Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилдаги устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури тўғрисидаги Фармони лойиҳаси эълон қилинди. Фармонда кредитлашга оид айрим кўрсатмалар келтириб ўтилган.
Жумладан, электромобиль сотиб олишни рағбатлантириш учун аҳолига 12 ва 16 фоизли кредитлар ажратиш тартибини жорий этиш белгиланмоқда. Биринчи босқичда аҳолига 41 мингта электромобиль хариди учун тегишинча 12 ва 16 фоизли кредит маблағлари ажратилади.
Бунда электромобилларни сотиб олиш учун ажратиладиган банк кредитлари фоизларининг ошган қисми тижорат банкларига Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Шунингдек, электромобилларни қувватлаш станцияларини ташкил қилиш учун тадбиркорларга 10 фоизли мақсадли кредитлар ажратилади, “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ ҳисобидан молиялаштириш амалиёти йўлга қўйилади.
Энергия самарадорлиги тадбирлари учун ажратиладиган кредитлар ставкасининг 18 фоиздан ошган қисми, бироқ 6 фоизлик банддан ошмаган миқдорда тижорат банкларига қоплаб берилади.
Бундан ташқари, давлат дастури асосида тақдим этиладиган ипотека кредитининг миқдори оширилади. Битта квартира учун ажратиладиган ипотека кредитларининг миқдори Тошкент шаҳрида 480 млн сўм, ҳудудларда эса 380 млн сўм этиб белгиланади.
Маълумот учун, Президентнинг Олий Мажлисга ва халққа мурожаатномасида битта квартира учун ажратиладиган имтиёзли ипотека кредитининг миқдори 15 фоизга оширилиши айтиб ўтилган эди.
2026 йилда жами 23 трлн сўм ипотека кредитлари ажратилади, шундан, Давлат бюджетидан 12,2 трлн сўм, банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 7,8 трлн сўм ва “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖ ҳисобидан 3 трлн сўм йўналтирилади. Ипотека кредитлари бўйича субсидиялар 2,7 трлн сўмга етказилади.
Жорий йилда тижорат банклари томонидан аҳолига жами 125 трлн сўмлик истеъмол кредитлари йўналтирилишини таъминлаш кўзда тутилган.
