Ипотека кредитлари бўйича субсиялар тўлашнинг мақсадли кўрсаткичлари доирасида аризалар қабул қилиш жорий йилнинг 16 март куни соат 14:00 да бошланади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар бермоқда.
Ипотека кредитлари бўйича субсидия олишда ариза берувчи ижтимоий мезонлар асосида баҳолаш натижасига кўра 30 ва ундан юқори балл тўплаши ҳамда кредит тарихи дастурда иштирок этувчи камида битта тижорат банкининг ички талабларига мос бўлиши талаб этилади.
Бунда ариза берувчида, шу жумладан, унинг турмуш ўртоғининг номида республиканинг барча ҳудудлари миқёсида мулк ҳуқуқи билан турар жой мавжуд бўлмаслиги, шунингдек, ўртача ойлик даромади миқдори белгиланган ижтимоий мезонлар доирасида бўлиши лозим.
Субсидия олиш учун қуйидаги усуллар орқали ариза топшириш мумкин.:
- Давлат хизматлари марказларига бевосита мурожаат қилиш;
- myGov мобил иловаси орқали;
- my.gov.uz портали орқали.
Ариза берувчи томонидан ариза топшириш (баҳолаш) даврида OneID тизимида шахсга доир маълумотларни бошқариш панели орқали иштирок этувчи тижорат банкларига кредит тарихини баҳолаш мақсадида тегишли маълумотлардан фойдаланиш учун рухсат берилган бўлиши лозим. Шунингдек, кредит тарихини олишга чеклов вақтинча ўрнатилмаган бўлиши керак. Акс ҳолда, ариза берувчининг кредит тарихини ўрганиш имконияти чекланиб, унинг аризаси рад этилишига сабаб бўлади.
Ҳарбий тузилмалар ходимлари бевосита давлат хизматлари марказига мурожаат қилган ҳолда ариза топширишлари мумкин.
Ариза берувчининг кредит тарихи тижорат банкларининг ички қоидаларига мувофиқлигини баҳолаш орқали субсидияли ипотека кредитларини ажратиш дастурида иштирок этувчи тижорат банкларининг рўйхати:
- “Агробанк” АТБ
- “Алоқабанк” АТБ
- “Асакабанк” АЖ
- “Asia Alliance Bank” АТБ
- “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ
- “Hamkorbank” АТБ
- “Ипак йўли” АИТБ
- “Ипотекабанк” ОТП Груп
- “Микрокредитбанк” АТБ
- “Ориент Финанс” ХАТБ
- “Трастбанк” ХАБ
- “Туронбанк” АТБ
- АТ “Халқ банки”
- “Ўзмиллийбанк” АЖ
- “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилдан давлат дастури асосида тақдим этиладиган ипотека кредитининг миқдори оширилди. Битта квартира учун ажратиладиган ипотека кредитларининг миқдори Тошкент шаҳрида 480 млн сўм, ҳудудларда эса 380 млн сўм этиб белгиланди.
Аввалроқ Ипотека кредитлари ажратиш тизими такомиллаштирилиши ҳақида хабар берган эдик.
