15 январда лицензияси чақириб олинган Yangi bank омонатчиларига компенсация тўлаш бўйича агент-банк сифатида Бизнесни ривожлантириш банки танланди. Бу ҳақда Омонатларни кафолатлаш агентлиги хабар бермоқда.
Компенсация тўловлари омонатчилар реестри асосида ўрнатилган тартибда идентификациядан ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Аҳоли омонатлари BRB мобил иловаси ёрдамида онлайн тарзда бошқа банк картасига ўтказиш ёки банк бўлинмаларига (банк хизматлари марказларига) мурожаат қилган ҳолда нақд пул шаклида берилади.
Жисмоний шахслар учун BRB мобил иловаси орқали компенсация олиш 3 та босқичли ҳаракатлар билан амалга оширилади:
Рўйхатдан ўтиш:
- Google market ёки AppStore орқали иловани юклаб олади;
- Телефон рақамини киритади ва паролни танлайди;
- Телефон рақамига келган тасдиқлаш кодини киритиб, рўйхатдан ўтади;
MyID тизимидан идентификациядан ўтиш:
- Паспорт (ID карта) рақами ва туғилган санасини киритади;
- Юзни белгиланган майдон ичида бўлишини таъминлаш зарур;
- Идентификация жараёни якунланишини кутади;
Компенсация маблағларини олиш:
- BRB мобил иловасининг тегишли бўлимига (banner) киради;
- Омонатчи реестридаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишади;
- Омонат ҳисобварағини очиш учун идентификациядан ўтажиг ва компенсация маблағларини омонат ҳисобварағига туширади;
- Омонат ҳисобварағига тушган компенсация маблағларини ўрнатилган тартибда олади.
ЯТТ ва юридик шахслар эса агент-банкнинг БХМларига мурожаат қилган ҳолда ушбу банкда ҳисобварақ очиш орқали ёки бошқа банкдаги ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан амалга оширилади.

Фото: Омонатларни кафолатлаш фонди
Компенсация тўловларини бошлаш санаси ҳозирча аниқ эмас. Тахминан 28 январдан бошланиши кутилмоқда.
Тегишли саволларни Омонатларни кафолатлаш агентлиги (555-500-500) ёки Бизнесни ривожлантириш банки (1254) ишонч телефонига юбориш мумкин.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жами мавжуд 32 526 нафар омонатчиларнинг 32 153 тасига кафолатланган омонат суммалари тўлиқ қайтариб берилади (омонатлар тўлаб берилиши бўйича аниқ ҳисоб-китоблар Омонатларни кафолатлаш агентлиги томонидан эълон қилинади), 373 нафар фуқаро бўйича эса кафолатланган омонат маблағларидан қолган қисми тугатиш комиссиясининг қарорига кўра қонунчиликда белгиланган тартибда қайтарилади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил кузида лицензияси чақириб олинган Туркистонбанк ва Hi-Tech bank омонатчилари учун компенсация тўлашда Бизнесни ривожлантириш банки (ўша вақтдаги номи Қишлоқ қурилиш банки) агент-банк сифатида танланган эди.
