2025 йил якунларига кўра, Россия банклари 3,5 трлн рубль (42 млрд доллар: Россияда ўтган йилда долларнинг ўртача курси 83,2108 рублни ташкил этган) соф фойда кўрди. Бу ўтган йилга нисбатан 7,9 фоизга камроқдир. Бу ҳақда Россия Марказий банки (Банк России) ҳисоботида маълумот берилди.
2024 йилда Россиядаги банклар 3,8 трлн рубль миқдорида рекорд даражада соф фойда олган эди. 2025 йил натижалари пастроқ бўлишига қарамай Марказий банк прогнози доирасида шакллангани айтилмоқда.
Марказий банк ҳисоботида келтирилишича, 2025 йилдаги молиявий натижанинг заифлиги кредитлар бўйича риск қийматининг ошиши билан боғлиқ.
2025 йилда ипотека портфели 2024 йилдаги 10,9 фоизга нисбатан 9 фоизга ўсди. Берилган кредитлар ҳажми 4,5 трлн рублни ташкил этди — бу 2024 йилга (4,9 трлн рубль) нисбатан 10 фоизга кам. Шу билан бирга, капитал рентабеллиги (ROE) тармоқ бўйича ўртача ҳисобда 2024 йилдаги 23 фоиздан 18 фоизгача пасайган.
Таъминланмаган истеъмол кредитлари портфели 2024 йилда 11,3 фоизга ўсганидан кейин, 2025 йилда 4,6 фоизга камайиб кетган. Регулятор буни юқори ставкалар ва банклар томонидан тўлов стандартларининг қатъийлаштирилиши билан изоҳлаган.
Бундан ташқари, автокредитлашнинг ўсиш суръати 2024 йилдаги 51,7 фоизга нисбатан 17,5 фоизгача секинлашган. Банкларнинг корпоратив портфели 2025 йилда 11,2 трлн рублга ошиб, 102,8 трлн рублни ташкил этди. Бу 2024 йилдаги ўсиш кўрсаткичидан 18,1 фоизга паст.
2025 йилда аҳолининг банклардаги маблағлари 16,2 фоизга ёки 9,5 трлн рублга ошиб, 67 трлн рублни ташкил этган. Россия Марказий банки ўсишни етарлича кучли деб атаган, гарчи у омонатлар бўйича жуда юқори ставкалар фонида 2024 йилдаги рекорд даражадаги 27,7 фоиздан (+12,5 трлн рубль) паст бўлган бўлса ҳам.
Таққослаш учун, 2025 йилда Ўзбекистон банкларининг соф фойдаси 2,2 баробарга (+122,5 фоизга ошиб, 15,5 трлн сўм (1,2 млрд доллар) ни ташкил этган эди.
