Қозоғистон банкларининг соф фойдаси 2025 йил якуни бўйича 6,7 фоизга ўсиб, 2,7 трлн тенгени (2025 йилда Қозоғистонда кузатилган ўртача курс бўйича 5,2 млрд доллар) ташкил этди. Бу Ўзбекистон банкларининг соф фойдасидан 4,3 баробарга кўпроқдир.
Банклар соф фойдасининг ярмидан кўпи (66 фоизи) учта молия ташкилоти ҳиссасига тўғри келади. Halyk Bank’нинг кўрсаткичи 15,6 фоизга ошиб, 976,8 млрд тенгени (1 млрд 873 млн доллар) ташкил қилди. Бу барча банкларнинг умумий натижасининг учдан бир қисмидан (36,1 фоиз) ортиқдир.
Каспи Банк фойдаси 7,6 фоизга ўсиб, 571,5 млрд тенгени (1,09 млрд доллар), Банк ЦентрКредитнинг кўрсаткичи 23 фоизга ошиб, 240,1 млрд тенгени (460 млн доллар) ташкил этди.
Энг юқори ўсиш суръатларидан бирини Bereke Bank кўрсатган. Унинг соф фойдаси беш бараварга ошиб, 59,5 млрд тенгега (114 млн доллар) етган. Фойданинг рекорд ўсиши Заман Банкда қайд этилди — 21,5 бараварлик ўсиш билан 4,4 млрд тенге (8,4 млн доллар) соф фойда олди.
Шунингдек, йил давомида Қозоғистон банклари активлари 15 фоизга ўсиб, 70,8 трлн тенгега (13,6 млрд доллар) етди. 2025 йилда банк сектори ўсишининг асосий драйвери кредитлаш бўлди.
2025 йилда Қозоғистон банклари соф фойдаси ошганига қарамай, йиллик ўсиш суръати 2,5 бараварга камайган (бир йил олдин 17 фоизга ўсиш бўлган).
Эслатиб ўтамиз,аввалроқ Россия банкларининг йиллик соф фойдаси қарийб 8 фоизга камайгани ҳақида хабар берган эдик. 2025 йил якунларига кўра, Россия банкларининг жами соф фойдаси 3,5 трлн рубль (42 млрд доллар)ни ташкил қилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон банкларининг сой фойдаси 2025 йилда 1,2 млрд долларни ташкил этди. Соф фойданинг йиллик ўсиши +122,5 фоизга кўп бўлган.
