2025 йилда банклардаги муаммоли кредитлар 3,1 трлн сўмга камайди — таҳлил

22.01.2026 07:50

402

2025 йил давомида Ўзбекистон банклардаги жами муаммоли кредитлар 3 трлн 130 млрд сўмга камайиб, уларнинг жами қолдиғи қарийб 18,1 трлн сўмни ташкил қилди. Кредит портфелидаги NPL улуши йил бошидаги 3,97 фоиздан йил якунига келиб 2,99 фоизгача пасайган.

Иллюстратив фото: Bankers.uz

Марказий банк 2026 йил 1 январь ҳолатига Ўзбекистондаги тижорат банкларининг кредит портфели ҳажми ҳамда улардаги муаммоли кредитлар (NPL) миқдори ва улуши тўғрисида маълумотларни тақдим этди.

2025 йилда Ўзбекистон тижорат банкларининг кредит портфели 70,9 трлн сўмга ёки 13 фоизга ортди. Натижада, йил якунига келиб, банкларнинг кредит портфели 604,0 трлн сўмни ташкил қилди.

Банкларнинг кредит портфели ўзгариши ҳақида ушбу ҳаволадаги материалда батафсил ўқишингиз мумкин.

Банк тизимидаги жами муаммоли кредитлар ҳажми 2025 йил давомида 3 трлн 130 млрд сўмга камайди ва йил якунига келиб, NPL умумий қолдиғи 18 трлн 55 млрд сўмни ташкил қилди. Муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши йил бошида 3,97 фоизни ташкил қилган бўлса, йил якунига келиб ушбу кўрсаткич 2,99 фоизгача пасайди.

Давлат банклари

Давлат банкларида муаммоли кредитлар ҳажми йил бошига нисбатан 1 трлн 509 млрд сўмга камайди. 6 та давлат банкида муаммоли кредитлар камайган бўлса, 3 тасида ортган. Сезиларли пасайиш БРБ (-805 млрд сўм), Ўзмиллийбанк (-286 млрд сўм) ҳамда Асакабанк (-251 млрд сўм) ларда кузатилган.

Алоқабанк (+235 млрд сўм), Турон банк (+135 млрд сўм) ва Микрокредитбанк (+90 млрд сўм) ларда NPL миқдори ортган.

Бошқа банклар

Бошқа банкларда муаммоли кредитлар ҳажми йил бошига нисбатан 1 трлн 620 млрд сўмга камайган. NPL улуши эса, йил бошидаги 4,11 фоиздан 2,62 фоизгача пасайган.

Йил давомида бутун банк тизимида NPL'нинг кескин пасайишига Ипотека-банк энг катта ҳисса қўшан: -2,3 трлн сўм. Бундан ташқари Капиталбанк (-416 млрд сўм), Hamkorbank (-126 млрд сўм) да ҳам муаммоли кредитлар камайган.

TBC Bank (+431 млрд сўм), Anorbank (+312 млрд сўм) ва 2025 йилда кредит портфели кескин ўсган Hayot Bank (+186 млрд сўм) да муаммоли кредитлар миқдори бошқаларга қараганда сезиларли ошган.

2024 йил якунида муаммоли кредитлар улуши 2 хонали бўлган банкларнинг ҳаммаси ўтган йили бу улушни 1 хонали рақамгача пасайтирган: Мадад Инвест банк (24,15% дан 0,62% гача), Гарант банк (14,77% дан 4,92% гача), AVO Bank (12,54% дан 8,17% гача), Ипотека-банк (10,19% дан 3,55% гача).

Йил давомида Пойтахт банкнинг 69 млрд сўм (ёки портфелининг 24,4%) кредити муаммога айланган.

Барча банклар бўйича батафсил солиштирма жадвал қуйида берилган:

Манба: Марказий банк маълумотлари

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда банклардаги муаммоли кредитлар йил бошига нисбатан 4,5 трлн сўмга кўпайган эди.








Теглар:

#NPL#муаммоли_кредитлар

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган