“Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга ўзгартиришлар киритилмоқда

20.01.2026 15:17

595

Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон ҳудудида мажбурий тарзда сақланиши лозим бўлган шахсга доир маълумотлар турлари аниқ белгиланмоқда. Бу орқали Ўзбекистонда Apple Pay ва Google Pay каби халқаро тўлов тўлов воситалари фаолияти йўлга қўйилишига имконият яратилади.

Фото: Energo-budownictwo.pl

Қонунчилик палатасида 20 январь куни “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата ахборот хизмати маълум қилди.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон ҳудудида мажбурий тарзда сақланиши лозим бўлган шахсга доир маълумотлар турларини аниқ белгилашни назарда тутади. Шунингдек, айрим маълумотларни чет элда қайта ишлаш ва сақлаш учун хавфсизлик, халқаро стандартларга риоя этиш ва ваколатли орган талабларини бажариш каби шартларни жорий этиш таклиф этилмоқда.

Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар улушини ошириш, шунингдек, сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини кенгайтиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнлар замонавий рақамли тўлов тизимларини жорий этиш ва халқаро онлайн тўлов компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтиришни тақозо этмоқда.

Мажлисда ушбу ўзгартиришлар орқали халқаро тўлов тизимларини мамлакатимизга жалб қилиш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, рақамли хизматлар бозорини кенгайтириш ҳамда фуқаролар ва сайёҳлар учун замонавий тўлов имкониятларини яратишга хизмат қилиши қайд этилди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил октябрь ойида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан 2024 йил якунига қадар Ўзбекистонда Paypal, Alipay, UniPay, Apple Pay ва Google Pay тўлов воситалари фаолияти йўлга қўйилиши белгиланган эди.

Ўтган йилнинг август ойида TBC Uzbekistan бош директори Ника Курдиани Apple Pay ва Google Pay булутли хизматларни чекловчи шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун туфайли Ўзбекистон бозорига кира олмаётганини қайд этганди.

2025 йилнинг 20 декабрь куни Шавкат Мирзиёевнинг етакчи тадбиркорлар билан учрашувида TBC Group вакили Оливер Хьюз шахсга доир маълумотлар ҳамда банк маълумотларини Cloud’да сақлашга рухсат бериш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш таклифини илгари сурганди. Президент бу масала жиддий эканлигини айтиб, мутасаддиларга масалани ўрганиб кўриш бўйича топшириқ берган эди.

Президент Мирзиёевнинг 2025 йил ноябрь ойида АҚШга амалий ташрифи давомида “Google”, “Meta”, “NVIDIA” компаниялари билан рақамли ҳамкорлик кенгаяётгани, Apple Pay ва Google Pay тўлов тизимларини жорий этиш, Рақамли академия ва стартап-хаблар тармоғини яратиш режалаштирилаётгани айтилди. Бундай лойиҳаларни илгари суриш ва молиявий қўллаб-қувватлаш учун DFC корпорацияси ҳамда АҚШ Эксимбанки жалб қилиниши маълум қилинди.


Теглар:

#шахсга_доир_маълумотлар#қонунчилик#paypal#applepay#google_pay

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган