2024 йилда банклардаги муаммоли кредитлар 4,5 трлн сўмга кўпайди — таҳлил

24.01.2025 20:08

422

2024 йил давомида Ўзбекистон банклардаги жами муаммоли кредитлар 4 трлн 564 млрд сўмга ёки 27,5 фоизга кўпайиб, уларнинг жами қолдиғи қарийб 21,2 трлн сўмга етди. Кредит портфелидаги NPL улуши йил бошидаги 3,5 фоиздан йил якунига келиб 4 фоизга яқинлашди.

Фото: Bankers.uz

Марказий банк Ўзбеистондаги тижорат банкларининг кредит портфели ҳажми ҳамда улардаги муаммоли кредитлар (NPL) миқдори ва улуши тўғрисида маълумотларни тақдим этди.

Аввал хабар берилганидек, 2024 йилда Ўзбекистон тижорат банкларининг кредит портфели 61,7 трлн сўмга ёки 13 фоизга ортди. Натижада, йил якунига келиб, банкларнинг кредит портфели 533,1 трлн сўмни ташкил қилди.

Банкларнинг кредит портфели ўзгариши ҳақида ушбу ҳаволадаги материалда батафсил ўқишингиз мумкин.

Банк тизимидаги жами муаммоли кредитлар ҳажми 2024 йил давомида 4 трлн 564 млрд сўмга ошди ва йил якунига келиб, NPL умумий қолдиғи 21 трлн 185 млрд сўмга етди. Муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши йил бошида 3,53 фоизни ташкил қилган бўлса, йил якунига келиб ушбу кўрсаткич 3,97 фоизга етган.

Давлат банклари

Давлат банкларида муаммоли кредитлар ҳажми йил бошига нисбатан 1 трлн 77 млрд сўмга ортган. Мазкур банклардан фақат Халқ банки муаммоли кредитларини сезиларли - 601 млрд сўмга, портфелдаги улушини 7,6 фоиздан 4,2 фоизга камайтиришга эришган. Микрокредитбанк ва Бизнесни ривожлантириш банкларида ҳам NPL бироз камайган.

Агробанк (+832 млрд сўм), Ўзсаноатқурилишбанк (+561 млрд сўм) ва Ўзмиллийбанк (+177 млрд сўм)ларда NPL миқдори бошқа давлат банкларига қараганда жадалроқ ўсган.

Бошқа банклар

Бошқа банкларда муаммоли кредитлар ҳажми йил бошига нисбатан 3 трлн 487 млрд сўмга ошган. NPL улуши эса, йил бошидаги 2,43 фоиздан 4,12 фоизгача кўтарилган.

Йил давомида NPL'нинг кескин ошиши асосан иккита банк — Ипотека банк (+1 трлн 844 млрд сўм) ҳамда Капиталбанк (+1 трлн 61 млрд сўм)да кузатилган. Шунингдек, Hamkorbank (+219 млрд сўм), Anorbank (+104 млрд), Давр банк (+102 млрд сўм), Трастбанк (+95 млрд сўм) ва TBC Bank (+87 млрд сўм) ларда муаммоли кредитлар бошқаларга қараганда сезиларли ошган.

Октобанк йил давомида 212 млрд сўмлик муаммоли кредитларидан тўлиқ халос бўлгани эътиборга молик.

Барча банклар бўйича батафсил солиштирма жадвал қуйида берилган:

Манба: Марказий банк маълумотлари

Аввалроқ, 2024 йилда Ўзбекистон банкларининг жами кредит портфели 61,7 трлн сўмга ёки 13 фоизга ўсгани ҳақида хабар берган эдик.

Теглар:

#NPL#муаммоли_кредитлар

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган