“Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–29-сон, 24.02.2026 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури (Ипотека дастури) доирасида кўп квартирали уйлардаги хонадонларни сотиб олиш учун субсидия ажратиладиган фуқароларнинг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини баҳолаш жараёни “subsidiya.idm.uz” дастурий таъминот тизими орқали автоматлаштирилган ҳолда инсон омилисиз амалга оширилади.
2026 йил 1 апрелдан бюджет ресурслари ҳисобидан ипотека кредитлари расмий даромад оладиган фуқаролар, шунингдек, жорий йилда охирги 1 йиллик, 2027 йилда охирги 2 йиллик ва 2028 йилдан бошлаб охирги 3 йиллик давр ичида ихтиёрий равишда ижтимоий солиқни тўлиқ тўлаган ўзини ўзи банд қилган шахсларга ажратилади.
2026 йилда "Янги Ўзбекистон" ва бошқа массивларда кўп квартирали уйларни барпо қилишда иштирок этадиган қурилиш ташкилотларини айланма маблағлар билан таъминлаш учун тижорат банклари томонидан жами 3,8 трлн сўм, шу жумладан, "Янги Ўзбекистон" массивлари учун Давлат бюджетидан 600 млрд сўм миқдоридаги маблағлар йўналтирилади.
Ҳужжат билан белгиланган асосий вазифалар:
Ипотека омонати жорий этилади
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банкнинг 2026 йил 1 июлдан бошлаб йил якунига қадар илғор хорижий тажрибалар асосида аҳолининг вақтинча бўш турган пул маблағлари ҳисобидан уй-жой сотиб олинишини рағбатлантириш учун Ипотека дастури доирасида ажратиладиган ипотека кредитлари бўйича мақсадли ипотека омонати (кейинги ўринларда ипотека омонати) амалиётини тажриба-синов тариқасида жорий этилади.
Ипотека кредитларини қайта молиялаштириш ставкаси оширилади
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ипотека кредитларини қайта молиялаштиришнинг энг кўп миқдорлари 15 фоизга оширилади.
"Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси" АЖ устав капитали оширилади
"Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси" АЖнинг устав капиталини 2030 йилга қадар Давлат бюджети ва тижорат банклари маблағлари ҳисобидан 5 трлн сўмга етказилади. Бунда Компания устав капиталини ошириш учун тижорат банклари ва халқаро молия институтлари маблағларини тўғридан-тўғри жалб қилиш орқали давлат улуши 25 фоизгача қисқартирилади.
Инвестиция компаниялари ташкил этилади
“Toshkent Invest kompaniyasi” АЖ ва “Samarqand Invest kompaniyasi” АЖ тажрибаси асосида акциядорлик жамияти шаклида инвестиция компаниялари (Инвестиция компаниялари) ташкил этилади. Инвестиция компаниялари тадбиркорлар ва давлат органлари ўртасида кўприк вазифасини бажаради.
Шунингдек, Фармонда белгиланишича, ипотека кредити асосида сотиб олинган уйга фуқароларни ушбу уй эгаси аризаси ва гаровга олувчининг (банкнинг) розилиги асосида яшаш жойи ва турган жой бўйича рўйхатдан ўтказишга рухсат берилади.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йилдан давлат дастури асосида тақдим этиладиган ипотека кредитининг миқдори оширилди. Битта квартира учун ажратиладиган ипотека кредитларининг миқдори Тошкент шаҳрида 480 млн сўм, ҳудудларда эса 380 млн сўм этиб белгиланди.
