани тўғрисида хабар берган эдик.
